20:00 09.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР, УСТУВОР ВАЗИФАЛАР

Ўтган ҳафтада мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Олий Мажлис Конунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда давра суҳбатлари ўтказган эди.
Учрашувларда иккита қонун лойиҳаси — янги таҳрирдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ҳамда мазкур қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қушимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаларининг концептуал асослари ҳақида маълумотлар берилди.
Тадбирларда депутатлар билан бирга, Адлия, Молия вазирликлари, Марказий банк ва тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси, Давлат солиқ, божхона қўмиталари, акциядорлик жамиятларининг вакиллари, тадбиркорлар, фермерлар ва экспертлар қатнашди.
Қайд этиш жоизки, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғисида”ги Қонунни танқидий қайта кўриб, янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласи илгари сурилган эди. Унда корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини ошириш масаласини аниқ белгилаш назарда тутилган.
Концепция доирасида тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси айни чоғда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганилмоқда. Яқинда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасида барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлик гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ўтказилган тадбирлар давомида қўмита ишчи гуруҳига кўплаб таклиф ва тавсиялар тақдим этилди. Ҳафта якунида эса пойтахтимизда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти акциядорлик жамиятлари вакиллари иштирокида ташкил этилган давра суҳбати эса жойларда бўлиб ўтган тадбирлар якунига бағишланди.
Иштирокчилар фикрича, қонун лойиҳаси амалдаги қонун нормаларини аниқлаштириш асосида мамлакатимизда корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантириш, акциядорлик жамиятларининг бошқарув ва назорат органлари роли ва аҳамиятини ошириш, шунингдек, акциядорлар ва потенциал инвесторлар учун акциядорлик жамиятининг фаолияти тўғрисидаги ахборотлар ошкоралигини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Тадбирда акциядорлик жамиятларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш ҳамда акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратилиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича зарур таклиф ва тавсиялар берилди.
* * *
Олий Мажлис Конунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ўтказилган яна бир давра суҳбатида Ўзбекистонда чет эл инвесторларига яратилган имтиёз ва кафолатлар хусусида сўз юритилди. Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, соҳага дахлдор вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Адлия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирликлари ҳамда Савдо-саноат палатаси вакилларининг маърузалари тингланди. Хусусан, чет эл инвесторларига қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, солиқ органлари ва бошқа назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларини соддалаштириш, улар учун ташқи савдо операцияларини расмийлаштириш бўйича амалга оширилаётган вазифалар хусусида сўз борди.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, мамлакатимизда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарга имтиёз ва преференцияларни белгилаб берадиган қонунчилик тизими яратилган бўлиб, бугунги кунда хорижий сармоялар жалб қилинишининг кўлами кенгайиб бораётир. Чунончи, "Чет эл инвестициялари тўғрисида"ги, "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги, "Инвестиция фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Президентимизнинг хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини рағбатлантириш, хорижий сармоялари бўлган корхоналар ишлаб чиқарадиган маҳсулот экспортини, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид фармонлари соҳа ривожида муҳим дастуриламал бўлмокда.
Давра суҳбати иштирокчилари давлатимиз раҳбарининг фармонлари билан "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зонаси, Ангрен ва Жиззахда ташкил этилган махсус индустриал зоналарига берилган имтиёзларга асосий эътибор қаратишди.
Бундай қўшимча имтиёз ва преференциялар юртимизда инвестициялар, жумладан, хорижий инвестициялар жалб этишни янада мустаҳкамлайди.
Тадбир якунида депутатлар, соҳа мутахассислари ҳамда экспертлар томонидан жойларда яратилган имтиёз, преференцияларни ва шароитларни янада самарали тарғиб қилиш бўйича уз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Зиёда АШУРОВА,"Халқ сўзи" газетаси2013 йил 9 июль, №132 (5806) 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме