20:00 18.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ: ҳоким ўринбосарининг ахбороти тингланди

O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Фарғона вилояти Фурқат тумани кенгашидаги депутатлик гуруҳида туман ҳокими ўринбосари Муқимжон Жўрабоевнинг озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳудудий дастури амалга оширилиши ҳақидаги ахбороти тингланди.  
Унда туманда мазкур ҳудудий дастурнинг амалга оширилиши, эришилган ютуқлар, бой берилган имкониятлар, қилиниши зарур бўлган ишлар хусусида батафсил мулоҳазалар юритилди. 
Умуман, O‘zLiDePдан сайланган депутатлар партия дастурий мақсадларини амалга ошириш, электоратнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида депутатлик назоратидан самарали фойдаланиб келмоқда. Жумладан, биргина 2013 йилда улар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш, шартнома мажбуриятларини бажариш масалаларини ўрганишга оид 131 та назорат-таҳлилий фаолият ташкил этилди. Жойлардаги ижроия ҳокимияти мансабдор шахсларининг 96 та эшитуви ўтказилди, 20 дан зиёд масала Халқ депутатлари Кенгашлари сессиялари кун тартибига киритилди. 
Ўтказилган ўрганишларда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ошириш, бозорларни барча аҳоли қатламлари учун ҳамёнбоп нархлардаги сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, ушбу соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш каби долзарб масалаларга асосий эътибор қаратилди. 
- Ҳозир мева-сабзавот маҳсулотларининг катта қисми хусусий секторда ишлаб чиқарилиб, аҳоли жон бошига сабзавот, мева ва узум истеъмол қилишнинг барқарор ўсиши кузатилмоқда, – дейди Фурқат туманидаги “Мингтилло” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари, партия фаоли Пўлатхон Йўлдошева.  - Экспертлар маълумотига кўра, сўнгги 10 йилда мамлакатимизда сабзавот етиштириш аҳоли жон бошига 2,2 баробардан зиёдга ошди. Бу МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бунинг натижасида куз ва қиш мавсумида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи деярли ўзгаришсиз қолаётир. 
O‘zLiDeP депутатлари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида  рақобатни кучайтириш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш, юртимиз мева-сабзавот маҳсулотларининг таъми бўйича устунлигидан фойдаланиш борасида тизимли ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлаб келади. 
Депутатлар мазкур вазифани амалда бажариш йўлида ҳам ўрнак кўрсатяпти. Хусусан, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни янада ошириш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқилди ва Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши сессиясида маъқулланди. 
“Дастур доирасида 156 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Фурқат туманида ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш бўйича 17 та лойиҳа кўзда тутилмоқда. Мазкур лойиҳаларнинг ижро этилиши туманда гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар ошириш, қўшимча 1300 дан зиёд янги иш ўрни яратиш, қорамол ва парранда сонини кўпайтириш имконини беради”, - дейди Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши депутати Нурали Ғаниев. 
Фермер-депутат-ижроия ҳокимияти шаклидаги бундай тадбирларни тизимли ташкил этиб бориш давлатимизнинг озиқ-овқат ва ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш, бозорларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшиш имконини беради.  O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме