20:31 12.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БУГУНГИ КУНДА ЎЗБЕКИСТОНДА 18 МИНГДАН ЗИЁД КЎП ТАРМОҚЛИ ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Сирдарё вилоят Фермерлари кенгашида “Ўзбекистонда тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш ҳамда аграр соҳа тармоқларини модернизация қилишнинг долзарб масалалари: бугунги ҳолат, таклиф ва тавсиялар” мавзуида амалий мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар иштирок этди. 
Мулоқотда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев сўзга чиқиб, Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан маъруза қилди.  
- Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жамиятимиздаги роли ва мавқеининг тобора ошиб бориши иқтисодиётимиз таркибидаги ривожланишдан далолат беради, - деди С.Турдиев. -  Айтиш жоизки, ўтган йилнинг ўзида юртимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади. Ушбу секторда фаолият юритаётган корхоналарнинг умумий сони йил охирига келиб 190 мингтага етганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. 
Нотиқ ўз сўзида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли ўзгаришлар ва сифат жиҳатдан янгиланишлар юз бераётганини қайд этар экан, хусусан, ғалла етиштириш  2000 йилдагига нисбатан 2 баробар, картошка - 3,1 марта,  сабзавот - 3,2 баробар, узум - 2 марта, гўшт ва сут - 2,1 карра, тухум етиштириш 3,4 баробарга ошганини эслатиб ўтди. 
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирда фермер хўжаликларимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нафақат хомашё сифатида сотиш, балки уни жаҳон андозаларига мос равишда қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш орқали экспортбоп маҳсулотларни тайёрлаш ҳам йўлга қўйилган. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Агар рақамларга эътибор берадиган бўлсак, бугунги кунда республикамизда мавжуд 66 минг 134 та фермер хўжаликларининг 30 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан чекланиб қолмасдан, хизмат кўрсатиш, касаначилик, тайёрлов, сақлаш, қайта ишлаш ва унинг савдоси каби бошқа фаолият турлари билан ҳам шуғулланиб келмоқда. 
“Партиянинг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, фермер хўжаликлари билан ўтказилаётган амалий мулоқотларимиз жараёнида уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш, таъминот, тайёрлов ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини самарали йўлга қўйиш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, тавсиялар бериб келинмоқда. Фермерларимизнинг фаолият доирасини кенгайтириб кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилиши иқтисодий самарадорликни ошишига таъсир этувчи муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда”, - деди С.Турдиев. 
Тадбирда тадбиркорлар ва фермерларга ажратилаётган кредитлар, фаолиятларига доир шартномаларнинг қонуний асослари, ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспорти учун берилаётган имтиёзлар ҳақида сўз юритилиб, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнини жадаллаштириш, асосий эътиборни қишлоқ мулкдорлари манфаатига қаратиш O‘zLiDePнинг мақсад-муддаоларига ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди.
Мулоқот якунида кўтарилган мавзулар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 
O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме