14:30 16.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДАВЛАТ ХАЛҚ ИРОДАСИНИ ИФОДА ЭТИБ, УНИНГ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
2013 йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Фракцияси аъзолари «Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 144-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилдилар.
Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 14 февралдаги ПҚ–1920-сон қарори билан тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг тегишли банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари конституциявий демократик институт бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қатор моддаларида ўз аксини топган. Хусусан, Бош Қомусимизнинг бир қатор моддаларида «Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади».
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасида амалдаги Қонунга нисбатан татбиқ этиш доирасининг кенгаяётгани, субъектлар сирасига жисмоний шахслар билан юридик шахсларнинг ҳам киритилиши, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, шунингдек мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожланиши билан боғлиқ кенг тарқалаётган мурожаат сифатида «электрон мурожаат» турининг ҳуқуқий мустаҳкамланиши қонун лойиҳасининг муҳим янгиликларидан бири ҳисобланади.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан катта ишлар амалга оширилган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан таклиф қилинган вариантдаги ўндан ортиқ моддалар тубдан ўзгартирилган. Бундан ташқари қонун лойиҳаси бир қатор янги моддалар билан тўлдирилган. Киритилган янгиликлар тобора ривожланиб бораётган фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш, мансабдор шахсларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишдаги масъулияти оширилиши, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам мурожаатлар киритилиши, амалиётда дуч келинаётган такрорий мурожаат, мурожаатнинг дубликати, қўшимча мурожаатлар масалаларига аниқлик киритилиши ва шу каби масалаларга ойдинлик киритади.
Фракция аъзолари муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида амалга оширилган ижобий ишларни таъкидлаб ўтиш билан бир вақтда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалаларга эътибор қаратиб ўтдилар.
Масалан, қонуннинг «Мурожаатларга қўйилган талаблар» деб номланувчи 7-моддасини Фуқаролик кодекси талабларига мослаштириш, электрон шаклда юбориладиган мурожаатларни кўриб чиқиш тартибларини янада аниқлаштириш, шунингдек қайси ҳолларда мансабдор шахсга юборилган мурожаат тегишли равишда кўриб чиқиш учун бошқа идорага юборилиши мумкинлиги ҳолатлари аниқ баён этилиши лозимлиги тўғрисида гапириб ўтилди. Қонун лойиҳасининг айрим моддалари эса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Ўзбекистон республикаси кодекси нормаларига мослаштирилиши лозимлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Кейинги вақтларда мамлакатимиз қонунчилигига тадбиркорлар ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан уларнинг ўз ҳуқуқларини химоя қилиш мақсадида судларга мурожаатларини осонлаштиришга қаратилган қатор ўзгаришлар киритилди. Фракция аъзолари «Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида»ги қонун албатта ушбу ўзгаришларни ҳам қамраб олиши зарурлигини таъкидлаб ўтишди.
Қонуннинг фуқаролар хуқуқларини муҳофаза қилиш нуқтаи-назаридан аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда фракция аъзолари ушбу қонунни иккинчи ўқишда Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилгунга қадар яна бир бор фракцияда экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтказиб олиш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Мажлис якунида O’zLiDeP фракциясининг тегишли қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме