02:15 31.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
БУ ЮТУҚЛАРДА O‘ZLIDEPНИНГ ҲАМ ҲИССАСИ БОР
Мухаммади МАМАДАЛИЕВ,O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят КенгашиМафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири
Истиқлолимизнинг ҳар бир йили Ватанимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳиятининг амалий намоёни, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида катта тантана билан қарши олинади.
Шу кунларда биз мустақилликка эришилган қутлуғ санани йигирма иккинчи бор кенг нишонлаш арафасида турибмиз. Бу йилги тантаналар “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида ўтмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов Мустақиллигимизнинг илк йилини байрам қилиш тантаналарида: “Бугун Ўзбекистон Республикаси - БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, республикамиз кўпгина обрўли халқаро давлатлараро ташкилотлар ва кенгашларга таклиф қилинди ва уларнинг ишида фаол қатнашяпти. Республикамизни 120 дан ортиқ мамлакат тан олди. Элликка яқин давлат билан дипломатия муносабатини ўрнатдик. Бугун жаҳон сармоядорлари ҳам Ўзбекистоннинг ишончли ва кучли шерик эканига амин бўлдилар. Энг муҳими, дунё аҳли меҳнаткаш, ҳалол ўз тупроғининг жонкуяр эгаси бўлган ўзбек халқини тан олди ва таниди”,- деган эди.
Ўтган йигирма йилдан ошиқ давр ичида Президентимизнинг бу сўзлари янада ишончли асосларга эга бўлди. Халқимизнинг ўз қудратига бўлган ишончи, халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътибори ва қадр-қиммати янада юксалди. Бугун ҳар бир юртдошимиз Мустақилликнинг моҳияти ва аҳамиятини, халқимиз ҳаётида, онгида юз берган оламшумул ўзгаришларни янада теранроқ ҳис қиляпти.
Сурхон воҳаси аҳли ҳам Мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамига ўзгача шукуҳ, кўтаринки руҳ билан тайёргарлик кўрмоқда. Бунинг ўз сабаблари бор, албатта. Ўтган давр мобайнида воҳада мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кўҳна ва ҳамиша навқирон Термиз шаҳримизнинг 2500 йиллик юбилейи халқаро миқёсда нишонланди. Халқимизнинг улкан маданий-маънавий бойлиги бўлган “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги катта байрам қилинди. Йирик саноат корхоналари, ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилди. Ўнлаб замонавий мактаб ва коллежлар, спорт иншоотлари қад ростлади. Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилиши Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун бемисл имкониятлар эшигини очди.
Қувонч ва фахр билан айтиш керакки, вилоятимизда юз бераётган бундай оламшумул ўзгаришларда O‘zLiDePнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Биргина мисол. Жорий йилда юртимизда рекорд даражадаги ғалла хирмони бунёд этилишида сурхондарёлик деҳқон ва фермерлар ҳам улкан ҳиссаларини қўшди. Бу заҳматкаш деҳқон ва фермерлар орасида эса партиямиз аъзолари кўпчиликни ташкил этади. Қолаверса, бугун вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳаракатида бўлган бизнес аҳли орасида ҳам либерал-демократлар анчагина.
Зеро, O‘zLiDeP Дастурида партия сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритиши учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлашга катта аҳамият қаратиши лозимлиги қайд этиб ўтилган. Унинг фермерлар, тадбиркор ва ишбилармонлардан иборат электорати партия Дастурида белгилаб қўйилган шу эзгу мақсадларнинг тўлиқ амалга ошишига ишонади.
Обсудить новость на Форуме