03:45 28.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
БОШ МЕЗОН — МАСЪУЛИЯТ
Айни пайтда халқ депутатлари Ғиждувон туман кенгашида фаолият олиб бораётган депутатларнинг 19 нафарини O`zLiDeP, 5 нафарини ХДП, 3 нафарини «Миллий тикланиш» ДП, 3 нафарини эса «Адолат» СДП аъзолари ташкил этмоқда.
— Бухоро вилоятининг бошқа ҳудудларида бўлганидек, Ғиждувонда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Баҳриддин Эргашев. — Бу жараёнда асосий эътибор амалдаги қонунлар ижросини назорат қилиш, маҳаллий дастурларда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишига қаратилмоқда. Электоратимиз бўлмиш тадбиркор ва фермерларнинг ўз зиммаларидаги масъулиятни теран ҳис этаётганлари «Обод турмуш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, O`zLiDeP Сайловолди платформасида кўзда тутилган истиқболли вазифаларни ўз вақтида бажариш имконини ҳам бермоқда. Таъкидлаш жоизки, «2013 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш» ҳудудий дастури асосида туман миқёсида 7129 та янги иш ўрни яратилган бўлса, унинг асосий қисми электорат ҳиссасига тўғри келди.
Шунинг учун ҳам депутатлик гуруҳи йиғилишларида долзарб масалаларнинг халқ депутатлари туман кенгаши сессияси муҳокамасига киритилаётгани ҳам ижобий натижа бермоқда. Жумладан, яқинда депутатлик гуруҳи йиғилишида «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»нинг асосий қоидалари ва хулосаларидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш юзасидан халқ депутатлари туман кенгашининг Ҳаракат дастури ижроси кўриб чиқилди. Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида тижорат банклари томонидан олиб борилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисида ОАТБ «Агробанк» туман филиали бошқарувчиси С.Исроиловнинг ҳисоботи эшитилиб, ушбу масала халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида ҳам муҳокама этилди.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Саид Раҳмонов туман кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари билан ҳамкорликда мутасадди идораларга юборилган депутатлик сўрови асосида 7-умумтаълим мактаби ва 62-ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ичимлик сувини етказиб бериш масаласини ижобий ҳал этиш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди.
Шукур Шодиев, Умида Қўлдошева ва Аваз Исматов сингари депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам ҳудудда янги иш ўринлари ташкил этишда асосий эътиборни касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга қаратмоқдалар.
Тумандаги 280 мингга яқин туман аҳолининг 136 мингдан ортиғи хотин-қизлар эканини ҳисобга олсак, депутатларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам долзарб экани аён бўлади. Депутатлик назорати ва сўрови, сайловчилар иштирокида ўтказилаётган учрашувлар давомида билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, қолаверса, фуқароларнинг талаб ва таклифлари асосида олиб борилаётган партиявий ишлар жойларда муносиб турмуш ва меҳнат шароитини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш жараёнига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бир сўз билан айтганда, кундалик партиявий фаолиятдаги бош мезон — юксак масъулият ҳиссининг тумандаги барча депутатлар фаолиятида устувор эканлиги муваффақиятлар омили бўлаяпти. Асхор ИСТАМОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 26 сентябрь, 39 (515)-сон
Обсудить новость на Форуме