19:00 18.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БПТ МАҲАЛЛА ИШИДА ҲАМ ФАОЛ

O‘zLiDePнинг Бухоро шаҳридаги Ширбуддин ҚФЙда фаолият кўрсатиб келаётган бошланғич ташкилоти вилоятдаги илғор БПТлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда партиянинг 16 аъзосини ўз сафига бирлаштирган бу БПТ  партия Дастури ва Сайловолди платформасида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. 

БПТга халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Аҳтам Исаев раҳбарлик қилади. Ўзига ва бошқаларга ҳам талабчан бўлган ушбу етакчи раҳбарлигида маслакдошлар партиянинг ҳар бир топшириғига жиддий ёндашади. 

O‘zLiDeP Дастурида партия маҳалланинг шахс, давлат ва жамиятнинг  ижтимоий, иқтисодий, гуманитар  муаммоларини  самарали  ҳал этишга қодир бўлган фуқаролик жамиятининг етук тизими эканини ҳисобга олган ҳолда, унинг ҳуқуқи, мақоми ва моддий асосини мустаҳкамлаш тарафдори экани белгилаб қўйилган. Шу боис, партия аъзолари маҳалла ишида ҳам фаол. Партия аъзоси Муборак Фозилова ҚФЙ раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий  тарбия   масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлайди. У ўз фаолияти давомида маҳаллада ечимини кутиб турган муаммоларни синчковлик билан ўрганиб боради. Кейин бу муаммолар БПТ йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинади ва зарур бўлса партиянинг Бухоро шаҳар Кенгаши ва O‘zLiDePнинг Халқ депутатлари шаҳар кенгашидаги депутатлик  гуруҳи эътиборига ҳавола этилади. 

Маҳалладаги ёшлар масалалари билан шуғулланиш партия аъзоси, хусусий тадбиркор Жамила Шаропова зиммасига юклатилган.

- Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар онгига сингдириш  партия  аъзоларидан алоҳида жонкуярлик, юксак билим ва тарғиботчилик маҳоратини талаб этади, - дейди БПТ  раиси А.Исаев. - O‘zLiDeP аъзолари ташкилотчилигида шаҳарнинг Баҳоуддин Нақшбанд, Орифон, Сувчилар, Маърифат, Ширбуддин кўчаларида яшовчи турли ёшдаги кишилар иштирокида ўтказилаётган учрашув ва давра суҳбатларида бу жиҳатлар аниқ кўзга ташланмоқда.

Бош қонунимиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишлаб  “Конституция -  ёшлар учун улкан имкониятлар гарови” мавзуида яқинда ҚФЙ мажлислар залида ўтказилган тадбир ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Тадбир ёшларнинг  ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий билим ва дунёқарашини кенгайтириш, Конституция ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш орқали навқирон авлод вакиллари ўртасида ҳуқуқбузарлик, лоқайдлик ва боқимандалик каби салбий иллатларнинг олдини  олиш мақсадида ташкил этилди. 

Ширбуддин ҚФЙ раиси Олима Худоёрова O‘zLiDePнинг фаол аъзоси сифатида маҳалла юмушлари ҳамда партиявий тадбирларга бош-қош. Ушбу ҳудудда унинг бевосита кўмагида тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор бериляпти. Бу эса оилалар даромадини оширишга, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга ижобий таъсир  кўрсатмоқда.  

Маҳаллада истиқомат қилаётган 6600 кишининг 1700 нафари 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган навқирон ёшлар. Шунинг учун O‘zLiDeP бу ерда тарғибот-ташвиқот ишларига зўр берган. Бу, биринчидан, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, иккинчи томондан эса O‘zLiDeP аъзолари сафи янада кенгайишига хизмат қилаётир. 

O‘zLiDeP Бухоро вилоят КенгашиМатбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме