20:15 25.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БИТИРУВЧИЛАРНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ - ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро минтақавий филиалида “O‘zLiDeP вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари “Ёшлар қаноти”нинг касб–ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, ёшлар орасидаги салбий ҳолатлар олдини олиш бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликдаги фаолияти механизмлари ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари” мавзуида семинар ташкил этилди. 

O‘zLiDeP ўз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиб келмоқда.

– Ёшларни, айниқса, битирувчиларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, уларнинг бу борадаги интилиш ва ташаббусларига кўмаклашиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси в.б. Фарҳод Аминов. – Бугунги тадбиримиз бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш баробарида бир фермер хўжалигига бир битирувчини ишга жойлаштириш бўйича партиявий ташаббусни амалга ошириш, партия электоратини ишбилармон, тадбиркор ёшлар ҳисобига кенгайтириш масалаларини муҳокама этишдир. 

Семинарда ёшларни бугунги глобаллашув шароитида ахборот таҳдидларидан, уларнинг онгини эгаллашга қаратилган ҳаракатлардан асраш хусусида ҳам сўз борди. Ёшларга юртимиздаги кенг ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенгроқ тарғиб қилиш, уларни қизиқтираётган ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини кучайтириш ҳақида чиқишлар қилинди. 

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят бўлинмаси раҳбари Ш.Бафоев O‘zLiDePнинг Сайловолди дастурида ёшлар масалалари ҳам алоҳида акс этгани, аёллар ва ёшлар қанотлари фаолиятида бандлик, оилавий тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш устувор вазифалар сирасига киришини алоҳида эътироф этди. 

У бу масалада жамоат назорати функцияларидан самарали фойдаланиш, сиёсий партияларнинг ёшлар билан ишлашда ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлиги асосий омил бўлиши лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, партиянинг Жондор туман Кенгаши битирувчиларни иш билан таъминлашда ижобий ишлар қилаётгани, лекин барча шаҳар ва туманларда ҳам ёшлар, аёллар қанотлари бу масалага етарлича эътибор қаратилмаётганини қайд этди.

“Сиёсий партия ташкилотлари битирувчиларнинг бандлиги масаласида фаолиятини ташкил этишда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилиши, битирувчилар билан тузилган уч томонлама шартномалар ва ишга жойлаштирилганлиги ҳақида расмий маълумотларни ўрганиб чиқиш учун фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда иш олиб бориши мақсадга мувофиқ, - деди Ш.Бафоев.  

Семинарда партия ёшлар ва аёллар қанотлари олдида турган муҳим вазифалар ва яқин келажакда қилиниши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди. 
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме