20:15 13.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БПТЛАР ФАОЛЛИГИ – O‘zLiDeP МАВҚЕИНИ ОШИРИШНИНГ ЭНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ҳисобот-сайлов сарҳисоби
O‘zLiDeP Уставидан

БПТ партиянинг асосий бўғини, пойдеворидир. Бошланғич ташкилот аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан бевосита алоқада иш юритиш ва уларга таъсир кўрсатиш имконига эга бўлган партиянинг қуйи тузилмасидир.

O‘zLiDeP ғоя ва мақсадларининг бевосита жойларга етиб бориши ҳамда электорат билан ўзаро алоқалар мустаҳкамланишида асосий бўғин - партия пойдевори ҳисобланган бошланғич партия ташкилотларининг ўтган йилдаги   фаолиятини  атрофлича ва тўлиқ таҳлил этиш ҳамда уларнинг бугунги ва эртанги кун талаблари асосида изчил фаолият юритишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 15 февралидан бошлаб барча БПТларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилди. 

– Қуйи бўғинларнинг 2012 йилдаги фаолияти атрофлича таҳлил этилган ҳисобот-сайлов йиғилишларида ҳам ана шу масалага бирламчи эътибор қаратилганлигини ҳамда ҳисобот-сайлов йиғилишлари даврида ҳар бир БПТнинг ўтган йилдаги фаолиятига холис баҳо бериш баробарида улар ишини янада такомиллаштириш юзасидан жорий йилга мўлжалланган иш режалари ишлаб чиқилган, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарат раҳбари Фурқат Хатамов. 

 – Бу эса қуйи бўғинлар фаолиятини мувофиқлаштириш жараёнига ижобий таъсир кўрсатмай қолмайди, албатта. 

Йиғилишларда БПТлардаги ишчан раҳбарларни қўллаб-қувватлаш, аниқ партия ёндашуви ва инновацион ғояларга эга, партия фаолиятини янада ривожлантиришга жиддий туртки бера оладиган партия фаолларини кўпайтириш, БПТларни партиянинг янги ташаббусларини шакллантириш учун аҳоли билан сиёсий ишларнинг ўзагига, шунингдек, партия устуворликлари ва ташаббусларининг реал воситаси ҳамда партия сафини мустаҳкамлашнинг механизмига айлантириш масалалари муҳокама этилди. БПТ қайси соҳа вакилларини бирлаштиришидан қатъи назар, либерал-демократик ғоялар тарғиботига асосий эътибор қаратиши, фақат ташкилот муаммолари билан чекланиб қолмасдан, ўз ҳудудида ечимини кутаётган муаммоларни ўрганиши, улар ечимига оид таклифларни ишлаб чиқиши алоҳида аҳамиятга молик экани қайд этилди. 

Таъкидлаш жоизки, йиғилишларда бошланғич ташкилот раиси ва унинг ўринбосарлигига муносиб номзодларни сайлашга бирламчи вазифалардан бири сифатида қаралди. Бунда ҳар бир етакчининг ўтган йилдаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, қониқарли деб топилмаган тақдирда бошқа номзодлар сайланди. Зеро, илғор фикрлайдиган, ислоҳотларнинг янги босқичида фаолият олиб боришга, партия олдида турган долзарб масалаларни ҳал этишга қодир бўлган кадрларгина жамиятга наф келтиради.

БПТларда кенгаш тузиш, унинг аъзоларини сайлаш, баъзи жойларда эса янги талабгорларни партия сафига қабул қилиш ва туман (шаҳар) Кенгашига тасдиқлаш учун юбориш масалалари ҳам алоҳида назоратга олинди. Йиғилишлар давомида ўтган бир йил ичида амалга оширилган ишлар партия аъзолари томонидан чуқур таҳлил этилиб, ечимини кутиб қолган муаммоларни ижобий ҳал этиш, ташкилий-партиявий ишларни яхшилаш, БПТ иш самарадорлигини, уларни тўлақонли ва давр талаблари даражасида фаолият олиб бориши учун етарли шарт-шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишларда Юртбошимизнинг “Бош мақсадимиз — кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш” номли маърузасидан келиб чиқиб, БПТларнинг 2013 йилдаги устувор вазифалари белгиланди, жойлардаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этишда аҳолининг сиёсий фаолигини оширишга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш БПТ етакчилари ва барча партия фаоллари эътибор қаратиши лозим бўлган асосий масалалар бўлиши кераклиги билдирилди.

Ҳисобот-сайлов жараёнларида партия аъзоларининг фаол иштироки таъминланганлиги, бўлиб ўтган барча йиғилишлар ҳужжатлари жамланиб таҳлил этилганлигини таъкидлаш жоиз. Тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган БПТларда йиғилишлар кўтаринки руҳда ва уюшқоқлик билан ўтказилиб, қуйи бўғинлар зиммасидаги янги вазифалар белгилаб олинди.  Партия сафларини қишлоқ мулкдорлари, фермерлар, тадбиркорлар ҳисобига янада кенгайтириш, янги БПТлар ташкил этиш, шунингдек, “Обод турмуш йили” Давлат дастури ҳамда партиянинг 2013 йилдаги Ҳаракат дастурини бажаришда БПТларнинг асосий долзарб вазифалари ҳақида сўз юритилди. 

- БПТларда ҳисобот-сайлов йиғилишлари талаб даражасида ўтказилишини таъминлашда вилоят ва туман (шаҳар) кенгашларининг кўмаги катта бўлди, - дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати етакчи консультанти Сардор Маликов. - Таҳлиллар Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида йиғилишлар фаоллик ва уюшқоқлик билан ташкиллаштирилганини, аммо Сирдарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида бу борада бир мунча камчиликларга йўл қўйилганини кўрсатди. Гарчи ҳисобот-сайлов йиғилишларида БПТларнинг 2012 йилги фаолиятида ижобий ўзгаришлар юз бергани қайд этилган бўлса-да, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларининг Хива ва Термиз туманларида, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг Сардоба ва Зангиота туманларида қуйи бўғинлар фаолияти бугунги кун талаблари даражасида эмаслиги маълум бўлди. Бундан, энг аввало, ана шу вилоятлар ва туман кенгашлари, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари жиддий хулосалар чиқаришлари керак. Бундай ҳолатлар айни пайтда ана шу ҳудудларда электорат вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларни ўйлантираётган ҳаётий масалаларни депутатлик гуруҳларида муҳокама этиш жараёнларига ҳам таъсир этаётганини унутмаслик лозим. Умумий ҳисобда республика бўйича ўтган йиғилишларда БПТлар етакчиларидан 6811 нафари (88,1 фоиз) қайта, 926 нафари (11,9 фоиз) янгидан сайланди. Уларда иштирок этган партия аъзолари сони 146380 нафарни (82,9 фоиз) ташкил этди. 

Энг қувонарлиси, ҳисобот-сайловлар партиямиз мақсад-ғояларини тарғиб этиш, янги аъзоларни жалб қилиш майдонига ҳам айланмоқда. Бу жараён давомида 559 киши O‘zLiDeP сафига қабул қилинди. БПТлар сони эса 18 тага кўпайди.

Таъкидлаш керакки, ана шу муҳим тадбирлар давомида ўртага ташланган таклиф ва мулоҳазалар ўрганилгани, шунингдек, O’zLiDeP ҳудудий кенгашлари томонидан ҳисобот-сайлов йиғилишларининг ОАВда кенг ёритилгани мазкур муҳим тадбирлар тўғрисида жамоатчилик ва электоратга БПТларнинг 2012 йилдаги фаолияти юзасидан атрофлича хабардор этиш имконини берди. 
Бахтиёр АХМЕДОВ,O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппаратибош консультанти  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме