18:45 08.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДЕПУТАТ САЙЛОВЧИ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЯПТИМИ?

 O`zLiDeP Наманган вилоят кенгаши «Обод турмуш йили» Давлат дастуридаги устувор йўналишлар ижросига алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Бу жараёнда асосан 701 та бошланғич ташкилот ва 11140 нафар аъзоимиз фаоллигига таянаяпмиз, — дейди кенгаш раиси вазифасини бажарувчи Солижон Мўминов. — Шу ўринда 2012 ва 2013 йилнинг 5 ойи давомида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида бўшаб қолган 28 та депутатлик ўрнига ўтказилган қайта сайловларда O`zLiDeP номзодларининг 16 нафари ёки 57 фоизи сайлангани имкониятларимизни янада оширди.

Маълумки, депутатлар корпуси фаолияти сайловчи ишончини қай даражада оқлаётгани билан ўлчанади. Шунинг учун ҳам Давлат ва ҳудудий дастурлар, ижтимоий-иқтисодий масалаларда депутатларимиз фаоллиги кучайтирилаяпти. Сайловчилар билан учрашувлар изчил ўтказилмоқда. Бошланғич ташкилотлар, туман ва шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳи йиғилишларида ҳам сайловчилар билан мулоқотларда кўтарилган масалалар обдон муҳокама қилиниб, маҳаллий кенгаш сессияларига киритилаяпти. 

Аммо режа асосида амалга оширилаётган бу ишлар натижасини баъзи ҳудудларда ҳали талаб даражасида, деб бўлмайди. Демак, электорат билан ишлашни кучайтириш, партия сафини иқтидорли ёшлар билан мустаҳкамлаш, яъни кучли кадрлар захирасини яратиш лозим. Сиёсий таълим йўналишидаги ўқувлар ва партиявий лойиҳалар ҳам янада такомиллаштирилиши керак. Бу, ўз навбатида, барча бўғинлардаги фаолиятимизни сифат жиҳатдан кучайтиришни тақозо этади, албатта.

Бу, аввало, бошланғич ташкилотлар ишини жонлантириш ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар зиммасидаги масъулият билан боғлиқ масала. Эътибор беринг: вилоятда жами 22 нафар депутатимиз бор.  ХДПда 27 нафар, «Миллий тикланиш» демократик партиясида 2 нафар, «Адолат»да эса 4 нафар. Демак, масъулият ҳам шунга яраша бўлиши керак. Ёки бошқа бир жиҳатга эътибор беринг: айни пайтда вилоятда 4515 та фермер хўжалиги борлигини инобатга олсак, бу соҳага партиявий эътибор янада кучайтирилиши кераклигини англаб етамиз. Маълумки, парламент қуйи палатасидаги O`zLiDeP фракцияси мазкур соҳаларга оид қонунларни такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошираяпти. Биз эса ана шу ишларни фермерлар ва тадбиркорлар билан олиб боришимиз керак. Яна бир масала. Маълумки, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилди. Аммо буни мавсумий тадбирга айлантирмасдан, қонунлар ижроси масаласини доимо назоратга олишимиз керак. Бошқача айтганда, янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини қанча кенг тарғиб қилсак, электорат учун шунча имконият яратилади. Улар ижросини назорат қилиш ҳам O`zLiDePнинг асосий вазифасидир. 

— Жорий йилда ҳақиқатан ҳам маҳаллий кенгашлардаги депутатлар фаолияти сезиларли даражада жонланди, — дейди O`zLiDeP вилоят кенгаши раиси ўринбосари Носиржон Абдуллаев. — Агар 2012 йили халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳларида жами 18 та масала муҳокама этилган бўлса, шундан 4 таси назорат-таҳлил тартибида ўрганилган. Бундан ташқари, 14 та масала юзасидан мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилиб, уларнинг 13 таси халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгаши сессиясига киритилган. 

2013 йилнинг ўтган даврида эса депутатлик гуруҳлари йиғилишларида электорат фаолиятига тааллуқли бўлган 9 эшитув ўтказилди. Шундан 5 та масала танланиб, маҳаллий кенгаш сессияларига киритилди. Шу ўринда ҳар бир депутатнинг ўз сайлов округларида белгиланган режа асосида сайловчилар билан мунтазам учрашувлари йўлга қўйилганини таъкидлаш мумкин.

Бундай учрашувларни ташкил этишда «Аёллар қаноти» ҳам фаоллик кўрсатяпти. 

— Эътиборлиси, жами партия аъзоларининг 5700 нафарини аёллар ташкил этаяпти, — дейди биз билан суҳбатда Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Назирахон Раҳимжонова. — Мавжуд 701 та БПТнинг 330 тасига ҳам хотин-қизлар етакчилик қилмоқдалар. Партияга аъзо аёлларнинг эса 40 фоизга яқини фермер хўжаликлари раҳбарларидир.

 «Обод турмуш йили»нинг ўтган даврида бўлим томонидан тадбиркор хотин-қизларга амалий кўмак бериш мақсадида жойлардаги бошланғич партия ташкилотларида 92 марта семинар ва тренинглар ўтказдик. Беш мингга яқин опа-сингилларимиз иштирок этган тадбирларда асосий эътибор партиявий лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ва тарғиботига қаратилаяпти. 

Натижада 12 нафар хотин-қизга 50 миллион сўмдан ортиқ кредит олишга эришдик. Масалан, янгиқўрғонлик Света Толканова 28 миллион сўм кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Дилором Исомиддинова эса 10 миллион сўм миқдоридаги кредит билан оилавий корхона очди. Эндиликда у 5 нафар оила аъзолари билан иссиқхонада лимон етиштираяпти.

«Фермерлар — иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг мустаҳкам асоси, мамлакатимизнинг узоқ муддатли мақсадларига эришишдаги ҳал қилувчи куч» мавзуидаги семинарларда эса 300 нафардан зиёд фермер аёлларимиз иштирок этди. Шундай тадбирлар туфайли косонсойлик Сорахон Одилова «Сафо» фермер хўжалигида 30 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади.

O’zLiDeP Наманган вилоят кенгаши ҳузуридаги «Сиёсий таълим маркази» раҳбари Наргиза Муҳаммадиеванинг таъкидлашича, халқ депутатлари Тошкент ва Андижон вилоят кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида Президентимиз Ислом Каримов томонидан баён этилган фикр ва мулоҳазалардан Сиёсий таълим марказлари мутахассислари ҳам тегишли хулосалар чиқаришлари лозим.

— Шаҳар, туман партия кенгашлари раислари, депутатлик гуруҳлари ва бошланғич партия  ташкилотларининг раҳбарлари фаол иштирок этаётган тадбирларда ҳудудларга оид долзарб масалалар ҳам ўртага ташланиб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилмоқда, — дейди Н.Муҳаммадиева. — Муайян мавзуга бағишланган ўқув-семинарларда эса депутатлик гуруҳлари раҳбарлари ва бошланғич ташкилот етакчиларининг сиёсий билимларини мустаҳкамлашга эътибор қаратаяпмиз. 

Бир сўз билан айтганда, O`zLiDeP Наманган вилоят кенгаши «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгилаб берилган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш мақсадида депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳар бирига муҳим вазифалар юклаган. Ҳар чорак якуни бўйича улар бўйича мониторинг олиб борилаяпти. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонуни асосида оилавий корхоналар ташкил этиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида кенгашнинг Ҳаракат дастури қабул қилиниб, саккизта йўналиш бўйича тўққизта ташкилот билан ҳамкорлик битими имзоланди. Мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлашга O`zLiDeP шаҳар ва туман кенгашлари, жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари ҳам жалб этилган. 

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, O`zLiDeP Наманган вилоят кенгаши «Обод турмуш йили» Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишларни партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар асосида амалга оширишга интилаяпти.
Аҳроржон МУСУРМОНОВ тайёрлади."XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 4 июль, 27 (503)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме