02:15 19.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДЕПУТАТЛАР ГУРУҲИ ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши ва Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда “O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги гуруҳи фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди.
– Амалий семинарни ўтказишдан мақсад O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2013 йил 13 майдаги хати ижросини таъминлаш ҳамда O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги гуруҳи фаолияти самарадорлигини оширишдаги долзарб вазифаларни аниқлаб олишдан иборат, – дейди O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари М.Мирсаидов. – Шунингдек, O‘zLiDeP туман (шаҳар) кенгашлари аппарат раҳбарлари ҳамда ходимлари малакасини ошириш ҳамда бошланғич партия ташкилотлари иш фаолиятини янада ривожлантириш, БПТларни шакллантириш тартибларини такомиллаштириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Тадбирда сўзга чиққан XXI-asr ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири М.Абдураҳмонов пойтахт иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси улушини янада ошириш, молиявий-иқтисодий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолган корхоналарни соғломлаштириш билан боғлиқ ишларга кўмаклашиш учун мавжуд имкониятлардан янада тўлиқроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
“Корхоналарни соғломлаштириш билан боғлиқ ишларга кўмаклашиш мақсадида партия депутатлари томонидан давлат идораларига, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этишни жонлантириш ва аниқ натижаларга эришиш ҳамда оммавий ахборат воситаларини бу жараёнларга жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, депутатлар ва ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, улар амалга ошираётган ишлардан аҳолини хабардор қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим”, - деди М.Абдураҳмонов.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари ўринбосари Р.Саидов бугунги кунда мамлакатни модернизациялаш, демократик янгилаш ва сиёсий ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисми сайлов тизими эканига урғу берди.
Унинг сўзларига кўра, кейинги йилларда мазкур сиёсий жараён замонавийлик ва ривожланиш касб этмоқдаки, ўз навбатида, бу халқнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг кафолати бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Бу ўринда партиялар ўз имижини ошириш учун БПТлар фаолиятини аниқ мақсадларга йўналтириши талаб этилади. Депутатлик гуруҳлари ва БПТлар ҳамкорлигини кучайтириш эса жойлардаги мавжуд муаммоларни маҳаллий кенгашлар муҳокамасига олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.
Семинарда сўзга чиққанлар Тошкент шаҳридаги демографик жиҳатларни ҳисобга олиб, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, битирувчи ёшларни ишга жойлаштиришни алоҳида назоратга олиш масалаларига тўхталди.
Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида махсус депутатлик эшитувлари, назорати ва сўровлари йўналишида аниқ мақсадли ишларни олиб бориш таклифи ўртага ташланди. Тадбиркорликнинг бу турини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда партиянинг ҳар бир фаоли масъулият билан амалий ишларни қилиши кераклиги таъкидланди.
Баҳс-мунозарага бой ўтган тадбирда иштирокчилар томонидан берилган таклифлар умумлаштирилиб, хулосалар ишлаб чиқилди.
Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, O‘zLiDePнинг Тошкент шаҳри ва туманлар кенгашлари раҳбарлари, XXI-asr ижтимоий-сиёсий газетаси ходимлари иштирок этди.
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме