14:30 16.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

“БИРЖА ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛДИ

Шу йил 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан “Биржалар ва биржа фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзуидаги давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳага дахлдор вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Биржа фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланди.

Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасидаги устувор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши асос бўлди.

Давра суҳбатида республикамизда биржа фаолиятини тартибга соладиган ҳужжат биринчи марта 1992 йил июль ойида қабул қилинган бўлиб, бу – Ўзбекистон Республикасининг “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуни бўлганлиги айтиб ўтилди. Ушбу муҳим ҳужжат бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтишдаги ҳуқуқий чегаралар ва талабларни белгилаб берди.

2001 йил августида қабул қилинган “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририда эса республикамизда иқтисодий ислоҳотларнинг жадал ривожланиб бораётганлиги ҳисобга олинган эди.

Аммо бугунги кунда биржа технологияларининг ривожланиши, янги биржа воситалари пайдо бўлиши, биржаларнинг функциялари ва улар бажарадиган вазифалар ўзгариши, буларнинг барчаси доим ҳаёт билан ҳамнафас юришни талаб этиши “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вақти келганлигини кўрсатмоқда. Бунинг ташаббускор ва масъуллари эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Давлат рақобат қўмитаси бўлганлиги таъкидлаб ўтилди.

Ўтказилган тадбирда “Биржа фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси авваламбор, жаҳон амалиёти, хорижий тажриба ва маҳаллий биржалар фаолиятини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилганлиги айтилиб, мазкур қонун лойиҳаси саккизта бобдан ва қирқ иккита моддадан иборатлиги, бунда, биринчи бобга умумий ҳолатлар ва асосий тушунчалар кирганлиги, иккинчи боб биржа фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш масалаларига бағишланганлиги, учинчи боб биржа савдосини ташкил қилиш моҳиятини очиб бериши, тўртинчи боб биржа аъзолари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига, бешинчи боб биржа савдоларини ташкил қилиш, ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш тартибига, олтинчи боб биржа савдоси иштирокчиларининг биржа битимлари бўйича кафолатларни таъминлаш механизмига, еттинчи боб биржа бозорларида ахборотни очиб бериш тартибига бағишланганлиги, саккизинчи боб якуний ҳолатларни ўз ичига олганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек йиғилиш иштирокчиларига биржалар иқтисодий ривожланишининг асосий вазифалари сифатида нархни шакллантириш, нарх ошкоралигини таъминлаш, нархларнинг бўлғуси ўзгаришлари тенденцияларини аниқлаш, талаб ва таклифни мувофиқлаштириш, нархларни ўзгариб туришидан суғурталаш, савдо қилинаётган активларнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлаш каби асосий босқичлар чуқур таҳлил қилиб берилди.

Шу билан бирга, давра суҳбатида мазкур қонунни қабул қилишнинг стратегик ва тактикжиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, мазкур лойиҳанинг қабул қилинишидан билвосита фойдалар ҳам кутилмоқда. Улар молиявий секторни ривожлантиришга, бозор инфратузилмаси сифатини оширишга, умуман макроиқтисодий вазиятни сифат жиҳатдан яхшилашга кўмаклашишдан иборатлиги таъкидланди.

Шу билан бир қаторда мазкур қонун лойиҳасини кенг жамоатчилик ўртасида, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўрганиш, муҳокама қилиш ҳамда жойлардан бўладиган барча таклиф ва тавсияларни жамлаш мақсадида давра суҳбатлари ташкил этилиши билдирилди.

Давра суҳбатларида мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг зарурлиги, унинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти ва концептуал асослари, қонун лойиҳасидаги ҳар бир норманинг мазмун-моҳияти ва уларнинг амал қилиш механизмлари, ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади.

Давра суҳбатида депутатларнинг фикрлари ва таклифлари ҳамда мутахассислар ва экспертларнинг тегишли тавсиялари атрофлича муҳокама қилинди. www.parliament.gov.uz

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме