13:17 11.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

“ДИПЛОМ БИЛАН БИЗНЕСГА – 2014” ЛОЙИҲАСИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

O‘zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши томонидан “Диплом билан бизнесга – 2014” лойиҳаси доирасидаги ўқув-семинарнинг вилоят босқичи ўтказилди.

Мазкур тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси масъул ходимлари, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси, ДАТБ “Асака” ва ОАТБ “Микрокредитбанк” Тошкент вилоят бошқармалари, АТИБ “Ипотека банк” Тошкент вилоят филиали, Қибрай тумани ҳокимлигининг мутасадди вакиллари ҳамда эксперт мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни барқарор ривожлантиришда банк-молия муассасалари томонидан амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар, тадбиркорлик лойиҳаларининг банклар орқали молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари ҳамда кредитларни расмийлаштириш жараёнлари ва шарт-шароитлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

“Диплом билан бизнесга” лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган ўқув-семинарлари ёшларни кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга, бизнес режа тузиш, уни техник-иқтисодий жиҳатдан асослаб беришга, соҳага оид ҳуқуқий билимларини оширишга катта ёрдам бермоқда дейди, – O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси масъул ходими Т.Салимов. – Машғулотларни интерфаол усулларда ўтказилгани нафақат иштирокчиларда, балки эксперт ва мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

– Ушбу лойиҳада қора мол терисини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиққан бизнес режам билан иштирок этиб, 50 млн. сўм кредит олиш имкониятини берувчи сертификатни қўлга киритдим, – дейди Олмалиқ шаҳридаги 3-сон академик леций ўқувчиси Эргашали Сулаймонов. – Келгусида шу йўналишда ўз бизнесимни йўлга қўймоқчиман. Мақсадим мамлакатимизда табиий чарм маҳсулотлари импортини камайтириб, аҳолимизни чарм маҳсулотларидан тайёрланган кийим-кечакларга бўлган эҳтиёжини қондиришга ўз ҳиссамни қўшишдан иборат. Режамга кўра дастлабки иш фаолиятимда 7-8 нафар тенгдошларимни иш билан таъминлайман.

Лойиҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналиши бўйича бизнес режаси билан иширок этиб, ғолибликни қўлга киритган Оҳангарон транспорт сервис касб ҳунар коллежи талабаси Миролим Пирназаров ҳам банкдан 5 млн. сўм кредит олиш имкониятини берувчи сертификатга эга бўлди.

O‘zLiDeP томонидан мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси тадбиркорликка қизиқувчи ёшларга ўз фаолиятларини муваффақиятли бошлаб олишлари учун катта имконият эшигини очиб бермоқда. Тошкент вилоятида ташкил этилган лойиҳанинг икки кунлик семинар-тренинг якунида ғолиб деб топилган 21 та бизнес режа эгаларига тижорат банклари томонидан кредит олишга йўлланмалар берилди.


O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме