03:45 28.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИНИНГ КУЧИ НИМАДА?

 Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида партия депутатлик гуруҳлари томонидан тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларига юборилган 1760 та депутатлик сўровининг 814 таси, 332 нафар мансабдор шахс ҳисоботининг 63 таси бевосита БПТларда кўтарилган масалаларга оиддир
Партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш ҳамда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши IV мажлисининг “Бошланғич партия ташкилотлари раҳбарларига партиявий ишни ўргатиш, жумладан, партиядан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда электорат вакилларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кундалик муаммоларини ечиш билан боғлиқ ташкилий-партиявий ишларни йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси томонидан жорий йилнинг февраль ойида “Бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни ўрганиш ва уларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинган ва бу масала бўйича тегишли йўриқнома тасдиқланган эди. 

Бугунги кунда ушбу йўриқнома асосида партиянинг қуйи бўғинлари томонидан ҳудудларда учраб турадиган айрим ечимини кутаётган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.  БПТлар юритаётган бундай фаолиятнинг ишлаш “механизми” Тошкент вилояти Чиноз туманининг “Ғайрат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бошланғич партия ташкилоти томонидан амалга оширилган ишлар мисолида яққол кўзга ташланади. 

Чамаси уч ой муқаддам бир неча киши кўпчилик номидан “Ғайрат” МФЙдаги БПТга маошлари пластик карточкаларга ўтказилаётган бир қанча фуқароларнинг маҳсулотлар харид қилишда, хизматлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келаётгани билдирилган шикоят билан мурожаат этганди. Зудликда мазкур мурожаат асосида БПТда “Онлайн” карточкалари: айрим камчиликлар ва уларнинг ечими” мавзуида йиғилиш ўтказилди. 

Партиявий ишнинг самарадорлиги электорат фойдасига ҳал қилинган масалалар сони ва сифати билан ҳам ўлчаниши керак, деб ҳисоблайдиган БПТ етакчиси Маматмурод Ражабов раислигида ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида масала атрофлича муҳокама қилинди. Чунончи, кўтарилган муаммони бевосита жойларда ўрганиш учун 4 кишидан иборат жамоатчилик комиссияси тузилди. Масала ўша куниёқ ҳар томонлама ўрганилиб, сўнг хулоса партиянинг туман Кенгашига етказилди. Кенгаш эса уни O‘zLiDePнинг халқ депутатлари туман кенгаши таркибидаги депутатлик гуруҳи йиғилиши муҳокамасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Депутатлик гуруҳи эса ишчи комиссиянинг дастлабки маълумотлари асосида Чиноз туман ҳокимлигига депутатлик сўрови билан мурожаат этди. Депутатлар юборилган сўровга олинган расмий жавобдаги маълумотларни бевосита савдо шохобчаларида ўрганиб чиқди ва чиқарилган хулосалар бўйича муҳокама ўтказди. Унда туман кенгаши депутати Комила Айтенованинг ахбороти эшитилди. Партия фаоли депутатларни мавзуни ўрганиш жараёнида кўзга ташланган айрим муаммолар ҳамда тадбиркорлар ва харидорлар билдирган таклиф-мулоҳазалар билан таништирди. Хусусан, ҳокимликдан олинган жавобда “Агробанк”, “Ҳамкорбанк”, “Ипотекабанк” ва Халқ банкининг туман бўлимлари билан жами 138 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси “Онлайн” пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилиш бўйича шартнома тузгани билдирилганди. Албатта, туман маркази учун бу қаноатланарли кўрсаткич. Аммо...

Депутатлик гуруҳининг 3 нафар ва БПТнинг 2 нафар аъзосидан ташкил топган ишчи комиссия танланма йўсинда туман марказидаги 25 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарини текширганида фуқароларнинг эътирози асосли эканига ишонч ҳосил қилди: бор-йўғи 4 та дўконда терминалдан фойдаланиш мумкинлиги, бироқ бу дўконларда ҳам терминал мавжудлиги ҳақида мижозларга ахборот берилмаётгани маълум бўлди. Кўриниб турибдики, жойларда турли баҳоналар рўкач қилиниб, терминаллардан фойдаланилмаган. Қолаверса, барча АЁҚШларда электрон тўлов қурилмаси йўқлиги, тумандаги кўпгина банкларда банкоматлар ўрнатилмагани, айрим жойларда харидорнинг пластик карточкасидаги қолдиқ суммани аниқлаш пуллик хизмат турига айлантирилгани, терминаллардан доимий фойдаланаётган тадбиркорларнинг эса пул ўтказмалари ўз ҳисоб рақамларига 3-4 кун кечикиб тушаётганидан норозилиги ва шунга ўхшаш бошқа камчиликлар аниқланди.

Мазкур маълумотлар туман ҳокимлигига тақдим этилгандан кейин мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича зудлик билан тегишли чоралар кўрилди. 

— БПТлар фаолияти тўғрисида гапирганда бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, - дея эътироф этади O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори етакчи консультанти С.Маликов. - Айниқса, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларидаги аксарият БПТлар депутатлар ва электорат вакиллари билан ҳамкорликда партия нуфузини мустаҳкамлайдиган ва халқимизнинг унга бўлган ишончини оширишга хизмат қиладиган кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Аммо айрим ҳудудий партия ташкилотлари БПТларининг бу йўналишда олиб борилаётган ишларини самарали, деб бўлмайди. Жумладан, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент шаҳар партия ташкилотлари томонидан 2013 йилнинг биринчи ярим йиллигида бу борада саноқли ишларгина амалга оширилди. Партия салоҳияти, қолаверса, сайловолди давридаги масъулият кўламини инобатга олсак, олиб борилаётган ишлар ҳали етарли эмаслигига амин бўламиз. Бундай камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2013 йилда партиямиз томонидан амалга ошириладиган муҳим вазифалар қаторида БПТлар фаолиятини янада такомиллаштириш, партия аъзолари ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бу борадаги малакаларини янада ошириш, депутатлик гуруҳлари ва энг асосийси, электорат билан ҳамкорлигини сифат босқичига кўтариш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлади. 
Бахтиёр АҲМЕДОВ,O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппаратинингБошланғич партия ташкилотлари билан ишлашсектори бош консультанти

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме