16:01 13.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
БАНДЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МИЛЛИЙ СТРАТЕГИЯСИ
Бандликни таъминлаш миллий стратегияси Ушбу соҳанинг ҳуқуқий асосини бугунги кун талабларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштиришни тақозо этаяпти Маълумки, 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатида кўплаб мамлакатларда бандликни таъминлаш энг ўткир муаммога айланган бир пайтда Ўзбекистонда ҳар йили салкам бир милллион янги иш ўрни яратилаётгани барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзаро боғлиқлиги, тадрижийлик ва босқичма-босқичлик тамойилига асослангани, яъни бири иккинчисини тўлдириши ва ривожлантиришга хизмат қилганини кўрсатиб турибди. Ҳар қандай жараён муваффақияти, энг аввало, мустаҳкам қонунчилик базасидан «старт» олиши ва унда белгилаб берилган қоидаларга биноан ҳаётга татбиқ этилиши ҳаммамизга яхши маълум. Шу маънода мамлакатимизнинг бандлик йўналишидаги миллий стратегиясига 1992 йилнинг 13 январида, яъни мустақилликка эришганимизга эндигина тўрт ой тўлган бир вақтда «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш билан асос солинган эди. Кейинчалик Бош қомусимиз (37-модда) ва Меҳнат кодексида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, муносиб шароитда ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани янада мустаҳкамланди. Бундай ҳуқуқий нормалар жамиятда қандай муҳим ўрин тутгани ва фуқаролар манфаатига нечоғли хизмат қилгани хусусида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айниқса, сўнгги йилларда Олий Мажлис томонидан «Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» тасдиқланаётгани ва унинг ижроси юзасидан қатъий парламент назорати йўлга қўйилгани бу борадаги ишларни ҳам сон, ҳам сифат жиҳатдан тамомила янги даражага кўтарди. Лекин, ана шундай натижаларга қарамай, депутатлар томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари айрим ҳудудларимизда янги корхоналарни фойдаланишга топшириш, микрофирмалар ва якка тартибдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этишда қатор муаммолар сақланиб қолинаётганини ҳам кўрсатмоқда. Боиси аҳолини иш билан таъминлаш масаласига ёндашув замон талаблари асосида кескин ўзгариб бораяпти. Бу эса, биринчи навбатда, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунни янада такомиллаштиришни тақозо этаётир. Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ана шундай зарурат туфайли 2012 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Унинг асосий мақсади аҳоли бандлигини таъминлаш ва тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини бу жараёнга таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳусусиятлари ҳамда бандлик соҳасидаги халқаро андозалар ва меъёрларни ҳисобга олган ҳолда янада такомиллаштиришдан иборатдир. Айни пайтда шуни қайд этиш жоизки, иш билан банд бўлмаган шахсларнинг меҳнат органларида албатта рўйхатдан ўтиши шартлиги талабига биноан аҳолининг бандлиги тўғрисидаги амалдаги қонунчиликда қўлланилаётган «ишсиз» тушунчаси халқаро стандартларга қараганда торроқ маънога эга. Шуни ҳисобга олиб, янги қонун лойиҳасига «Асосий тушунчалар» номли алоҳида модданинг киритилиши ҳақиқатда ишсиз аҳолини реал аниқлаш имконини беради. Қонун лойиҳаси аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш жойлари яратиш, бу борадаги мақсадли ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида бажарилишини мониторинг қилишга йўналтирилган қўшимча ҳуқуқий нормаларни ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари мазкур ҳужжатнинг асосий мазмуни Халқаро меҳнат ташкилотининг Бандлик соҳасидаги сиёсат тўғрисида, Бандликка кўмаклашиш ва ишсизликдан ҳимоялаш тўғрисида, Бандлик хизматини ташкил қилиш тўғрисида, Ёллаш бўйича пуллик бюролар тўғрисидаги конвенцияларига тўла мос келади. Ушбу қонун лойиҳасини маромига етказиш учун бу борадаги халқаро тажриба, хусусан, Австрия, Германия, Италия, Испания, Франция, АҚШ ва Япония қонунларидаги аҳолини иш билан таъминлашга оид нормалар қиёсий нуқтаи назардан ўрганиб чиқилди. Шунингдек, аҳолининг маълум тоифалари, ишга жойлаштириш тартиблари, иш берувчилар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бандлик сиёсатини амалга оширишдаги иштирокига тааллуқли масалалар МДҲ давлатлари қонунчилигида ҳам мавжудлиги аниқланди. Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасини биринчи ўқишга тайёрлаш жараёнида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида аҳолини бозор муносабатларига мос иш билан таъминлаш эҳтиёжи вужудга келаётгани, масалан, йирик корхоналар билан кооперация асосидаги касаначилик, шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида чорвачилик билан шуғулланиш, оилавий тадбиркорлик бўйича бандлик даражасини ошириш, таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, унинг қабул қилиниши аҳолининг муайян қатламлари мақомини аниқ белгилаш, иш қидираётган шахслар ҳақида объектив маълумот тўплашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг йил якунларига бағишланган йиғилишида таъкидлаганларидек, ҳар қайси оиладаги фаровонлик, юртдошларимизнинг ҳаётга бўлган муносабати пировард натижада бутун жамиятимизнинг барқарорлиги, аввало, одамларимизнинг қандай иш билан таъминлангани, ўз меҳнатига яраша маош олишига боғлиқдир. Ҳақиқатан ҳам, оиланинг тинчлиги ва ободлиги ундаги тўкисликка асосланади. Бунинг учун эса оила бошлиқлари иш билан таъминланган бўлиши лозим. Бундан ташқари фарзандларга ота-она меҳнат қилиб топаётган маблағларни мақсадли сарфлашга ўргатиш ва уларнинг ўзларини ҳам тадбиркорлик руҳида тарбиялаш керак. Зеро, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларимиз учун яратилаётган шароитлар бу борада ҳам имкон беради. Хулоса қилиб айтганда, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси концепцияси O`zLiDeP илгари сураётган ғоя ва ташаббусларга тўла ҳамохангдир. Партиямиз дастурида белгилаб қўйилганидек, янги иш ўринларини яратиш, авваламбор, ёшлар бандлигини таъминлаш ниҳоятда зарур ва кечиктириб бўлмайдиган вазифа саналади. Бу масалани ҳал этишнинг асосий йўналишларидан бири сифатида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, ўзгарувчан бозор конъюктурасига мослаштирилган малака ошириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш зарур, деб ҳисоблайди. Демак, муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши O’zLiDePнинг бу борадаги мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. “XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме