18:30 26.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДЕПУТАТЛАР ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ИККИНЧИ ЎҚИШДА КЎРИБ ЧИҚДИЛАР

25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар иккинчи ўқишда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги сиёсий партиялар сиёсий гуруҳларининг роли ва аҳамиятини янада кучайтириш бўйича таклифлар асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳининг ташаббусига кўра ишлаб чиқилган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси парламент аъзоларининг диққат марказида бўлди. Шу муносабат билан сиёсий партиялар электоратининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ваколатли маҳаллий ҳокимият органларидаги партиялар гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш жараёнларини қонунчилик йўли билан таъминлаш ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишдан кўзланган асосий мақсад эканлиги таъкидланди.

Жумладан, қонун лойиҳасида партия гуруҳларини ташкил этиш шартлари ва тартиби Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва шаҳарлар халқ депутатлари кенгашларидаги партия гуруҳларини ташкил этиш учун депутатларнинг энг кам миқдори белгиланмоқда. Шунингдек, партия гуруҳининг фаолияти унинг аъзоларининг ўз ташаббусига кўра, ҳокимият вакиллик органи ваколатлари муддати тугаганда, тегишли сиёсий партиянинг фаолияти тугатилганда, партия гуруҳи таркибига кирувчи депутатларнинг сони уни тузиш учун зарур бўлган меъёрдан камайиб кетганда тугатилиши мумкинлиги кўрсатилмоқда.

Мажлисда таъкидландики, амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда партия гуруҳларига тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарларига ва аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш, тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботи ва ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари кенгашининг сессияларида эшитиш ҳақида таклифлар киритиш ҳуқуқининг берилиши ушбу қонун лойиҳасининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Бунда қарор депутатларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган тақдирда қабул қилинади. Ушбу қонун лойиҳасида партия гуруҳларининг таклифлари ҳокимиятнинг вакиллик органи томонидан албатта кўриб чиқилиши белгиланмоқда.

Парламент аъзолари “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига таклиф этилган ўзгартишлар маҳаллий ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этишда сиёсий партияларнинг роли ва ўрнини янада мустаҳкамлашга, сайловолди платформасини ва дастурий мақсадларини бажаришда уларнинг фаоллигини янада кучайтиришга, шунингдек, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини амалга оширишда уларнинг жавобгарлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.

Кун тартибидаги иккинчи масала – “Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш янада рағбатлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан таъкидландики, у мамлакатимиз иқтисодиётига, айниқса, саноатнинг юқори технологик тармоқларига чет эл инвестицияларини фаолроқ жалб этишга, мамлакатимизда инвестиция муҳитини такомиллаштиришга, Ўзбекистон ҳудудида чет эллик инвесторлар фаолияти учун қулайроқ шарт-шароитлар яратишга қаратилган. “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Бож тарифи тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига тегишли тузатишлар киритиш таклиф этилмоқда.Кўриб чиқилган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар корпусининг фикрича, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш каби устувор вазифаларни бажаришга, пировардида эса ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлиги ва таъсирчанлилигини янада яхшилашга қаратилган.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг мақсадлари, вазифалари, принциплари ва асосий йўналишларини, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг субъектлари ва уларнинг ваколатларини, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг чора-тадбирлар тизимини ҳамда уларни амалга ошириш тартибини белгилаб берувчи нормалар ушбу қонун лойиҳасининг асосий янги жиҳатлари ҳисобланади. Қонун лойиҳасида асосий эътибор профилактика тадбирларини амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини ҳамда уларга риоя этиш кафолатини таъминловчи нормаларга қаратилмоқда. Шу муносабат билан қонун лойиҳасининг алоҳида моддалари профилактика ҳисобига олиниши лозим бўлган шахсларнинг асослари ва тоифаларини аниқ ва тушунарли белгилашга, профилактика ҳисобини юритиш тартиб-таомиллари, профилактика ҳисобида туриш шартларини бузувчи шахсларга нисбатан қўлланиладиган таъсир чора-тадбирларини эркинлаштиришга ва инсонпарварлик руҳи билан суғоришга бағишланган.

Мажлисда ушбу ҳужжат мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш давлат стратегиясига тўлиқ мос келиши таъкидланди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати
www.parliament.gov.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме