23:31 06.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДАВРА СУҲБАТИ БОҒДОРЧИЛИК ВА УЗУМЧИЛИК ИСТИҚБОЛИГА БАҒИШЛАНДИ
O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши Зангиота туманидаги “Мева-шарбат” боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий ишлаб чиқариш корпорациясида “Ўзбекистонда боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш: эришилган натижалар ва навбатдаги вазифалар” мавзуида давра суҳбати ўтказди.
“Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар, маҳаллий ижроия ҳокимияти вакиллари, тадбиркор ва фермерлар, таълим муассасалари битирувчилари, партия фаоллари қатнашди.
- Бугунги давра суҳбати, аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатини, хусусан, боғдорчилик ва узумчиликни янада ривожлантириш ва уларнинг экспорт фаолиятини кенгайтиришга кўрсатадиган таъсири билан жуда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади, - деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М.Акромова. - Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари фаолияти учун қулай муҳитни шакллантириш масалаларига қаратилаётган эътиборнинг навбатдаги тасдиғидир.
М.Акрамованинг айтишича, O‘zLiDePнинг “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаси тадбиркор ва фермерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятида тўсиқ бўлаётган муаммо, камчиликлар ва таклифларни ўрганишда қўл келмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида лойиҳа доирасида 200 дан ортиқ тадбир ташкил этилиб, уларда 6 мингдан ортиқ хотин-қиз иштирок этди.
“Бу тадбирлар, асосан, балиқчилик, паррандачилик, қоракўлчилик, боғдорчилик ва узумчиликни, тадбиркорлик фаолиятида лизинг муносабатларини ҳамда миллий туризмни ривожлантириш каби мақсадларда ўтказилди”, - деди М.Акромова.
Жорий йилда O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан лойиҳалар доирасида ҳамкор ташкилотлар, мутахассислар иштирокида юзга яқин давра суҳбати, семинар-тренинг, амалий мулоқот ўтказилиб, уларда 3 мингдан ортиқ хотин-қиз қатнашди. Лойиҳалар доирасида 34 нафар хотин-қизга имтиёзли кредитлар олишда амалий ёрдам берилди, 56 та янги иш ўрни яратилди.
Янгийўл туманидаги “Фаёз-барака” фермер ҳўжалиги раҳбари, Халқ депутатлари Янгийўл тумани кенгаши депутати Дилрабо Файзиева 15 гектар ерни боғга айлантирган.
“Яқинда “Ризамат” навли узумдан 300 туп экдим. 5 та ишчи доимий иш билан таъминланган. Мавсумий йиғим-терим ишларига 20-30 кишини жалб қиламиз. Келгусида меваларни қуритиб, хорижга қуруқ меваларни экспорт қилишни йўлга қўйишни режалаштирганмиз”,- дейди Д.Файзиева.
Оҳангаронлик Муҳтарам Сайфуддинова “Аёллар қаноти” фаоли бўлиш билан бирга “Лаззат - Латофати” фермер хўжалиги раҳбари ҳамдир. У “Ташаббус” кўрик танловларида бир неча бор иштирок этиб, ғолиблар сафидан жой олган.
“Партия фермерлик, тадбиркорлик фаолиятимни ривожлантиришда ҳуқуқий, сиёсий билимларимни шакллантириш орқали катта ёрдам бермоқда”,- дейди у.
Тадбир давомида “Аёллар қаноти”нинг бир неча фаоллари истиқболли кадрлар захираси рўйхатига киритилди. Партия сафига янги қабул қилинган хотин-қизларга партия гувоҳномалари тантанали топширилди.
Шу билан бирга, “Мева-шарбат” корпорациясида бошланғич партия ташкилоти ташкил этилди.
Тадбирдан сўнг иштирокчилар М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти музейи ҳамда “тажриба даласи” билан танишди.
Муяссар ЖАМОЛИДДИНОВА,
O‘zLiDeP Тошкент вилояти КенгашиАёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни
ва мавқеини ошириш бўлими мудири
Обсудить новость на Форуме