22:30 04.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ ЖОНЛАНТИРИЛГАН

 2012 йил 20 сентябрь куни  Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Бошланғич ташкилот – партия асоси: имкониятлар таҳлили ва фаолиятини такомиллаштириш” мавзуидаги акция доирасида давра суҳбати ўтказилди.   Унда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Халқ депутатлари Тошкент вилоят ва Олмалиқ шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳи аъзолари, Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган бошланғич партия ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар Кенгаши аъзолари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермерлар иштирок этишди.Тадбирда таъкидланганидек, O`zLiDeP дастури ва Сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларнинг жойларда самарали ижросини таъминлашда, шунингдек, электорат билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда бошланғич партия ташкилотлари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда,  партия ишини янада жонлантириш, хусусан, мамлакатмизда рўй бераётган сиёсий-иқтисодий туб ўзгаришлар, изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятини оммага мунтазам етказишда қуйи бўғин замон талаблари даражасида ҳаракат режаларини амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги таъкидлаб ўтилди. Ўз навбатида, давра суҳбатида мутасаддилар Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз мустақиллигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи ва жорий йилнинг 14 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция очилиш маросимидаги нутқига алоҳида тўхталишди. Қайд этилишича, юртбошимизнинг тадбиркорлик, оилавий бизнесни ривожлантириш асносида мамлакат истиқболини белгилаш мумкинлиги борасидаги фикрларига партиянинг дастури, Платформасидаги мақсадлар тўлалигича мос келади. Партия Ижроия қўмитаси томонидан ташкил қилинган мазкур акция ўтган йилнинг августидан бошлаб анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Республикада мавжуд турли ташкилот, корхона, муассасалар қошида тузилган БПТларнинг айни вақтдаги фаолияти, улар томонидан қўлга киритилган ютуқлар, шу билан бирга йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил этишга қаратилган бу каби тадбирлар йил сайин такомиллашиб, амалий кўринишга эга бўлиб боряпти, дейиш ўринли. Бунда бошланғич партия ташкилотлари аҳоли, айниқса, тадбиркор ва ишбилармонлар, фермер ҳамда мулкдорлар қатламининг қонуний манфаатларини ўзида акс эттирган  масалалар бўйича юқори партия ташкилоти ҳамда масъул депутатга таҳлилий материал ва таклифларини тақдим этиб бориши талаб қилинади.   Ушбу акциянинг биринчи босқичида асосан ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, юртимизнинг барча ҳудудларидаги БПТлар фаолияти чуқур ўрганилган ва тўлиқ инвентаризациядан ўтказилганлиги, шунингдек, партия аъзоларининг сифат кўрсаткичларини яхшилаш бўйича тегишли чоралар қўлланилганлиги айтиб ўтилди. Иккинчи босқичда эса, муҳим омил - БПТ етакчиларини танлаш, кадрлар заҳираси кўламини кенгайтириш ҳамда иш юритиш тизимини такомиллаштириш масалаларини қамраб олгани билан эътиборлидир. Бундан ташқари, бу жараён бошланғич ташкилот раислари билан самарали алоқаларни йўлга қўйиш, O’zLiDeP кадрлар заҳирасига қуйи бўғин фаоллари орасидан муносиб номзодларни танлаб олишдек, долзарб масалалар бўйича эътирофга лойиқ ишларни қамраб олган. Маҳаллий Кенгаш депутатларини партиянинг ҳудудий Кенгашлари томонидан Бошланғич партия ташкилотларига жалб этишни таъминлаш юзасидан партиявий кўрсатма ишлаб чиқилиб, депутатлар маълум йўналишлар бўйича БПТларга бириктирилганлиги ва бу ўз навбатида ижобий натижаларни кўрсатаётганлиги қайд этилди. Бугунги кунда Партиявий акция якунлари бўйича тайёрланган таҳлилий хулосалардан ҳамда юртимизда Давлат бошқарувини янгилаш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг мавқеини кучайтиришга қаратилган ўзгаришларни назарда тутган ҳолда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси Бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини янгича ёндашувлар асосида тизимли ва босқичма-босқич кучайтириб бориш ҳамда белгиланган мақсадларни бажариш мақсадида “O’zliDeP бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш Концепцияси” қабул қилинганлиги айтиб ўтилди. Таъкидландики, айнан ушбу Концепция бугунги бошланғич партия ташкилотларининг ривожини мутлақо янги босқичга кўтариб, партиянинг мақсад ва вазифаларини жойларда айниқса чекка ҳудудларда тарғиб қилишга қаратилган муҳим дастуриламал бўлади. Бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, БПТнинг ташаббускорлиги ва ишчанлигини, партиянинг тактик вазифаларига мувофиқ иш фаолияти шакллари ва усулларини тезкор ўзгартириш ҳамда партия электоратининг ҳамда аҳолининг долзарб, муаммоларини ҳал этишда амалий чораларни кўришга доир кўникмаларини тубдан яхшилаш масалалари мазкур концепциянинг асосий мақсади эканлиги алоҳида таъкидланди. Ҳозирда Республика миқёсида O`zLiDePнинг 7 минг 713та Бошланғич партия ташкилотлари мавжуд бўлиб, улар 175 мингдан ортиқ аъзони қамраб олган. Шундан 11 минг 418 нафар аъзодан иборат 585та БПТ Тошкент вилояти Кенгаши ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, Олмалиқ туманида ҳам 55та БПТ 1586 нафар аъзолари орқали ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда. Мазкур тадбир давомида сўзга чиққанлар масаланинг айни шу жиҳатига алоҳида урғу беришди. Яъниким, туман БПТлари фаолларининг  жойларда аҳоли сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий маданиятини ошириш, маънавий савиясини юксалтириш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантиришга қаратилган сиёсий-оммавий тадбирлари муваффақиятлар гарови бўлиб хизмат қилмоқда.Тадбирда таъкидланганидек, партия раҳбариятининг бошланғич партия ташкилоти фаолиятини туман (шаҳар)лар миқиёсда таҳлил қилиш, ўрганиш ва аниқ вазифаларни белгилаш борасида олиб бораётган ишлари БПТлар фаолиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.  Шунингдек, давра суҳбатида туман Кенгаши ва БПТлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар ҳам белгилаб берилди. Жумладан, Президентимиз томонидан жорий йилда устувор вазифалардан бир этиб белгиланган коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш, O’zLiDePнинг бошланғич партия ташкилотларидаги ишчан раҳбарларини қўллаб-қувватлаш, аниқ партия ёндашуви ва инновацион ғояларга эга, партия фаолиятини янада ривожлантиришга жиддий туртки бера оладиган партия фаолларини излаш ва илгари суриш, БПТлар қабул қилинган қонунлар ижроси бўйича жойларда депутатлик назоратининг қонуний механизмлари орқали жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнларида янада фаол иштирок этишлари учун тегишли шароитларни яратиш каби аниқ вазифалар белгилаб олинди. Мулоқот чоғида O`zLiDeP қуйи бўғинлари раҳбарларига давлатимизнинг ривожланиш ҳамда тараққий этиш йўналишларида кўзда тутилган вазифаларга ҳамоҳанг тарзда партия  ишларини янада кучайтириш ва самарали ташкил этишлари учун минтақавий махсус ўқув-семинарлар ташкил этилаётгани яна бир бор эътироф этилди. Таъкидландики, ушбу ўқувлар ўз навбатида Партия теварагида дастурий мақсад ва вазифаларининг туб моҳиятини чуқур англаган, келажакка ишонч ва қатъий позицияга, мустақил фикрга эга, бир жон бир тан бўлиб ҳаракат қиладиган фидойи, жонкуяр ва садоқатли аъзолар салмоғининг ошишига хизмат қилади.Тадбир доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатида олиб борилаётган ишлар, жумладан инвестицияларнинг ишлаб чиқариш тизимига жалб этилиши ва яратилган инвестицион муҳитнинг иқтисодий салоҳият ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. 
O`zLiDeP Матбуот хизмати
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме