18:31 09.03.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БИР КУНДА 1 МИЛЛИАРД 200 МИЛЛИОН СЎМЛИК КРЕДИТЛАР БЕРИЛДИ.


Мулоқотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш, хусусан, соҳани ривожлантиришда банк-молия муассасаларининг ўрни ва аҳамияти, банклар фаолияти орқали тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, партия электорати вакилларининг микромолиявий ҳизматларидан фойдаланиш бўйича билимларини ошириш ва уларга амалий кўмак бериш масалалари муҳокама қилинди. Дастлаб, вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган тадбиркорлик субъекти вакилларига “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” давлат Дастурининг мазмун-моҳияти, унинг жорий йилда хусусий сектор фаолиятини изчил ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига эса партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан ишлаб чиқилган “Диплом билан бизнесга”, “Ёш тадбиркорлар ёзги амалиёт мактаби”, “Ишбилармон ўқувчи” каби лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

-    Партиямиз дастури ва сайловолди платформасида ўз электоратимиз манфаатларидан келиб чиқиб тадбиркорликни ривожлантиришда банк ва молия тизими билан ҳамкорликни кучайтириш вазифасини қўйганмиз, - деди тадбирда сўз олган O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари А.Алимов. – Шундан келиб чиқиб микромолиявий хизматлардан кенг фойдаланиш орқали тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширяпмиз. Бу лойиҳалар айниқса, тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларга жуда қўл келаяпти. Эътиборли томони шундаки, коллеж битирувчиларига берилаётган кредитлар уларнинг тезда ўз иш ўринларини яратишларига асос бўлмоқда. Биргина Андижон вилоятида “Микрокредитбанк”нинг вилоят бўлими томонидан 237 нафар коллеж битирувчисига ўз бизнесини ташкил қилиш учун 348 миллион 800 минг сўмлик имтиёзли кредит ажратилганлиги фикримизнинг далилидир.

-    Юртбошимиз И.Каримов томонидан илгари сурилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва хусусий мулкчиликни давлат томонидан ҳимояси кучайтирилиши бўйича янги қонунлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган, - деди Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Султонбой Жўраев. – Бу вазифаларни бажариш учун депутатлар астойдил иш олиб бормоқда. Масалан, яқиндагина фракциямизда муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларининг олдини олишга хизмат қилади. Энди тадбиркор ўзи ҳам мавжуд қонунларни пухта билиши керак. Чунки, қонунга амал қилган тадбиркорнинг иши юришаверади. Мисол учун банкдан кредит оляпсизми унга гаров керак, демак “Гаров тўғрисида”ги Қонун бор. Қонунни билсангиз ўз ҳуқуқингизни ҳам биласиз.


-    Вилоятимизда ўтган йили кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига барча молиялаш манбаларидан 166,4 млрд. сўм кредит ажратилди, - деди Марказий банк Андижон вилояти бош бошқармасининг бошлиғи Ғофуржон Абдурахмонов. – Ушбу кредитлар ҳисобига шаҳар ва қишлоқларда 24,5 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Шу жумладан, субъектларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 55,2 млрд. сўм микрокредит ажратилган. Тадбиркор аёлларга молиявий кўмак бериш мақсадида ажратилган кредит 2009 йилда 17,2 млрд. сўм бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 25 млрд. сўмга етди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган жами 272 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиларига 497,6 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиб, 298 та иш ўрни яратилди. 2011 йилда бу соҳадаги режаларимиз янада улкан. Ушбу йўналишга бу йил тижорат банкларининг барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан ажратиладиган кредитни ўтган йилга нисбатан камида 1,3 баробарга оширамиз. Шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган касб-ҳунар коллежи битирувчиларига 2 млрд. 992 милн. сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратамиз ва уларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаймиз. Айни кунда Ипотекабанк, Асакабанк ва Саноатқурилишбанклари томонидан тадбиркорлар ўртасида имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича танловлар эълон қилинган.

-    Партиямиз туман кенгаши атрофига 32 та бошланғич ташкилотда 673 нафар аъзо уюшган, - дейди O’zLiDeP Қўрғонтепа туман кенгаши раиси, туман ва вилоят кенгаши депутати Рустам Тўрахонов. - Уларнинг асосий қисми тадбиркорлардир. Бугунги анжуман уларнинг ҳаётида жуда катта из қолдиради, чунки уларга банклар пешвоз чиқиб, катта кредитлар ажратмоқда. Шу кунгача ҳам банк кредитлари бунёдкорлик ишларига хизмат қилмоқда. Масалан, партия аъзоси, якка тартибдаги тадбиркор Мўйдинжон Абдурахмонов “Микрокредитбанк”нинг Қорасув бўлимидан 2 млн. 250 минг сўм кредит олиб чарм камар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. “Комил қурилиш люкс” МЧЖ 30 млн. сўмлик микролизинг эвазига полимер черепица, “Имкон савдо элит” МЧЖ ҳам 60 млн. сўм лизинг эвазига трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйишди. Биргина чегара ҳудудида жойлашган Қорасув шаҳрида кейинги уч йилдан буён “Микрокредитбанк” 165 та тадбиркорга 310 млн. сўм кредит берди. Бу кредитлар аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилмоқда.


Тадбир давомида тадбиркорларга соҳани ривожлантириш учун бериладиган кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи банк сертификатлари топширилди. Барча тижорат банклари тадбиркорлар учун ажратилан кредитларнинг умумий миқдори 1 млрд 200 млн сўмни ташкил этди. Биргина “Микрокредитбанк”нинг ўзи 30 нафар тадбиркорга 600 миллион сўмлик сертификат берди. “Хамкорбанк” эса “Қорасув қурилиш” МЧЖ га 50 минг АҚШ доллари, “Сарвар сарвиноз” фермер хўжалигига 300 миллион сўм, “Ю-фидо” фирмасига 150 миллион сўм кредит ажратиш бўйича сертификатлар топширди.

Тадбир сўнгида сўзга чиққан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Барно Абдуллаева шундай деди:
-    Бугун мен бу ерда қабул қилинаётган қонунларимизнинг ҳаётдаги, амалдаги ифодасини кўрдим. Тадбиркорларимизнинг Ватан тараққиёти, мамлакат ривожи учун жон куйдираётганлигига гувоҳ бўлдим. Зотан, биз шоир ёзганидек, “Айтгил дўстим, нима қилдинг Ватан учун” деган саволга жавоб излаб яшашимиз керак. Бугун O’zLiDePдан сайланган депутатлардан тортиб барча партия аъзолари бутун мамлакат тақдири учун масъулиятни ҳис этиб яшамоқда. Депутатлар қонун қабул қилишда иштирок этиш билан бирга унинг ижросини ҳам қатъий назоратга олишган. Энди маҳаллий шароитдаги муаммоларни ҳал этишда партиямиздан туман ва вилоят кенгашларига сайланган депутатлар фаоллигини ҳам янада ошириш зарур. Мана тадбирда сўзга чиққан тадбиркорлар баъзан электр ўчиб, уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятига зарар келтираётганлигини айтишди. Хўп ана шундай ҳолатлар электоратимиз бўлган тадбиркорлар манфаатидан келиб чиқиб, депутатлар томонидан туман кенгаши сессиялари муҳокамасига нега киритилмаяпти, нега туман кенгашида электр тармоқлари корхонаси раҳбарининг ҳисоботини эшитмаяпмиз.

Мулоқотда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига депутатлар, партия фаоллари, банк мутахассисларидан жавоблар олдилар.  




Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме