18:45 04.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИШ – O’ZLIDEP ФРАКЦИЯСИ ЭЪТИБОРИ МАРКАЗИДА

3 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, экспертлар ва соҳа мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этган тадбирда O‘zLiDeP фракциясининг “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишдаги иштироки масаласи муҳокама этилди. 
Йиғилишда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан 2014 йилнинг мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши юртимиз жамоатчилигининг тўла қўллаб-қувватловига эришди. Бу, биринчи навбатда, болалар тарбияси ва таълими, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий, маънавий-ахлоқий негизини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳага ажратиладиган маблағлар самарадорлигини оширишга алоқадор барча масалаларни қамраб олган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг тизимлилиги ва мажмуавийлиги билан боғлиқ.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши эртанги кунга ишончнинг бир кўриниши ўлароқ, болалар, ёш авлодга эътибор ва чексиз ғамхўрликнинг навбатдаги ифодаси, Ўзбекистон ўз олдига қўйган олижаноб мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, бутун давлат ва жамият кучини бир ғояга қаратишда муҳим қадам бўлди.

O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида, шунингдек, Ўзбекистонда “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши баркамол, жисмоний соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялаш устувор бўлган, ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг қонуний ва мантиқий давоми бўлгани таъкидланди. Ушбу Дастурнинг амалга оширилиши мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларни кенг чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш ҳисобига янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган. Бу эса давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини ишга солишни талаб этади. 
Ушбуларни, шунингдек, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг Ўзбекистоннинг муваффақиятли келажагига олиб борадиган юксак мақсадларини амалга ошириш партия электоратининг энг эзгу орзу-умидларига жавоб беришини ҳисобга олиб, O‘zLiDeP мазкур дастурда белгиланган вазифаларни ҳал этишда кенг ва фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурининг самарали амалга оширилиши давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги изчил ва уйғун фаолияти, кенг аҳоли қатламларининг Дастурда режаланган тадбирларда манфаатли ва фаол иштироки билан чамбарчас боғлиқ. O‘zLiDeP мазкур Дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши бутун халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг умумий иши, деган қатъий позицияда туради. Чунки, Дастур диққат марказида мамлакатнинг нафақат бугунини, балки эртанги кунини ҳам белгилайдиган оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилада соғлом муҳитни, унинг иқтисодий ва маънавий-ахлоқий негизини мустаҳкамлаш каби ҳар қандай халқ учун муҳим аҳамиятга эга масалалар турибди. 
O‘zLiDeP фракцияси аъзолари Ўзбекистонда фарзандларимиз, халқимиз, келажагимиз учун амалга оширилаётган бу олижаноб ишлар изчил давом эттирилаётгани ва мунтазам кенгайиб бораётгани жуда муҳим эканини қайд этди. Ўтган йиллар давомида кўлами ва моҳияти жиҳатдан улкан ишлар бажарилди, “Соғлом она – соғлом бола”, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий Давлат дастури ва бошқа қатор умуммиллий дастурлар амалга оширилди. Жамиятда маънавиятни юксалтириш, болаларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга катта аҳамият қаратилмоқда. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётган улкан эътиборнинг ёрқин далилидир.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида, биринчи навбатда, соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, янги қонунлар ва меъёрлар ишлаб чиқиш чора-тадбирлари белгилаб берилгани алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистоннинг демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, барқарор иқтисодий тараққиёт, республиканинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш йўлидаги муваффақиятларининг асоси келажаги буюк давлат қуришга қодир жисмоний соғлом ва маънан етук авлоддир, деган қарашнинг нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Фракция “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида соғлом, баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бу юксак мақсадларга етишишга хизмат қилишига ишонади.
Таъкидландики, O‘zLiDeP фракцияси, ўз навбатида, соғлом, баркамол авлодни тарбиялашнинг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади.
Йиғилиш давомида фракция аъзолари Давлат дастурининг ёш оилаларнинг шаклланишига моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни таъминлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўзини намоён этиши ва уларнинг кунлик уй меҳнатини енгиллаштириш учун зарур шароитлар яратишга қаратилган комплекс йўналишларини алоҳида кўрсатиб ўтди. Бу эса соғлом ва тотув оила маҳсули бўлмиш соғлом фарзанд туғилиши, оилада меҳр ва ўзаро ҳурмат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар шаклланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. 
Соғлом ва баркамол авлод тарбияси, замонавий талабларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва ижтимоий муҳофаза муассасаларини барпо этишга давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлови ва ёрдамини кучайтириш масалаларига эътибор қаратилгани, ушбу жараёнлар учун масъуллар тайинлангани O‘zLiDeP учун ҳам муҳим ҳисобланиши қайд этилди. Шу билан бирга, партия уларнинг ривожланиши учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, соғлом бола тарбияси бўйича илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва жорий этишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлаб келади.
Фракция аъзолари “Соғлом бола йили” Давлат дастурини чуқур ўрганиш асосида унинг амалда сўзсиз бажарилиши стратегик жиҳатдан муҳим эканини қайд этди ва Давлат дастуридан келиб чиқадиган чора-тадбирларни амалга оширишга фаол иштирок этишда фракция олдида турган қатор вазифаларни белгилаб олди.
Йиғилиш иштирокчилари ўз чиқишларида O‘zLiDeP Сайловолди дастури талабларидан келиб чиқишга ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Сайловолди дастурида эса партиянинг популизм ва қуруқ ваъдалардан воз кечиш позициясига қатъий амал қилишнинг зарурлиги, кишиларни ўйлантираётган долзарб муаммоларни ҳал этишга амалий ҳисса қўшиш, ислоҳотлар тақдири учун масъулиятни ҳамда таклиф этилаётган ва қабул қилинаётган қонунлар учун сиёсий жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр бўлиш белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, фракциянинг бўлиб ўтган йиғилиши якуни бўйича қабул қилинган қарорлар ёрқин амалий хусусиятга эга бўлди. Биринчи навбатда, O‘zLiDeP фракциясининг 2014 йилги қонун лойиҳалари ва назорат-таҳлил фаолияти дастурига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар ишлаб чиқилди ва киритилди, шунингдек, унда белгиланган қонун лойиҳалари устида ишлаш масаласини партия назоратига олишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Фракция йиғилиши қарорларида белгиланганидек, асосий эътибор “Соғлом бола йили” тегишли ҳудудий ва тармоқ дастурларини амалга ошириш устидан депутатлик назоратини ўрнатиш борасида O`zLiDePнинг Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг самарали ҳамкорлиги масалаларига қаратилиши керак. Фракция қарорларида “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари юзасидан кенг ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этишнинг муҳимлиги алоҳида бандда кўрсатиб ўтилди.
Умуман, O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида таъкидландики, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашдек олижаноб мақсадга эришиш масаласи бундан кейин ҳам партия диққат марказида бўлиши лозим. O‘zLiDeP қабул қилинган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг амалга оширилиши Ўзбекистонда мустақил фикрлайдиган, ривожланган интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, мамлакат тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир жисмоний соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади, деб ишонади. 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме