19:46 16.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг давлат ташкилотлари билан муносабатлари: давлат харидлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, соҳага кичик бизнеснинг иштирокини кенгайтириш, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунни тайёрлаш учун таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, шаҳар молия, адлия бошқармалари мутасаддилари, партия фаоллари бўлган етакчи тадбиркорлар иштирок этди.    Тадбир қатнашчилари Давлатимиз раҳбарининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да давлат буюртмаларини олиш каби механизмлар ҳисобига кичик ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам қонунчилик базасини яратишга алоҳида эътибор қаратилганини эътироф этди.  - Бу масалалар Президентимизнинг ўтган йили Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро анжуманинг очилишидаги нутқида ҳам ўз ифодасини топди, - дейди давра суҳбатида сўз олган Қонунчилик палатаси депутати Рахматилла Каримов. – Ҳозир давлат харидлари тизимидаги муносабатларнинг қонунчилик негизи шакллантирилди. Бу соҳага  эътиборнинг юқорилигига сабаб шуки, у давлат секторининг нормал ва тўхтовсиз фаолият олиб боришида муҳим аҳамиятга эга. Энг муҳими, давлат харидларидан иқтисодий сиёсат дастаги сифатида фойдаланиш мумкин. Яъни кичик бизнес ва маҳаллий саноатга буюртмалар бериш орқали уларни рағбатлантириш имконияти яратилади.  Тошкент шаҳар ғазначилик бошқармаси вакили Сарвархўжа Бузрукхўжаев давлат харидларида кичик бизнес вакилларига квоталар ажратиш механизми йўлга қўйилгани, жумладан, қиймати 500 млн сўмлик бўлган қурилиш ва реконструкция бўйича танлов фақат кичик бизнес вакиллари ўртасида ўтказилиши кўзда тутилганини маълум қилди.  Тадбир қатнашчилари фикрича, давлат харидларининг барча турларини тартибга солувчи ягона ҳужжатни қабул қилиш вақти келган. Ўзбекистоннинг юқори малакали кадрлар салоҳияти, маҳаллий саноат маҳсулотлари рақобатбардошлигини яхшилаш учун чекланмаган имкониятлар мавжудлиги бунга тўла асос яратади.   Давра суҳбатида мавзуга оид яна кўплаб масалалар муҳокама этилди. Жумладан, электрон кимошди савдолари натижалари бўйича олдиндан тўловни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни қонунчилик даражасида ҳал этиш, шартнома имзолашни асоссиз равишда рад этиш ҳолатлари, етказиб берувчи сифатида аккредитация учун ҳужжатлар пакетини шакллантиришнинг ўзига хос жиҳатлари каби мавзуларда сўз юритилди.  Иштирокчилар томонидан кичик бизнеснинг товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат буюртмаларини олиш имкониятидан фойдаланишини кенгайтириш, рақобатни янада ривожлантириш ва давлат харидларини амалга оширишда шаффофликни таъминлаш, электрон кимошди савдолари жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифлар ўртага ташланди.   Давра суҳбатида муҳокама этилган таклифлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлашда эътиборга олиш учун O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракциясига тақдим этилади. 
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиМатбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме