00:00 29.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИ ПАРТИЯ ЭЪТИБОРИДА
O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши ва партиянинг Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳларининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, партия тузилмаларининг истиқболдаги фаолиятини режалаштириш ва ташкил этишга бағишланди.
Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев сўзга чиқиб, партия Давлат дастурини мамлакатимизда жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, “Соғлом она - соғлом бола” тамойили бўйича тизимли равишда амалга оширилаётган вазифаларни янги босқичга кўтарадиган дастурий ҳужжат сифатида қабул қилганини билдирди.
“Давлат дастури мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давомидир. Партия дастур ижросини тўла таъминлашда фаол иштирокчи бўлиши шарт”, - деди С.Турдиев.
Тадбирда мулкдорлар синфини шакллантириш, янги иш ўринларини яратиш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, унинг ЯИМдаги улушини 70-80 фоизга етказиш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб олиш лозимлиги таъкидланди.
- Давлат дастурига мувофиқ 8 та муҳим қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган, - деди йиғилишда сўзга чиққан O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Қобилжон Тошматов. - Шу боис, партия ва фракциянинг 2014 йилги иш режасига марказда ва ҳудудларда ушбу лойиҳалар муҳокамасини жадаллаштириш учун тегишли тадбирлар киритилган. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида”ги, “Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбе¬кистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ва бошқа қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва кенг муҳокама қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Тадбирда “Соғлом оила - мустаҳкам оила” партиявий лойиҳаси доирасида оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёш қизларни спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, аёл мураббийлар сонини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича назарий ва амалий ёрдам кўрсатишга оид тарғибот-ташвиқот ишлари аҳволи ҳам муҳокама этилди.
Йиғилиш якунида “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилиши лозим бўлган партиявий вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме