12:00 06.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Бир юз олтмиш бир мамлакат ичида тўққизинчимиз

Шоира ҲАЙДАРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O`zLiDeP фракцияси аъзоси:


Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Бош қомусимизда қатъий белгилаб қўйилган ушбу қоида истиқлол йиллари мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мезонига айлангани бугун қўлга киритилган улкан ютуқларимизда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кучли ижтимоий сиёсат юритиш тамойилининг Конституциямизда ўз аксини топиши аҳоли турмуш даражасини, халқ фаровонлигини ошириш имконини берди, албатта. Бу борада, энг аввало, болалар ва ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни баркамол ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий базанинг янада такомиллаштирилиши қандай натижалар бераётганини ҳатто дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этаяпти.

Хусусан, ўтган йиллар давомида бевосита болалар ҳуқуқларига оид 600 дан ортиқ қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилиб, Конституциямизда ўз аксини топган нормалар асосида парламент томонидан қатор қонунлар қабул қилинди. Шу ўринда она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида  Ўзбекистон қўшилган дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири 1992 йил 9 сентябрда парламентимиз томонидан ратификация қилинган бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. 1998 йилнинг 10 ноябрида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармони эса соҳани тубдан янгилашнинг муҳим босқичини бошлаб берди. Бунда асосий эътибор она ва бола саломатлигини таъминлаш, соғлом она — соғлом бола ғоясини юртдошларимиз қалби ва онгига чуқур сингдириш, баркамол авлодни вояга етказиш ишларига қаратилиб, бу масала умуммиллий ҳаракатга айланди.

2008 йилда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг кучга кириши эса аҳоли фаровонлигини ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш бўйича миллий стратегиянинг қонуний асосларини белгилаб берди.

Шу ўринда ўтган 20 йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга  сарфланаётган давлат харажатлари 5 баробарга кўпайганини, одамларнинг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга, жумладан, аёлларнинг ўртача умри 75 ёшга етганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва ушбу тизимда сифат ўзгаришларини амалга оширишни таъминлаш борасидаги ишларга жиддий ёндашилгани эса оналик ва болаликни муҳофаза қилишни юксак даражага кўтарди. Ўзбекистон жорий йилда «Болаларни асрайлик» халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатаётган давлатлар орасида 9-ўринни эгаллаганининг боиси ҳам ана шунда. Кейинги ўн йилда мамлакатимизда оналар ўлими коэффициенти 33,1 промилледан 19,7 промиллега, болалар ўлими коэффициенти эса 18,9 промилледан 10,1 промиллега тушгани, туғма ва ирсий касалликлар билан туғиладиган болалар сони қарийб икки  баробар камайгани, ушбу мақсадлар учун фақатгина ўтган йилнинг ўзида 1 триллион 700 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари ажратилгани ҳақиқатан ҳам юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг узвий асосини ташкил этаётганини кўрсатади.

Буни 25-26 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган «Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: «Соғлом она — соғлом бола» мавзуидаги халқаро симпозиумда қатнашган чет эллик мутахассислар ҳам эътироф этдилар. Жумладан, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти Бош директори Маргарет Чен хоним Ўзбекистонда ҳатто глобал инқирозлар даврида ҳам аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари муттасил ошиб, умр кўриш давомийлиги юксалаётганини таъкидлади.  

Бир сўз билан айтганда, Конституциямизда «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга» экани белгилаб қўйилгани  тиббиёт тизимини юксак даражага олиб чиқиш ва аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратиб берди.

Хусусан, болаларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази ва 13 та минтақавий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларидан иборат ягона тизим яратилди. Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг минтақавий филиаллари, минтақавий перинатал марказларда оналар ва чақалоқларга юқори технологиялар асосида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган «Она ва бола скрининги» Давлат дастури асосида барча ҳудудларимизда замонавий скрининг марказлари ташкил этилди. Бу кўплаб туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш имконини бермоқда.

Айни пайтда эса мамлакатимиз давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига сарфланаётган  харажатлар 15,7 фоизни, ялпи маҳсулотга нисбатан эса 4,1 фоизни ташкил этаётгани эса Бош қомусимизда белгилаб қўйилган миллий ва умуминсоний тамойилларнинг ҳаётимиздаги амалий ифодаси, мамлакатимизда инсон манфаатлари устунлигининг бош мезонига айланиб бораётганининг яна бир тасдиғидир.
     

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме