20:46 06.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ДАВЛАТ ДАСТУРИ
O’zLiDeP фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз Ислом Каримов қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастури қўллаб-қувватланиб, унда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда партия ва унинг фракцияси олдида турган долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Депутатларнинг фикрича, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган, кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида баҳоланаётган ушбу ҳужжат жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган тараққиётнинг «ўзбек модели» қанчалар ҳаётий тамойилларга асосланганини яна бир карра намойиш қилди.
Шу ўринда яқин тарихимизга назар ташласак: 1990 йилнинг 5 июнида Президентимиз томонидан «Миллатнинг зурриёд фондини, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ҳалокатдан сақлаб қолиш учун кенг кўламдаги тадбирларнинг катта комплексини амалга ошириш керак бўлади», дея айтилган сўзлар ўша пайтдаги реал ҳолатни, хусусан, соғлиқни сақлаш тизими, ёш авлодга нисбатан муносабатнинг қай аҳволда бўлганини кўрсатади.
Халқимизда оққан дарё оқаверади, деган ҳикматли ибора бор. Чиндан ҳам Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилган, изчиллик ва босқичма-босқичлик тамойилларига асосланган ислоҳотлар туфайли бугунгидек беқиёс натижаларга эришдик. Дунёнинг таниқли сиёсатшунослари, экспертлари ютуқларимизни эътироф этиш баробарида бу тажрибани оммалаштириш лозимлигини ҳам қайта-қайта таъкидламоқдалар. Истиқлол йиллари бу соҳага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилгани, хусусан, кейинги ўн йилда мамлакатимизда 750 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ профилактика муассасаларини модернизация қилиш ва энг замонавий ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилгани ислоҳотлар изчиллиги самараси сифатида баҳоланяпти. Ана шу даврда оналар ўлими 3,1 баробар, гўдаклар ўлими эса 3,2 баробар камайди. Шу ўринда 2003-2013 йиллар давомида мамлакатимизда 1816 та спорт объекти ишга туширилгани, 2014 йилга мўлжалланган Давлат дустурида эса бу борадаги ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилишини қайд этиш жоиз.
Шунинг учун ҳам 4,5 триллион сўм ва 300 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя йўналтирилиши кўзда тутилган Дастур ўз кўлами ва қамрови жиҳатидан ёшу қарининг эътиборини тортяпти.
Гарчи Ўзбекистон «Save the children» халқаро ташкилоти рейтингига кўра болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган ўнта мамлакат қаторидан мустаҳкам ўрин олган бўлса-да, «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, ақлли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт» деган даъват бугунги натижалар билан чекланиб қолмаслик кераклиги тўғрисидаги масалани кун тартибига қўймоқда.
Содиқжон ТУРДИЕВ,O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси:
— Ушбу муҳим ҳужжат партиямизнинг барча бўғинлардаги фаоллари ҳамда фракциямиз аъзолари томонидан чуқур ўрганилаётгани, шу асосда зиммамиздаги вазифалар белгилаб олинаётгани бежиз эмас. Зеро, унда кўрсатиб ўтилган устувор йўналишлар давлат идоралари билан бир қаторда сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, айниқса, мамлакатимиздаги тинчлик ва хотиржамликдан энг кўп манфаатдор бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар қатлами зиммасига алоҳида масъулият юклайди. Дунёнинг сиёсий, иқтисодий маконида рўй бераётган глобал ўзгаришлар, 2008 йилда бошланган ва бугунгача давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамай, мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ишига бу қадар катта эътибор қаратилаётгани Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларида танланган йўл ўзини тўла оқлаётганидан далолатдир. Шунинг учун ҳам ушбу муҳим ҳужжат O`zLiDeP, жойлардаги партия фаоллари ҳамда электорат вакиллари томонидан тўла қўллаб-қувватланяпти. Зеро, аксарият давлатлар ташқи қарзлар ҳисобига кун кечираётган, кўплаб мамлакатларда эса ички низолар оқибатида оддий фуқаролар, айниқса, болалар бошпанасиз, беҳаловатликда азият чекаётган бир пайтда Ўзбекистонда бир йиллик дастур ижросини таъминлашга шунча маблағ йўналтирилаётгани, шубҳасиз, иқтисодиётимизнинг кучлилиги ва барқарорлигидан далолатдир.
Давлат дастурида белгиланган вазифаларни таҳлил этар эканмиз, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қишлоқларимизда етакчи кучга айланган фермерлар томонидан бу жараёнда фаол иштирок этиш ташаббуслари илгари сурилаётгани электоратимиз вакилларининг давлат ва жамият олдидаги ижтимоий масъулиятини тўла ҳис этаётганларини кўрсатади.
Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳақида гап борганида Юртбошимиз томонидан 2009 йилнинг 5 декабрида айтилган «... биз бу йўлни кимгадир кўз-кўз қилиш, кимнингдир олдида намойиш этиш учун танлаганимиз йўқ. Бу йўл қандай оғир ва мураккаб бўлмасин, такрор-такрор айтаман, бизнинг миллий манфаатларимизга, асрлар давомида интилиб келган орзу-ниятларимизга тўла жавоб берадиган тараққиёт йўлидир.» деган гапларини яна бир бор эслаш ўринлидек туюлади.
Бахтиёр ЯКУБОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,O`zLiDeP фракцияси раҳбари:
— Бундай муҳим жараёнлар амалдаги қонунларни янада такомиллаштириш, давр талабларига мослаштиришни ҳам тақозо этади. Шунинг учун ҳам Дастурда 6 та муҳим қонунни қабул қилиш вазифаси қўйиляпти. Бундан ташқари, ушбу дастур жамиятнинг барча қатлам вакиллари эътиборини эртамиз эгалари камолоти, улар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратаётганини, бу айниқса, мамлакат сиёсий майдонида турли қатлам кишилари манфаатини ифода этаётган сиёсий партиялардан ҳам фаоллик ва ташаббускорликни талаб этишини қайд этиш лозим. Дастурда «Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Аҳолининг санитария-эпидемиологик барқарорлиги тўғрисида»ги каби қонунлар қабул қилиниши белгилангани фракциямиз аъзолари зиммасига ҳам жуда катта вазифа юклайди. Бундан ташқари дастурда белгиланган ҳар бир йўналиш жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини қатъий йўлга қўйишни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, бугунги йиғилишда фракциямиз Давлат дастури ижроси юзасидан олиб борадиган ишларини атрофлича муҳокама қилиб, 2014 йилга мўлжалланган иш режамизни қайта кўриб чиқдик.
Дастурнинг аҳамияти ва самараси ҳақида гап борганида келажагимиз эгаларининг янада фаровон ҳаёт кечиришлари, улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қиладиган ушбу ҳужжатда белгиланган вазифалар молиявий жиҳатдан тўла кафолатланганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шумқор УМРЗОҚОВ,халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгашидагиO`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари:
— Дастурда намунавий лойиҳалар асосида 11 мингта якка тартибдаги уйлар қурилиши режалаштирилгани, туманлар маркази ва қишлоқларда сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилашга доир янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши белгилангани бу жараёнда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ҳам фаол иштирокини тақозо этади. Шу ўринда дастурда 194 та тумандаги олис қишлоқларда гўзаллик салони, тикувчилик, таъмирлаш устахоналари ва бошқа хизмат кўрсатиш корхоналаридан иборат намунавий маиший хизмат мажмуалари очилиши белгиланганини қайд этиш жоиз. Бу вазифалар ҳам партия электорати бўлган тадбиркор ва фермерларимизни янги ташаббусларга чорламоқда.
Нодира КАРИМОВА,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O’zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Еттита бўлим ва 125 банддан иборат дастур билан танишиб, унда ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган янги-янги вазифалар тўла акс эттирилганига гувоҳ бўлдик. Дастурда профилактика ишлари даражаси ва тиббий хизматлар сифатини янада яхшилаш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш, кўрикни амалга оширувчи мутахассислар масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам айни муддаодир. Бундан ташқари унда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини кучайтириш, оила институтини мустаҳкамлаш ишлари ҳам муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилган. Бежизга оила мамлакатнинг буюк келажагини улғайтирувчи муқаддас бешик саналмайди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, оила фаровонлиги миллий фаровонлик асосидир. Оиладаги аҳиллик эса аёлларга эҳтиром кўрсатиш, уларга қулай шароит яратиш ва оғирини енгил қилиш орқали шакллантирилади. Шунинг учун ҳам «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг устувор жиҳатларини инобатга олган ҳолда фракция ўз иш режасига қатор ўзгартишлар киритди.
Абдуқодир ТОШҚУЛОВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O’zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Бугун биз — депутатлар зиммасидаги асосий вазифа мазкур дастурнинг биринчи бўлимида кўрсатиб ўтилган қонун лойиҳаларини пишиқ-пухта тайёрлаш, уларни замон талаблари асосида қабул қилишдан иборатдир. Зеро, «Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида», янги таҳрирдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги қонун лойиҳалари мазмун-моҳиятига кўра партиямиз дастурида белгилаб қўйилган вазифаларга бевосита тааллуқлидир. Бир нарсани эсдан чиқармаслик керакки, бугунги соғлом болагина эртага йирик фермер ва таниқли тадбиркор ёхуд ўқувчи, инженер бўлиши мумкин. Шу маънода, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган оилада меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳити, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг ўз иқтидорини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш каби биринчи даражали вазифалар ижросида барчамиз фаол иштирок этишимиз керак.
Барно АБДУЛЛАЕВА,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O`zLiDeP фракцияси аъзоси:
— Кенг қамровли, изчил ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлашга хизмат қиладиган Давлат дастурининг қабул қилиниши чиндан ҳам иқтисодиётимизнинг қанчалар кучли эканини кўрсатади. Зеро, Ўзбекистоннинг имкониятлари улкан режаларимизга мувофиқ келмоқда. Таълим тизимида узоқ йиллар ишлаганим учун ҳам бугунги ўзгаришларни қиёслаш имконига эгаман. Тан олиш керак: дунёнинг кўплаб давлатларида ҳукм сураётган маънавий таназзул илдизлари соҳага, келажак авлодга бефарқликдан келиб чиқди. Бугун тарбия, оиладаги муносабатлар дарз кетган давлатларда «йўқотилган авлод», деган ибора пайдо бўлди. Бу қанчалар аччиқ бўлмасин, ҳақиқат. Шу маънода ҳам Юртбошимиз ташаббусини кексаю ёш, ўқитувчию инженер, тадбиркору фермер чин дилдан қўллаб-қувватламоқда. Мактаб, оила бу соғлом авлод пойдеворидир. Ҳали Давлат дастури ижросига киришилмай туриб, унинг истиқболдаги натижаларидан қувонаяпмиз. Бу — муҳим ҳужжат оддий одамлар қалбидаги эзгу интилишларни ифода этаётганидан далолатдир.
Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг қабул қилиниши депутатлардан, авваламбор, қонун ижодкорлиги фаолиятига янада кучлироқ аҳамият бериш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда аниқ таклифлар тайёрлашни талаб этади.
Йиғилишда «Соғлом бола йили» Давлат дастури қабул қилиниши муносабати билан фракция иш режасига ўзгартиришлар киритиш, дастурда кўрсатилган ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича партиянинг аниқ позициясини шакллантириш бўйича Ишчи гуруҳлари тузишга келишиб олинди. Қолаверса, дастурни жойларда самарали амалга оширишда назорат-таҳлил тадбирларини кучайтириш, жорий йилнинг март ойида сайловчилар билан бўладиган учрашувларда эса унинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш зарурлиги таъкидланди ва бу борада фракция аъзолари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Ҳа, чиндан ҳам «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳеч бир юртдошимизни бефарқ қолдирмаяпти. Айни пайтда ислоҳотлар натижаси, муваффақияти учун масъулиятни ўз зиммасига олган O`zLiDeP фаоллари ҳамда электорат вакиллари томонидан ҳам ушбу муҳим ҳужжат чуқур ўрганилаётганини таъкидлаш жоиз. Бир сўз билан айтганда, O`zLiDeP халқимиз турмуш даражасини янада оширишга қаратилган Дастур ижросини таъминлашда барча куч ва имкониятларни сафарбар этишни 2014 йилдаги асосий вазифа сифатида белгилаб олди.
"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 6 март, 09 (537)-сон
Обсудить новость на Форуме