03:45 27.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ КУЧЛИ ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ БАРПО ЭТИШ ОМИЛЛАРИДАН БИРИ
Фахриддин СОЛИЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси
МАМЛАКАТИМИЗДА АХБОРОТ СОҲАСИ ФАОЛИЯТИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛИБ, УНИНГ ЭРКИНЛИГИ ВА ОЧИҚЛИГИНИ, ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ШАФФОФЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МАҚСАДИДА ҚАТОР ҲУҚУҚИЙ АСОС ВА МЕХАНИЗМЛАР ЯРАТИЛМОҚДА. Хусусан, ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, медиа маконга илғор ахборот-коммуникация технологияларини бевосита жорий этишга қаратилган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.
Фуқаролар учун ахборот эркинлиги ва очиқлигини таъминлашда кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, мамлакатимизда 1326 та ОАВ фаолият кўрсатаётир. 930 та интернет тармоғига уланиш бўйича хизмат кўрсатувчи оператор ва провайдерлар, 1045 та интернет-кафе аҳоли хизматида. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 98 фоизи интернет глобал тармоғида ўз веб-сайтига эга. Ушбу ҳуқуқий-технологик шароитлар мамлакатимиз ёшларининг дунёқараши, ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Миллий тараққиётимизнинг бугунги босқичида давлат бошқарувини янада демократлаштириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликнинг, айниқса, сиёсий партиялар ва фуқаролик институтларининг бошқа вакилларини ахборотга эгалигини ошириш, бевосита, давлат қурилиши ва ахборот соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш долзарб вазифалардан. Хусусан, Конституциямиздаги давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар олдида масъуллиги (2-модда), давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслар фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги нормаларини (30-модда) янада кенгроқ рўёбга чиқаришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги тадрижий ислоҳотларнинг бугунги босқичида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш таклифини билдириб, «қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ амалга ошириш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар сифатини янада ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан кучайтиради», дея таъкидладилар.
Қонун лойиҳаси йигирма битта моддадан иборат. Ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик форматида экспертизадан ўтказиш мақсадида Қўмитамиз томонидан қирқдан ортиқ тадбир, иккита халқаро конференция ўтказилди.
Қонун лойиҳасининг асосий принциплари ва қоидаларига амалиётда ишлов бериш, унинг нормалари самарадорлигини баҳолаш мақсадида, 2013 йил 20 мартда Президентимизнинг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси нормаларининг синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тўғрисида»ги Фармойиши қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари сифатида мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари, ахборот хизмати ёки бошқа ваколатли таркибий бўлинмаларининг хабарлари, расмий веб-сайти материаллари, оммавий ахборот воситалари материалларига тавсиф берилган. Давлат органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиши, ахборотни расмий веб-сайтда жойлаштириши, уни ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўладиган жойлар, ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш, ахборотдан фойдаланувчиларни ўзининг коллегиал кенгашларида иштирок этишларини таъминлаш, сўровлар асосида оғзаки ва ёзма шакллардаги ахборотни узатиш фаолият очиқлигини таъминлашнинг асосий усулларидир.
Қонун лойиҳасидаги либерал ва халқчил нормалардан бири бу 14-моддада ўз аксини топган. Ушбу моддада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқ кенгашларда ахборотдан фойдаланувчиларнинг, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокини таъминлаш, иштирок этиш тартиби тегишли регламентлар билан белгиланмоқда.
Демак, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва фаоллари, хусусан, сайловчилар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларида қатнашиши мумкин. Улар у ёки бу масалалар муҳокамасининг сифатига, сессиядаги баҳс-мунозараларга, депутатлар қай даражада фаоллик кўрсатаётганига гувоҳ бўлишлари мумкин. Бироқ эксперимент бошланган бўлса-да, ушбу норма ҳали амалиётда синалгани йўқ. Тегишли регламентлар охиригача ишлаб чиқилмагани боис, айнан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ушбу норманинг амалиётдаги синовини ўз назоратларига олишлари, қолаверса, норма синови учун ташаббус билан чиқишлари мумкин.
Ҳуқуқий эксперимент ўтказиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишдан манфаатдор бўлган шахсларга, хусусан, маҳалла фуқаролар йиғинларига бундай турдаги ахборот олишда кенг имконият эшикларини очиб беради.
Ахборот олиш сўровларига жавоблар тайёрлаш муддатлари норматив жиҳатдан мустаҳкамланган. Масалан, жисмоний ва юридик шахсларнинг сўрови у рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб, ўн беш кун муддат ичида кўриб чиқилиши лозим. Эксперимент ўтказиш субъектлари фаолияти ҳамда эксперимент ўтказиш субъектларининг мансабдор шахслари билан интервью ташкил этиш тўғрисидаги оммавий ахборот воситалари сўрови эса, етти кун муддат ичида кўриб чиқилади. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг ёзма (шу жумладан электрон) ва оғзаки шаклда, шунингдек, бевосита ўз вакиллари орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотга сўров юбориш ҳуқуқлари ҳам мустаҳкамланган.
Бугунги кунда иккала вилоятда экспериментни ўтказиш билан боғлиқ биринчи босқич якунланиб (ўз ичига ташкилий, консультатив, норматив ва бошқа жиҳатларни қамраб олган), иккинчи босқич бошланди, яъни қонун лойиҳасидаги нормаларни амалиётда синови эксперименти бошланиб, бу жараён жорий йилнинг 1 декабрига қадар давом этади.
Эксперимент субъектлари сифатида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, вилоятдаги юзга яқин давлат ва хўжалик бошқаруви органлари белгиланиб, улар ўз фаолияти ҳақидаги ахборотларни ахборотдан фойдаланувчиларга аниқ механизмларда тақдим этиш борасида муайян ишларни бажармоқдалар.
Юртбошимизнинг Фармойишига асосан Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижроси Бухоро вилоятида жорий йилнинг май ойида назорат-таҳлил тартибида ўрганиб чиқилди. Вилоятдаги 88 та давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 68 тасида ахборот хизматлари ташкил этилди.
Эксперимент қонун нормалари ва қоидаларини такомиллаштириш, самарадорлигини аниқлаш, уларни қўллаш механизмларини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Экспериментни ҳаракатга келтирувчи куч, аввало, фуқаролар, маҳалла фаоллари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларидир. Фуқаролар, маҳалла йиғинлари фаоллик кўрсатиб, ўзларини қизиқтирадиган ахборотларни олиш учун ҳокимият органларига сўровлар билан мурожаат қилса, жараён янада жонланади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ва ҳаётимизга жорий этилиши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, уларнинг ҳуқуқий маърифати ва маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. www.mahallagzt.uz
Обсудить новость на Форуме