15:46 26.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Барқарор ривожланишни таъминловчи кафолатланган бюджет

Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби кўплаб мамлакатлар ҳали-ҳамон жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳақида бош қотираётган, социал сектор харажатларини кескин камайтириш баробарида солиқ юкини оширишга ҳаракат қилаётган бир пайтда Ўзбекистонда манбалари олдиндан кафолатланган ва ижтимоий йўналтирилган давлат бюджетининг қабул қилиниши истиқлол йиллари «ўзбек модели» асосида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасининг ҳаётий тасдиғи, дея эътироф этилаяпти.Келгуси йилга мўлжалланган бюджетноманинг туб моҳиятини англаш учун ушбу ҳужжат таҳлилига дунёда кечаётган жараёнларни яна бир бор кўз олдимиздан ўтказган ҳолда ёндашсак, глобал миқёсда юз бераётган моливий инқироз туфайли қатор давлатлар қабул қилаётган бюджетларда кузатилаётган хусусиятлар билан солиштирсак Ўзбекистон давлат бюджети лойиҳасида илгари сурилган ғояларнинг аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлади.  Қуйидаги мисоллар ҳам фикримизни янада ойдинлаштиришга хизмат қилиши мумкин.Маълумки, 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози ривожланган давлатларга ҳам, ривожланаётган мамлакатларга ҳам бирдек таъсир ўтказди. Унинг оқибатларига бардош бериш ҳалигача аксарият давлатлар ҳукуматлари учун ҳаёт-мамот масаласига айланаётгани сир эмас. Ҳатто бир қатор ғарб мамлакатлари ўз иқтисодиётида 2012 йилда кузатилган пасайиш суръатлари кейинги йилда ҳам давом этишини тан олмоқдалар. Айни пайтда дунё аҳли Греция, Португалия ва Испанияда бюджет тақчиллигини бироз бўлсада камайтириш мақсадида қандай молиявий чекловлар қўлланилаётганига гувоҳ бўлиб турибди. Италия 2013 йилги бюджетини 10,5 миллиард еврога қисқартираётгани, буни, энг аввало соғлиқни сақлаш тизимига ва ҳудудий бошқарув тизимига ажратиладиган маблағларни қисқартириш ҳисобига амалга ошириш режалари мавжудлигини бирдираётган бўлса, худди шу каби қисқартиришларни Испания таълим ва соғлиқни сақлаш ҳисобига амалга оширишни белгиламоқда.Ўзбекистонда эса давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи айнан шу соҳа харажатларига йўналтирилаётгани мамлакатимизда қабул қилинаётган бюджет лойиҳасининг туб моҳиятини кўрсатади, албатта. Кейинги вақтларда бир қатор мамлакатлар тадбиркорлик субъектлари зиммасидаги солиқ юкини ҳам кўпайтириш йўлидан бормоқдалар. Ушбу давлатлар ҳукуматлари бундай қадамни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитидаги мажбурий тадбир эканлиги билан оқлашга ҳаракат қилишмоқда. Бугун Франция бюджет танқислигини бартараф этиш мақсадида бизнес субъектларининг айрим турларига солиқни кўтариш масаласини кўриб чиқмоқда. Иқтисодиётдаги вазият туфайли Испанияда беш ой ичида 63 млрд. евро миқдоридаги капиталнинг четга чиқиб кетиши қайд этилди. Ушбу омиллар таъсирида евроҳудудда ишбилармонлик фаоллиги охирги ойларда ўзининг кейинги уч йилдаги энг паст даражасига тушгани тилга олинмоқда. Шундай вазиятда Ўзбекистоннинг 2013 йилга мўлжалланган давлат бюджетида тадбиркорлар зиммасидаги бирорта солиқ юки кўтарилмагани, аксинча, 2012 йилда Президентимиз томонидан қабул қилинган қатор фармон ва қарорлар асосида соҳа вакиллари учун янги имтиёзлар берилганини кўриш мумкинки, бундай ёндашув ҳам мамлакат бюджетини бошқа давлатларнинг молиявий ҳужжатидан фарқловчи муҳим жиҳатлардан биридир. Қолаверса, 2013 йили Ўзбекистонда баъзи солиқ турлари бутунлай бекор қилинаётганини таъкидлаш мумкин. Масалан, юридик шахсларнинг номоддий активлари (патентлар, лицензиялар, дастурий таъминот, муаллифлик ҳуқуқи ва бошқалар) бўлган мол-мулки солиқ солиш объектидан чиқарилаётгани фикримиз далилидир. Бу эса шундай корхоналар фаолиятига инновацияларни кенг жорий этиш учун яна бир рағбатлантирувчи омил сифатида хизмат қилади. Учинчи бир қиёс. Албатта, кўплаб давлатлар бугун ўз иқтисодиётининг даромад ва харажат қисмини мувозанатлаштириш мақсадида аҳоли даромадларини камайтиришга мажбур бўлаётгани, бу эса аҳолининг норозилигини келтириб чиқараётганидан ҳам кўз юмиш мумкин эмас. Бир қатор Европа мамлакатларида айнан шу муаммо туфайли аҳоли намойишлар уюштираётганлигидан бугун оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлиб турибмиз. Мамлакатимизнинг 2013 йилга мўлжалланган бюджет лойиҳасида эса аҳолининг турмуш фаровонлигини янада ошириб бориш устувор масалалардан бири сифатида белгиланиб, бюджетдан маош олувчиларнинг иш ҳақини йил давомида 1,23 фоизга кўпайтириш, жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган энг кам солиқ ставкасини биринчи шкала бўйича 9 фоиздан 8 фоизга камайтириш назарда тутилганки, бу ёндашувларнинг асл моҳияти ва аҳамияти бошқа мамлакатлардаги ҳолат билан таққослангандагина яққол намоён бўлади.Мана шу қиёсий таҳлилларнинг ўзиёқ мамлакатимизнинг 2013 йилга мўлжалланган бюджетини том маънода барқарорлиги кафолатланган, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожини таъминлашга хизмат қиладиган бюджет, деб баҳолашга асос бўла олади. Кези келганда, мамлакатимизнинг солиқ ва бюджет сиёсати, энг аввало, сармоявий ва ишчанлик муҳитини яхшилашга, иқтисодиётни модернизациялашни рағбатлантиришга, хўжалик юритувчи субъектлар, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Албатта, бундай бюджет лойиҳасини O`zLiDeP электорати бўлган тадбиркор, ишбилармонлар ва фермерлар тўла қўллаб-қувватлайдилар. Чунки тадбиркорлик, ишбилармонлик, энг аввало, барқарорлик мавжуд бўлган, эртанги кунга ишонч ҳукм сурган жойдагина тараққий этади. Мамлакатимизнинг солиқ ва бюджети сиёсати эса айнан ана шундай мақсадга қаратилган.Шу ўринда Ўзбекистонда машҳур беш тамойил моҳиятидан келиб чиққан чора-тадбирларни амалга ошириш нафақат жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига барҳам бериш, балки кейинги йилларда давлат бюджети профицит билан ижро этилишини таъминлаш имконини ҳам бераётганини қайд этиш лозим. Бу эса республикамизда ўтказилаётган солиқ ва бюджет сиёсати самарадорлигининг, мамлакат тўлов баланси ҳолати барқарорлигининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилга мўлжалланган асосий молиявий ҳужжатини жаҳондаги глобал инқироз асоратларини енгиб ўтишга қодир бўлган, такрор бўлса ҳам, барқорорлиги кафолатланган бюджет, десак муболаға бўлмайди.

Бахтиёр ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидагиO’zLiDeP фракцияси раҳбари

“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси

 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме