19:15 22.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
БПТЛАР ФАОЛЛИГИ АМАЛИЙ ИШЛАРДА НАМОЁН
Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори наинки мутахассислар, балки ишбилармонлар томонидан ҳам мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ва такомиллаштиришга қаратилган ниҳоятда муҳим ҳужжат сифатида эътироф этилаётир.
O‘zLiDeP ва унинг бошланғич ташкилотлари ҳам ушбу қарорда белгиланган вазифалар юзасидан жамоатчилик ўртасида кенг тарғибот ишларини йўлга қўйди.
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги деярли 1400 фаолни бирлаштирган 76 та БПТ бу борада намуна бўлишга интилмоқда. Хусусан, уларнинг саъй-ҳаракати билан тадбиркорлик тузилмалари ва таълим муассасаларида мунтазам ташкил этилаётган “Ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш иқтисодий тараққиёт омили”, “Ҳақ-ҳуқуқингни бил, тадбиркор!”, “Тадбиркорлик тараққиётида O‘zLiDePнинг ўрни” ва “Ташқи савдо амалиёти: миллий ва хорижий тажриба” мавзуларидаги давра суҳбатлари кўзланган ижобий натижаларни беряпти. Аввало, хусусий сектор вакилларида ўз касбий билим ва маҳоратларини ҳамда ҳуқуқий саводхонлик даражаларини оширишга хоҳиш-истак янада кучайгани сезилаётир. Қолаверса, O‘zLiDeP ғоя ва мақсадларига қизиқувчилар, партия аъзолари ҳамда тарафдорлари сони ортгани кузатилмоқда. Чунончи туманда охирги уч ойда 20 дан ортиқ юртдошимиз партия аъзолигига қабул қилинди.
Бу жараёнда тумандаги “12-автобус саройи” ОАЖ, “Ўзбектелеком” АКга қарашли 257/258-АТС, “Мет-Фур-Сервис” МЧЖ, “Тошкент рангли металл парчалари резги чиқитларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи” ОАЖ ҳамда “Green World” қўшма корхоналарида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотлари пешқадам.
- Давлатимиз раҳбарининг партиялар ўзининг ижтимоий-сиёсий фаолиятини аҳоли ўртасида қанчалик жонлантириб, кенгайтириб борса, халқимиз ва сайловчиларимизнинг сиёсий онги ва фаоллиги шунча юксалиб, уларнинг ислоҳот ва ўзгаришларга ўтказадиган таъсири тобора ортиб бораверади, деган сўзларини асло ёддан чиқармаслик лозим, - дейди тадбирларнинг бевосита қатнашчиси, O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши мафкура ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Улуғбек Эшонхўжаев. - Шу маънода БПТларнинг халқ ичига кириб бораётгани, одамлар билан юзма-юз бўлиб, ислоҳотлар туб моҳияти ҳақида учрашувлар ўтказаётгани, шубҳасиз, уларнинг ўз зиммаларидаги жавобгарликни теран англаётганидан далолат беради.
Тумандаги қуйи бўғинлар фаолияти самарадорлиги фуқаролар манфаатларининг изчил ифодаланаётганида ҳам яққол намоён бўляпти. Келинг, баъзи мисолларга мурожаат қилайлик.
Давлатобод ва Янги Сирғали кўчаларида транспорт қатнови тиғизлиги боис 2- ва 6-умумтаълим мактаблари, шунингдек, саноат коллежи ўқувчилари кўпдан буён йўлни кесиб ўтишга қийналаётганди. “Нуроний” жамғармасининг Сергели бўлимидаги партиянинг бошланғич ташкилоти раиси Баҳодир Қурбонов ташаббуси билан кўтарилган ана шу масала БПТ йиғилишида муҳокама этилди. Йиғилиш қарори партия туман Кенгашига олиб чиқилди. Сўнгра масала депутатлик гуруҳи томонидан ҳам ўрганилди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди. Пировард натижада шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва туман ҳокимлиги мутасаддилари кўрсатмаларига биноан кўчанинг бир неча жойига “Пиёдалар ўтиш жойи”, “Болалар!” огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатилиб, асфалтга махсус чизиқлар тортилди.
“Хонобод” МФЙда ташкил этилган бошланғич партия ташкилотига эса “Баҳор” маҳалласида яшовчилар мурожаат этиб, кеч тушиши билан кўчалар қоронғуликка чўлғанаётганидан шикоят қилди. БПТ - партия туман Кенгаши - депутатлик гуруҳи - депутатлик сўрови партиявий механизми бу сафар ҳам самарали ишлади. “Тошшаҳарнур” мутасаддилари ёрдамида симёғочлардаги барча носоз чироқлар алмаштирилди.
Худди шундай йўсинда Тошкент алоқа ва ахборотлаштириш коллежи битирувчиси, бирмунча муддат ишсиз бўлган Мадина Алимбаева 257/258-АТСга доимий ишга қабул қилинди, 264-умумтаълим мактаби ҳудудига янги чиқинди контейнерлари ўрнатилди. Шунингдек, нафақа пулларини олиш учун туманнинг нариги чеккасига боришга мажбур бўлган “Хонобод” МФЙ пенсионерлари эндиликда маҳалла яқинидаги алоқа бўлими хизматидан фойдаланяпти.
- O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг “Бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида”ги қарори ва бу борадаги тегишли йўриқномаси жойлардаги БПТлар фаолиятини анча жонлантириш имконини берди, - дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати, 257/258-АТСдаги БПТ раиси, Ойгул Сатторова. - Мазкур ҳужжатда БПТларнинг электорат манфаатини ҳимоялашда фаол қатнашиши, бу йўналишдаги ишлар бажарилиши тартиб-қоидалари муфассал белгилангани бизга ниҳоятда қўл келаётир. Тажрибамдан келиб чиқиб дадил айта оламанки, ташаббускор бошланғич партия ташкилоти ҳар қандай нуқсон-камчиликни бартараф этиши, унга мутасадди идоралар раҳбарларининг эътиборини жалб қилиши мумкин. Беҳзод ИСРОИЛОВ
Обсудить новость на Форуме