14:15 14.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛДИ

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ўзига хос йўналишда тобора ривожланмоқда. Бунда қишлоқда ишлаб чиқариш ва ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига замонавий технологияларни тадбиқ этиш, соҳа бошқаруви тизимига самарали механизмларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг мустақиллигини кенгайтириш ва уларни ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Буларнинг барчаси соҳада янгича ҳуқуқий муносабатлар вужудга келаётганидан далолатдир.

Жорий йилнинг 13 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Ўзбекистонда чорвачилик ривожланишининг хусусиятлари ва ҳуқуқий асослари” мавзуида илмий-амалий конференцияда ҳам ана шундай ҳуқуқий муносабатлар ҳақида сўз юритилди. Конференция “Плем-элита” илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг Ўзбекистон чорвачилик илмий-тадқиқот институтида ўтказилгани бежиз эмас. Чунки бу даргоҳ республикада етакчи илмий даргоҳлардан бўлиб, чорвачилик соҳасининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Мазкур конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Иқтисодиёт, Молия, Адлия, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирликларининг мутасаддилари, Рақобат, Статистика, Солиқ, “Ергеодезкадастр” давлат қўмиталарининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази ва унинг тизимидаги илмий муассасалар, олий ўқув юртлари, илмий марказлар олимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда ишбилармонлар, деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбирда қайд этилганидек, мустақиллик йилларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисидаги, “Наслчилик тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини ташкил этади.

Чорвачиликни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида қисқа муддатда мамлакатда чорва моллари бош сонини, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришга ва сифатини яхшилашга, мамлакатда янги иш ўринлари яратишга, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга эришилди.

Соҳада иқтисодий-ижтимоий ва ишлаб чиқариш муносабатлари ва тегишли инфратузилмалар шаклланишига фуқаролик жамияти институтлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда. Жумладан, Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, “Насл-хизмат” уюшмаси, Парранда саноатчилари уюшмаси, Асаларичилар уюшмаси, Ветеринария мутахассислари уюшмаси, “ЗООВЕТЕРИНАРИЯ” илмий-оммабоп ва “АГРОБИЗНЕС-информ” ижтимоий-иқтисодий ихтисослашган журналлар соҳани услуб жиҳатидан қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Тадбирда мамлакатда чорвачилик ривожланишининг бугунги ҳолати, эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилиб, соҳадаги қўлланилмаётган имкониятлар ҳам чуқур таҳлил қилинди. Таъкидландики, бугунги кунда республикада чорвачилик томорқа ва деҳқон хўжаликларда экстенсив, яъни анъанавий усулда юритилаётгани кузатилаётган бўлса, фермер хўжаликларда саноат асосида юритиш - интенсив технологиялар кенг қўлланилишига эътибор қаратилмоқда.

Тадбир якунида ишлаб чиқилган резолюциясида мамлакатда чорвачилик соҳасига оид ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни тизимлаштириш, агро ва биотехнологияларни кенг татбиқ этиш, илм-фан-амалиёт интеграциясига, малакали кадрлар етиштиришга, тадбиркорлар ва фермерлар томонидан ишлаб чиқариш амалиётига саноат усулларини кенг татбиқ этиш юзасидан аниқ ва мақсадли таклифлар ва тавсиялар ўрин топди. 
www.parliament.gov.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме