01:00 05.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

“ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА” ЛОЙИҲАСИ – ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАРНИНГ ТАШАББУСКОРИ

O‘zLiDeP томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг Тошкент шаҳар босқичи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Маънавият ва маърифат марказида ташкил этилди. Икки кунлик ўқувлар давомида ёшларга Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси, ОАТБ “Микрокредитбанк” Амалиёт бошқармаси, ОАТБ “Асака банк” Тошкент шаҳар филиали ҳамда АТИБ “Ипотекабанк” Тошкент шаҳар филиали, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан зарур билим ва кўникмалар берилди. Шунингдек, ёшлар гуруҳларга бўлинган ҳолда тижорат банкларининг масъул ходимлари иштирокида семинар-тренинглар ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар ўз бизнес режаларини муҳокама қилдилар.
Жорий йилнинг 15 мартдан 15 апрелга қадар лойиҳанинг туман босқичларида 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этиб, улардан 50 нафари шаҳар босқичига саралаб олинди.
– “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг салмоғи йилдан-йилга ошиб боряпти, – дейди O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров. – 2013 йилда лойиҳада қатнашган 20 нафар битирувчи ёшлар 337 млн. 900 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесларини ташкил этишга эришди. Натижада 100 га яқин янги иш ўринлари ташкил этилди. Замонавий фикрлай оладиган, билимли, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир баркамол авлодни тарбиялаш, уларда тадбиркорлик маданиятини шакллантириш партиянинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Айнан шу мақсаддан келиб чиқиб, партия бир қатор тижорат банклари билан ҳамкорликда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, ўз бизнесларини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитларни яратишга ёрдам бериб келмоқда. Зеро, ёшлар салоҳиятини ривожлантириш, бу келажакка сармоя киритиш, демакдир.
Бизнес режасида кумуш билан ионланган бўёқни ишлаб чиқаришни таклиф этаётган лойиҳа қатнашчиси Ўзбекистон Миллий университети иқтисодиёт факультети талабаси Оксана Тагаева унинг бир қатор афзалликларини келтириб ўтмоқда. Жумладан, ушбу бўёқ ҳавода мавжуд бактерияларни йўқотадиган – дизенфекциялаш хусусиятига эга бўлиб, ундан барча тиббиёт масканлари ва мактабгача таълим муассасаларида самарали фойдаланиш мумкин.
Аҳолимиз соғлигини сақлаш йўлида ўзининг ҳиссасини қўшмоқчи бўлаётган Тошкент давлат шарқшунослик институти хорижий мамлакатлар иқтисодиёти факультети талабаси Анасхон Игамов интернетда “Onlayn Doktor” тизимини жорий этиш бўйича ўзининг бизнес режасини ишлаб чиққан. Ғоя муаллифининг фикрича, режанинг амалиётга жорий этилиши фуқароларимиз соғлиғини тиклаш билан бирга уларни ижтимоий ҳаётда янада фаол ва ташаббускор бўлишларига хизмат қилади.
Умуман олганда бу йилги лойиҳага тақдим этилаётган бизнес режалар ўзининг инновацион ғояларга бойлиги билан олдингиларидан фарқ қилади.
Мазкур лойиҳанинг энг самарали томони шундаки, унинг иштирокчилари ўз бизнесларини йўлга қўйиш билан бирга, ўзлари каби ёшларни ҳам иш билан таъминлаш имкониятига эга бўлмоқдаларки, бу лойиҳанинг мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшаётганидан далолат беради.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме