20:30 20.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДЕПУТАТЛАР ҚАТОР ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИЛАР
19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин депутатлар иккинчи ўқишда бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг аҳолини иш билан таъминлаш жараёнларига таъсир кўрсатувчи ўзига хос хусусиятлари, устувор йўналишлари ва истиқболлари, шунингдек, халқаро андозалар ва нормаларни ҳисобга олган ҳолда аҳолини иш билан таъминлаш ҳамда ишда бандликни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида аҳолининг алоҳида тоифаларига, шу жумладан, ўрта махсус, касб-ҳунар, шунингдек, олий таълим муассасалари битирувчиларига қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда, иш билан таъминланган фуқаролар, ишсизлар тушунчалари, давлат органлари вазифалари, ушбу соҳадаги бошқа ҳуқуқий нормалар аниқлаштирилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фуқароларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, ишга жойлаштириш бўйича хизматларни кенгайтиришга, аҳолини, айниқса ёшларни иш билан таъминлаш юзасидан қўшимча ҳимоя чора-тадбирларини кўришга қаратилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Ўзбекистон корхоналарининг ҳуқуқни татбиқ этиш амалиёти, шунингдек, меҳнат муносабатларини қонуний тартибга солишнинг халқаро тажрибаси ҳисобга олинди. Тузатишларнинг қабул қилиниши ишловчилар ва иш берувчилар ҳуқуқлари ҳамда манфаатларининг давлат кафолатларини кучайтириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш имконини беради.
“Гаров реестри тўғрисида”ги қонун лойиҳаси гаровга қўйилган мулкни ҳисобга олиш, шунингдек, унинг ноқонуний сотилиши ёки бошқа шахсга ўтказилишининг олдини олиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган гаров реестрини ҳисобга олувчи ягона база яратишнинг ҳуқуқий механизмларини белгилаб беради. Ишончли гаров ахборотини тўплаш, уни қайта ишлаш ва гаровга қўйилган мулкка нисбатан ҳуқуқлари бўлган ёки уларга эга бўлишни хоҳлаган шахсларга тақдим этиш, шунингдек, гаровга қўйилган мулкка нисбатан гаров ҳуқуқларининг мавжудлигини аниқлаш ва потенциал қарздорнинг гаровга қўйилган мулки тўғрисида ахборот бериш гаров реестрини ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади. Қонун лойииҳаси бўйича гаров реестри жисмоний ва юридик шахсларнинг гаровни таъминлашга, шунингдек, уларни ўзгартиришга ёки тўхтатишга бўлган ҳуқуқлари юзага келиши тўғрисидаги электрон шаклдаги ёзувларни ўз ичига олган ягона ахборот маълумотлар базасини ўзида ифода этади. Ҳар томонлама моддама-модда муҳокамадан сўнг депутатлар ушбу Қонунни қабул қилдилар. Ҳужжат Олий Мажлис Сенатига кўриб чиқиш учун юборилади.
“Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қонун ҳужжатларининг айрим нормаларини “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштиришга қаратилган. Шу муносабат билан Қонун лойиҳасида банк ва молия тузилмалари фаолиятини беш йилда кўпи билан бир марта режали текшириш назарда тутилмоқда. Киритиладиган тузатишлар хусусий банк ва молия институтлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг яхлитлиги ва бир тизимлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Сўнгра парламентнинг қуйи палатаси аъзолари биринчи ўқишдаги қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. “Тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни янада рағбатлантириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, айниқса, саноатнинг юқори технологик тармоқларига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилишни янада рағбатлантиришга, мамлакатимиздаги инвестиция муҳитини такомиллаштиришга, Ўзбекистон ҳудудида чет эллик инвесторлар фаолияти учун қулайроқ шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Тегишли тузатишлар “Чел эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Божхона тарифи тўғрисида”ги қонунларга, Солиқ кодексига киритилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаcи болаларнинг мажбурий ўн икки йиллик таълим олишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳасида болаларнинг мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналарнинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг тўсқинлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Таклиф этилаётган чора-тадбирлар вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, умумий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мажбурийлиги тўғрисидаги талабларни амалга ошириш, болаларнинг умуммажбурий ўн икки йиллик таълим олиши учун ота-оналарнинг жавобгарлигини ошириш имконини беради.
Батафсил муҳокамадан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси юқорида кўрсатиб ўтилган иккала қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва депутатларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда уларни биринчи ўқишда қабул қилди. Масъул қўмиталарга ҳужжатларни иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш топширилди.
Қонун лойиҳаларини муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари саволлар ва таклифлар билан сўзга чиқдилар. Улар ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг лойиҳаси бўйича партия дастурлари ва сайловчилар фикрларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Депутатлар мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, фуқароларни, айниқса ёшларни ишга жойлаштириш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, молия-банк тизимини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун кўриб чиқилган қонун ҳужжатларининг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий МажлисиҚонунчилик палатасининг Ахборот хизмати
www.parliament.gov.uz
Обсудить новость на Форуме