16:30 02.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА ИЛДАМ ҚАДАМЛАР
“Диплом билан бизнесга-2014” лойиҳасининг Жиззах шаҳри босқичи доирасида Жиззах давлат педагогика институти ҳузуридаги 2-академик лицейда ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда иштирокчиларга тадбиркорлик лойиҳаларини банклар орқали молиялашнинг ҳуқуқий асослари, кредитларни расмийлаштириш жараёнлари ва шарт-шароитлари, кичик бизнес вакиллари учун солиқлар ва солиқ имтиёзлари, тадбиркорлик асослари, суғурталаш жараёнлари, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиблари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
- Бу йилги “Диплом билан бизнесга” лойиҳасида мебель ишлаб чиқариш бўйича тузилган бизнес режам билан қатнашяпман, - дейди Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси Жаҳонгир Ғаниев. - Ўқув семинарида биз бизнес лойиҳаларимизни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган кўплаб билимларга эга бўлдик. Умуман, партия лойиҳалари биз ёшларга ўз бизнесимизни йўлга қўйишда қулай имконият яратиб бермоқда.
Семинар давомида битирувчиларнинг тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқиши, билим даражаси, соҳага тааллуқли бўлган келажакдаги режаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Умуман, “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг шаҳар босқичида олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларининг 42 нафар битирувчиси ўзининг қандолатчилик, кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, сервис ва қишлоқ хўжалиги, асаларичилик соҳасини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан бизнес режалари билан иштирок этди.
Айтиш жоизки, 2013 йилда “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг вилоят босқичи доирасида ташкил этилган ўқув семинарида 612 нафар битирувчи иштирок этганди. Уларнинг 59 нафарига 246 миллион 360 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилган ва натижада юзга яқин янги иш ўрни яратилганди.
- Ўтган йили “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг вилоят босқичида иссиқхона фаолиятини ташкил қилиш бўйича ишлаб чиқилган бизнес режам билан қатнашиб, банкдан 5 миллион сўм кредит олишга эришгандим, - дейди Жиззах шаҳридаги коллежни тамомлаб, мустақил бизнес фаолиятини бошлаган Мадина Ихтиёрова. - Ҳозир иссиқхонамизда лимон, апельсин, мандарин етиштирамиз. O‘zLiDePнинг мазкур лойиҳаси ўз тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш учун қулай имконият яратиб берди ва ўз тенгдошларимдан 2 нафарини иш билан таъминладим.
Лойиҳанинг Жиззах шаҳри босқичида қатнашган битирувчилардан 10 нафари вилоят босқичида иштирок этиш учун танлаб олинди.
Олим НОРЖИГИТОВ,O‘zLiDeP Жиззах вилоят КенгашиЁшлар билан ишлаш бўлими мудири
Обсудить новость на Форуме