22:31 27.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДЕПУТАТЛАР ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ ИККИНЧИ ЎҚИШДА КЎРИБ ЧИҚДИЛАР
26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган нуқтаи назарлардан келиб чиққан ҳолда “Фермерлик фаолиятини ташкил этиш янада такомиллаштирилиши ва фермерлик ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ҳар тарафлама муҳокама қилиниши депутатлар корпусининг алоҳида диққат-эътиборини тортди. Тузатишлар “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шу асосда фермерлар фаолиятининг молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.
ЎзЛиДеП депутатлари Ўзбекистонда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш Қонунчилик палатасидаги ушбу партия фракцияси фаолиятининг диққат марказида турганини алоҳида таъкидладилар. Шу муносабат билан ЎзЛиДеП фракцияси экспертлар ва партия электорати вакилларининг кенг доирасини жалб этган ҳолда қонун лойиҳасини пухта таҳлил қилиб, унинг натижаларини масъул қўмитага тақдим этди.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси партия сайловчиларининг туб манфаатларига жавоб берган ҳолда фермерлик фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштиришга ва ривожлантиришга қаратилган. Ушбу ҳужжатнинг ЎзЛиДеП томонидан қўллаб-қувватланишининг боиси яна шундаки, мазкур ҳужжат кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шу асосда фермерлар фаолиятининг молиявий барқарорлиги ва самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқий шарт-шароит яратиб беради.
Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағларини фермер хўжаликларининг устав фондига мажбурий тартибда киритишни назарда тутувчи янги нормани “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга киритиш ҳисобига фермер хўжаликларининг устав фондини шакллантиришни кенгайтириш ҳуқуқи берилишининг муҳимлиги қайд этилди. Бу фермер хўжаликларининг молиявий активларини, қўшимча асосий маблағларини кўпайтириш, гаров капиталини ошириш йўли билан уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шунингдек, кредит ресурсларидан фойдаланишда бекор турган резервларни ишга солишга, маблағларни хўжаликларни капиталлаштириш учун йўналтиришга ва уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга кўмаклашади.
Ўз партияси устуворликларидан келиб чиққан ҳолда ЎзХДП фракцияси аъзолари мажлисда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фермерларнинг механизациялаш даражасини ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини кучайтиришини билдирдилар. Бунга замонавий технологияларни кенг татбиқ этиш ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини комплекс қайта ишлаш, шунингдек, қишлоқда янги ишлаб чиқаришлар ва хизматлар кўрсатиш соҳаси объектларини барпо этиш ва ривожлантириш эвазига эришилади. Қонун лойиҳасида пахта териш бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган ходимларни жисмоний шахслар даромадларига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш назарда тутилаётгани ҳам мазкур партия вакиллари томонидан алоҳида таъкидланди, зеро, бу мавсумий ишчилар даромадларининг даражаси ошишига олиб келади. Ўз навбатида, буларнинг барчаси аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш масалаларини ҳал қилишни давом эттириш юзасидан қишлоқ жойларда олиб борилаётган ишларга ижобий таъсир кўрсатади, бу эса ЎзХДПнинг мамлакатимиз аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган мақсадига тўлиқ жавоб беради.
Ўз навбатида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари мазкур лойиҳа амалдаги ҳуқуқий нормаларни мамлакатимиз аграр соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда такомиллаштириш имконини беришига ишончлари комил эканлигини билдирдилар. Ушбу партия вакилларининг фикрича, амалдаги қонун ҳужжатларига фермер хўжаликларига кўп тармоқли фаолият билан шуғулланиш имконини берадиган ўзгартишлар киритилмоқда. Бундай ёндашув мамлакатимиз фермер хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, қишлоқ жойларда зарур бўлган ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатишга кўмаклашади.
Муҳокамалар чоғида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари ҳуқуқий ва иқтисодий воситаларни такомиллаштириш, биринчи навбатда, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш йўли билан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш янада кучайтирилишини норматив жиҳатдан мустаҳкамлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтдилар.
Вазирликлар ва идоралар ишининг сифатини муттасил ошириб бориш, расмиятчилик кўринишларини йўқ қилиш, қабул қилинадиган қарорлар пухта ва ҳар томонлама ишлаб чиқилишини ёқловчи Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам қонун лойиҳаси юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Мазкур фракциянинг ишончи комилки, буларнинг барчаси бошқарув услубларини ҳозирги замон вазифалари ва талабларига монанд бўлишини талаб қилади. Шу сабабли, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қўллаб-қувватлаган ҳолда, киритиладиган ўзгартишлар республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фермер хўжаликларини давлат томонидан ва бошқача тарзда қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирларини таъминлашга қаратилгандир.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари фермерлар кенгашлари фермер хўжаликлари манфаатлари йўлида даъволар билдирганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган қўшимчанинг Солиқ кодексига киритилишига эътибор қаратдилар. Ушбу партия аъзоларининг қайд этишича, мазкур ҳуқуқий норманинг киритилиши суднинг демократиклиги, холислиги, очиқлигини таъминлаш, фермер хўжаликларини суд йўли билан ҳимоя қилиш соҳасини кенгайтириш имконини беради.
Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи қонун ҳужжатига томчилатиб суғориш тизимини татбиқ этган юридик шахсларни, хусусан, томчилатиб суғориш татбиқ этилган ер участкасини беш йил давомида ягона ер солиғи тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилаётганига тўхталиб ўтдилар. Экологик ҳаракатдан сайланган депутатларнинг фикрича, ушбу норма фермерларнинг ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдан, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига механизациялаш даражаси ва рентабелликни оширишдан манфаатдорлигини кучайтиради. Шу муносабат билан Экоҳаракат ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайди, чунки у табиий ресурсларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни рағбатлантиришнинг ҳуқуқий механизмларини татбиқ этишга кўмаклашади.
Умуман олганда, барча фракция ва Экологик ҳаракатдан сайланган депутатлар гуруҳи ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар, чунки қонун лойиҳаси мамлакатимиз аграр соҳасини жадал ривожлантиришга қаратилган ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга, фермер хўжаликлари маблағларини ўз устав фондларига жалб этиш орқали уларнинг капиталлашув даражасини оширишга, уларнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, етиштирилаётган маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлашда фермерларнинг мажбуриятларини янада аниқроқ белгилашга қаратилган.
“Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама этишга ўтиб, депутатлар ушбу қонун лойиҳаси мажбурий суғурта бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятлар суғурта қилдирувчилар томонидан бажарилиши устидан давлат бошқаруви тегишли органларининг назоратини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлигини қайд этдилар. Бунда киритилаётган тузатишлар давлат назорати органларининг суғурталовчилардан зарур маълумотлар олиш имкониятини назарда тутади, бу эса суғурталовчиларга суғурта қилдирувчилар, суғурталанган шахслар ва наф олувчилар, шунингдек, суғурта қилинган мол-мулк ва суғурта суммаси тўғрисидаги маълумотларни давлат бошқарувининг тегишли органларига етказиб бериш имконини беради. Мазкур норма суғурта қилдирувчиларнинг суғурта қилиш мажбуриятлари бажарилганлигини аниқлаш учун зарур ахборотдан белгиланган тартибда фойдаланилишини таъминлайди.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси болаларнинг мажбурий ўн икки йиллик таълим олиши масалаларини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришга қаратилган. Мажлис давомида таъкидланганидек, қонун лойиҳасида болаларнинг мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналарнинг ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг тўсқинлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган. Парламент аъзоларининг фикрича, таклиф этилаётган чора-тадбирлар вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мажбурийлиги тўғрисидаги талабларни амалга ошириш, болаларнинг умуммажбурий ўн икки йиллик таълим олиши учун ота-оналарнинг жавобгарлигини ошириш имконини беради.
Умуман олганда, қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партия фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси бўйича партия дастурлари ва сайловчилар фикрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Кўриб чиқилган барча масала юзасидан Қонунчилик палатаси томонидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатасининг Ахборот хизмати
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме