20:15 13.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ БЕЛГИЛАНГАН ПАРАМЕТРЛАР АСОСИДА ИЖРО ЭТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси назорати мамлакатимиз парламентининг конституциявий ваколатларидан ҳисобланади. Шу боис Олий Мажлис Давлат бюджети ижросини ҳар чоракда, ярим йилликда ҳамда йил якунлари бўйича кўриб чиқади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур муҳокамалар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қоидалари асосида кечмоқда. Зеро, янги тартибга кўра, Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ахборот хулоса ва таклифлар ишлаб чиқиш учун тегишли қўмита, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳига тақдим этилади. Янги тартибга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йилдаги ва 2013 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кенг муҳокама қилинди. Масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари М. Мирзаев маъруза қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети Олий Мажлис томонидан тасдиқланган параметрларга мувофиқ ижро этилганлиги айтиб ўтилди.

Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпциясининг устувoр йўнaлишлaри изчил aмaлгa oширилаётганлиги, барча жабҳаларда ислоҳотларнинг тизимли давом эттирилаётганлиги ҳисобот даврида иқтисoдиётнинг юқoри бaрқaрoр суръaтлaрда ўсишини вa мaкрoиқтисoдий мувoзaнaтлиликни тaъминлaди.

Чунончи, 2012 йил якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,2 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7 фоизга, пудрат қурилиш ишлари ҳажмининг 11,5 фоизга, чакана савдо айланмасининг 13,9 фоиз ўсишига эришилди. Экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва экспортни диверсификация қилиш, маҳсулотларни сотишнинг янги ташқи бозорларини фаол ўзлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар экспорт ҳажмининг 11,6 фоизга ўсишини, ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 1,1 миллиард доллардан ортиқ миқдорда бўлишини таъминлади. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар 70 фоиздан зиёдни ташкил этди.

Йиғилишда эътироф этилганидек, Президентимиз томонидан жорий йилга белгилаб берилган устувор вазифаларнинг тизимли жорий этилиши 2013 йилнинг биринчи чорагида ҳам мамлакат иқтисодиётида муҳим ижобий ўзгаришларни таъминлади. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,2 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 13,2 фоизга ўсди. Жорий йилнинг биринчи чорагида Давлат бюджетининг даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди.

Йиғилишда тақдим этилган ахборотнинг кенг муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари ўз сайловолди дастурларидан келиб чиқиб, Давлат бюджети ижроси билан боғлиқ бир қатор масалаларни кўтариб чиқишди. Зеро, у мамлакатимизнинг бош молиявий ҳужжати сифатида ҳаётга самарали татбиқ этилиши жамият ҳаётининг барча жиҳатларига ижобий таъсир кўрсатади.

Ш. ТЕШАЕВ,
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қуйи палатадаги фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджети ижросини таҳлил қилиш жараёнида ЎзЛиДеП бевосита электорат манфаатларига дахлдор бўлган устувор йўналишларга эътибор қаратди. Хусусан,  иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, уй-жой қурилишини, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш борасида фаол инвестиция сиёсати олиб борилиши натижасида инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 14 фоизга ортди. Ўтган йилда 205 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди.

Инвестициялардан оқилона фойдаланилиши, маҳаллийлаштириш дастурларининг муваффақиятли жорий этилиши самарасида республикамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича қўшилган қиймат солиғидан тушумларнинг 2011 йилдагига нисбатан 17,2 фоизга кўпайганлиги иқтисодиётни диверсификациялаш ва модернизация қилиш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг муҳим натижаларидан эканлиги тадбирда алоҳида эътироф этилди. 2012 йил якунларига кўра, Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз профицит билан ижро этилиб, инфляция кўрсаткичлари белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошиб кетмади.

Фракциямиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантириш бўйича олиб борилган ишлар унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2011 йилдаги 54 фоиздан 2012 йилда 54,6 фоизга ўсишини таъминлаганини алоҳида қайд этди.  Бу марраларга эришишда кичик бизнеснинг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани муҳим аҳамият касб этди. Чунончи, 2012 йилда ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди. Эътиборли жиҳати, Давлат бюджети даромадига салбий таъсир кўрсатмасдан, 2011 йилдагига нисбатан солиқ солинадиган базанинг кенгайиши ҳисобига тушумлар миқдори 22,5 фоизга кўпайди.  Айни чоғда мазкур солиқ ставкасининг камайтирилиши ҳисобига кичик корхоналар ва микрофирмалар даромади 100 миллиард сўмга ортди. Бу уларга ўз соҳаларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий қилиш ҳамда янги иш ўринларини яратишда қўшимча имкониятларни очди.

Шу билан бирга, фракциямиз аъзолари томонидан бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишини таъминлашга мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши ҳамда “Бюджет тизими тўғрисида”ги, “Давлат бюджетининг ғазна ижроси тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунлар талабларининг бажарилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш ҳамда уларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш борасида амалий таклифлар билдирилди. Қобил ҲИДИРОВ,"Халқ сўзи" газетаси2013 йил 11 июнь, №112 (5786)

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме