15:00 05.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДЕПУТАТЛАР ДОЛЗАРБ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚДИЛАР
4 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир, шунингдек Қонунчилик палатаси Кенгаши, сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳининг аввалги йиғилишлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун талаблари асосида ташкил этилди. Хусусан, сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи қонун лойиҳаларининг батафсил муҳокамалари якунларига кўра масъул қўмитага Қонунчилик палатаси мажлисидаги муҳокама доирасида билдирилган нуқтаи назарлари ва таклифларини тақдим этди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар биринчи ўқишда бир қатор лойиҳаларни кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2012 йил 22 октябрда қабул қилинган Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантиришга қаратилганқонун лойиҳаси диққат-эътиборни жиддий ўзига тортди. Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакат аграр соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга, фермер хўжаликлари маблағларини устав фондига жалб этиш орқали уларнинг капиталлашув даражасини оширишга, фермер хўжаликларининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга, етиштирилаётган маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлашда фермерларнинг мажбуриятларини янада аниқроқ белгилашга хизмат қилади.
Мажлисда “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасида режали текширувлар ўтказиш, шу жумладан банк ва молия тузилмаларининг фаолиятини тафтиш қилиш кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши назарда тутилади. Киритилаётган тузатишлар хўжалик субъектлари фаолиятининг давлат назорати билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг яхлитлигини ва тизимлилигини таъминлайди.
“Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомни (янги таҳрири) тасдиқлаш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил
30 ноябрдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилганлиги қайд этилди. Қонун лойиҳасида судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, тайёрлаш тизимининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини янада таъминлашнинг Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш кўзда тутилган.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишда ушбу қонун лойиҳаси давлат бошқарувининг тегишли органлари томонидан суғурта қилдирувчиларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган суғурта қилиш мажбуриятларини бажариши устидан самарали назоратни таъминлаши қайд этилди. Депутатлар корпусининг фикрича, киритиладиган тузатишлар давлат назорати органлари томонидан суғурта қилдирувчилардан тегишли маълумотлар олиш имкониятини назарда тутади. Бу суғурта қилдирувчиларга суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва наф олувчилар, шунингдек суғурталанган мол-мулк ва суғурта суммаси тўғрисидаги маълумотларни, яъни суғурта қилдирувчилар томонидан суғурта қилдириш мажбуриятлари бажарилиши ҳолатини аниқлаш учун зарур ахборотни давлат бошқарувининг тегишли органларига топшириш имконини беради.
Батафсил муҳокамадан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси юқорида таъкидланган қонун лойиҳаларининг асосий қоидаларини маъқуллади ва депутатларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда уларни биринчи ўқишда қабул қилди. Иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тайёрлаш масъул қўмита зиммасига топширилди.
Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар партия дастурлари ва сайловчиларнинг фикрларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳар бир лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарини билдирдилар.
ЎзЛиДеП фракцияси вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистонда фермерлик хўжалигини янада такомиллаштириш партия сайловолди дастурининг устуворликларидан келиб чиққан ҳолда унинг олдига қўйилган вазифалардан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан ЎзЛиДеП фермерлик фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳасига алоҳида диққат-эътибор қаратди, чунки у партия сайловчиларининг бевосита манфаатларига тегишлидир.
Қонунчилик палатаси мажлисида ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари партия томонидан ушбу қонун лойиҳасининг қўллаб-қувватланиши кўп тармоқли фермерлик хўжаликларини ривожлантириш, шу асосда фермерлар фаолиятининг молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб бериши билан изоҳланишини алоҳида қайд этди. Хусусан, ЎзЛиДеП депутатларининг қайд этишича, жойларда фермерлик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган кўп сонли учрашувлар таҳлилида фермерлик хўжаликларининг устав фондини шакллантиришни кенгайтиришга имкон бериш муҳимлиги аниқланди. Шуни ҳисобга олган ҳолда лойиҳада “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга фермер хўжаликлари томонидан устав фондига устав фондини шакллантириш бўйича ўз мажбуриятларини, ер участкаси бериш бўйича танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағларини киритиши шартлиги тўғрисидаги янги нормани киритиш таклиф этилади.
ЎзЛиДеП фракциясининг фикрича, бу фермерлик хўжаликларининг молиявий активларини, қўшимча асосий маблағларни кўпайтириш, гаров капиталини ошириш йўли билан фермерлик хўжаликларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шунингдек кредит ресурсларидан фойдаланишда ишлатилмаётган захираларни қўллашга, хўжаликларнинг капиталлари учун маблағлар йўналтиришга ва уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади.
ЎзХДП фракцияси аъзолари эътироф этадики, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фермер хўжаликларининг иқтисодий мустақиллиги ва молиявий барқарорлигини ошириш, фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва қишлоқ хўжалик хом ашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил қилиш ҳамда ривожлантириш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантириш учун қўшимча қулай шароитлар яратиш имконини беради. Буларнинг барчаси, ЎзХДП фикрича, қишлоқларда яшовчи ёшларни иш билан таъминлашга, қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг фаровонлигини оширишга хизмат қилади, бу эса партиянинг асосий электорати манфаатларига – инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга тўлиқ мос келади.
Қонун лойиҳасида пахта териш бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш назарда тутилиши ҳам мазкур партия фракцияси томонидан алоҳида қайд этилди, бу эса мавсумий ишчилар даромадларининг даражаси ошишига олиб келади.
Ушбу партия фракцияси аъзоларининг фикрича, хизмат кўрсатувчи, тайёрловчи ҳамда қайта ишловчи корхоналар ва ташкилотларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги зиммасига юклатилганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Деҳқон хўжаликларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам мазкур вазирлик томонидан амалга оширилиши назарда тутилмоқда. ЎзХДП фикрича, фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг кенгайтирилиши уларнинг молиявий барқарорлиги ва фаолиятининг самарадорлиги ошишига кўмаклашади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, ушбу лойиҳа ҳуқуқий нормаларни мамлакат аграр соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги жараёнлар билан узвий боғлиқ ҳолда такомиллаштириш имконини беради. Бунда, партия ўз нуқтаи назарини қонун лойиҳасидаги ҳуқуқий ва иқтисодий воситаларни такомиллаштириш, биринчи навбатда, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш йўли билан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришни норматив жиҳатдан мустаҳкамлайдиган қоидаларга қаратди.
Қонунчилик палатасидаги ушбу партия вакилларининг таъкидлашича, амалдаги қонун ҳужжатига фермер хўжаликларига кўп тармоқли фаолият билан шуғулланиш имконини берадиган ўзгартишлар киритилмоқда. Бундай ёндашув мамлакатнинг фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўламларини кенгайтириш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, қишлоқ жойларида талабга эга ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга кўмаклашади.
Ушбу қонун лойиҳаси бўйича қизғин баҳс-мунозараларда Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этди. Партия давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қўллаб-қувватлаган ҳолда вазирликлар ва идоралар ишининг сифатини сўзсиз ошириш, буйруқбозлик кўринишларини йўқ қилиш, қабул қилинадиган қарорларни пухта ва ҳар томонлама ишлаб чиқишни ёқлаб чиқади, яъни бошқарув усуллари ҳозирги замон вазифалари ва талабларига мос бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу муносабат билан партиянинг фикрича, киритиладиган ўзгартишлар республика ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фермерлик хўжаликларини давлат томонидан ва бошқача тарзда қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирларини таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон “Адолат” СДП фермерлар кенгашлари фермер хўжаликлари манфаатлари йўлида даъволар билдирганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган қўшимчанинг Солиқ кодексига киритилишига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ушбу фракция аъзоларининг қайд этишича, мазкур ҳуқуқий норманинг киритилиши суднинг демократиклиги, холислиги, очиқлигини таъминлаш, фермер хўжаликларини суд йўли билан ҳимоя қилиш соҳасини кенгайтириш имконини беради.
Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи ўзининг билдирган нуқтаи назарида қонун ҳужжатига томчилатиб суғориш тизимини татбиқ этган юридик шахсларни, хусусан томчилатиб суғориш татбиқ этилган ер участкасини беш йил давомида ягона ер солиғи тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишларни киритиш масалаларига тўхталди. Экоҳаракатдан сайланган депутатлар ушбу норма фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдан, замонавий агро технологияларни жорий этиш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини рағбатлантиришига ишончи комил. Депутатлар Ўзбекистон Экологик ҳаракати табиий ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини қабул қилиш ҳамда татбиқ этиш тарафдори бўлиб келганлиги ва бундан буён ҳам шундай бўлишини таъкидладилар.
Депутатлар бошқа қонун лойиҳалари бўйича ҳам ўз фикрларини билдириб, мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, банк-молия тизимини, суғурта фаолиятини ривожлантириш, суд тизимини такомиллаштиришда уларнинг муҳимлигини қайд этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчиликпалатасининг Ахборот хизмати
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме