21:30 08.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДЕПУТАТЛАР ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ИККИНЧИ ЎҚИШДА МУҲОКАМА ҚИЛДИЛАР

2013 йил 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда бир неча қонун лойиҳалари муҳокама этилди ва O`zLiDeP фракциясининг мазкур лойиҳалар юзасидан позицияси ишлаб чиқилди.

Кун тартибига кўра, дастлаб Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги ва «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари иккинчи ўқишда муҳокама қилинди. O`zLiDeP фракцияси фикрича, Ўзбекистонда васийлик ва ҳомийликка муҳтож кишиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга қаратилган кўп босқичли тизим шаклланган ва амал қилмоқда. Бунда уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш алоҳида ўрин тутади. Мамлакатда ота-оналар назоратисиз қолган болалар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида тегишли меъёрий-ҳуқуқий база яратилган. Бу соҳа Оила ва Фуқаролик кодекслари, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар орқали тартибга солинади. 

Янги қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида O`zLiDeP фракцияси аъзолари партия Сайловолди платформасининг фуқароларнинг қонуний манфаатларини қондириш ва ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича устуворликлар белгилаб қўйилган талабларини эътиборга олиш муҳимлигини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, фракция йиғилишида қайд этилганидек, васийлик ва ҳомийликни белгилаб берадиган ҳуқуқий меъёрларни тизимлаштириш, кодификациялашнинг муҳимлигини эътироф этиш лозим.

Юқоридаги қонун ҳужжатлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, асосий тушунчаларни тавсифлайдиган, давлат сиёсатининг йўналиши, давлат органларининг васийлик ва ҳомийлик қилиш соҳасидаги тамойиллари, вазифалари ва ваколатларини белгилаб берадиган меъёрларнинг киритилиши улардаги асосий принципиал ва янги моддалар ҳисобланади. Васийлик ва ҳомийлик қилиш идораларининг ота-оналар қарамоғисиз қолган, лаёқатсиз ёки чекланган лаёқатга эга кишилар, шунингдек, соғлиғига кўра васийга муҳтож лаёқатли кишиларни ҳисобга олиш масалаларидаги функцияси ва вазифаларини аниқ белгилаб бериш таклиф этилмоқда.

Умуман, йиғилишда таъкидланганидек, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги ва «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари васийлик ва ҳомийлик қилиш тизимларини янада такомиллаштириш, улар фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги қадамдир. O`zLiDeP депутатлари буларнинг барчаси ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ижобий таъсир этишини билдирди.

«Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси учинчи ўқишда муҳокама қилинди. O`zLiDeP фракцияси фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг роли ва мавқеини ошириш бўйича суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади. Хусусан, ҳужжатда судья лавозимига номзодларга, судья кадрлар захирасини шакллантиришга ва уларнинг ҳуқуқий билимлари даражасини оширишга талабларнинг кучайтирилиши кўзда тутилган. 

Таъкидландики, O`zLiDeP, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга оширмоқда. Партиянинг бу йўналишдаги устувор мақсади суддаги даъволарни ҳал этишда адолатлилик, инсонпарварлик ва таъсирчанликни таъминлайдиган қонунчилик меъёрлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш ҳисобланади.

Фракция судьяларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар сафини юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш мустақил ва малакали судьялар таркибини шакллантиришни таъминловчи ҳуқуқий базани мустаҳкамлайди, деб ҳисоблайди. O`zLiDeP фуқаролар ҳуқуқлари, мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқлари амалда ҳимоя қилинишини таъминлайдиган объектив ва адолатли суд, хўжалик ва бошқа даъволарни ҳал этишнинг таъсирчан механизмларининг ишлаши ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти ривожининг муҳим омили эканига ишонади.

Йиғилиш якунида O`zLiDeP фракцияси томонидан муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме