14:30 31.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

БАҲС-МУНОЗАЛАРГА САБАБ БЎЛАЁТГАН ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

Насим Алимов,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,O`zLiDeP фракцияси аъзоси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган «Биржа фаолияти тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси юзасидан O`zLiDeP ва ХДП фракциялари вакиллари турлича ёндашувларни илгари сурмоқдалар.
Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида товарларни улгуржи нархларда сотиш, тадбиркорлик субъектларини зарур ресурслар билан таъминлаш, инвестициялар ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш биржалар фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Бу борада ҳуқуқий мувозанатни таъминлаш, яъни тадбиркорлар, инвесторлар, биржанинг профессионал иштирокчилари ва давлат манфаатлари уйғунлигига эришиш ниҳоятда муҳимдир. 
Парламент қуйи палатасида қизғин муҳокама қилинаётган «Биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ана шу соҳанинг ҳуқуқий муносабатларини тартибга солишга қаратилган бўлиб, уни ишлаб чиқишда дунёнинг энг ривожланган давлатлари тажрибасидан самарали фойдаланилди. Лекин шунга қарамай, ушбу тизимни шакллантиришда барча учун умумий бўлган тамойиллар қаторида ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятлари ҳам ҳисобга олиниши лозимлигини таъкидлаш жоиз. 
Мамлакатимизда ҳам ушбу тизим бозор муносабатларига асосланган янги, замонавий иқтисодиётни қарор топтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Аммо бугуннинг тезкор талаблари биржалар фаолиятини иқтисодий тараққиётнинг янги босқичига мос равишда ислоҳ қилиш, жаҳон тажрибалари асосида улар фаолиятини мувофиқлаштираётган қонунларни янгича мезонлар асосида такомиллаштиришни талаб этаяпти. Хўш, бу борада депутатлар томонидан қандай концептуал ёндашувлар илгари суриляпти? Ушбу фаолиятни ташкил этишда қандай меъёрлар қонунларда ўз аксини топса, миллий манфаатларимизга мос, шу билан бирга, жаҳоннинг етакчи давлатлари тажрибаси асосида соҳани янада ривожлантиришга хизмат қиладиган ҳуқуқий асослар яратилади?
Ана шундай ёндашувлар қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилаётган фракциялар аъзолари ўртасида бежиз мунозараларга сабаб бўлмаяпти. Айниқса, қонун лойиҳасининг бир қатор нормалари атрофида O`zLiDeP ва ХДП фракциялари ўртасида кечаётган баҳс-мунозаралар биржалар фаолиятига қанчалар эътибор юқори эканидан далолат беряпти. Тортишувларга сабаб бўлаётган асосий масалалардан бир бу — биржалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш, аниқроғи, ушбу жараённинг меъёрий асосларини белгилаш билан боғлиқдир. ХДП вакилларининг фикрича, биржалар бозор муносабатларини тартибга солишда давлат ихтиёридаги муҳим воситадир. Шунинг учун ҳам ушбу фаолиятни бошқаришда давлат идораларининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилиши керак. Бу борада ХДП вакиллари Япония тажрибаси, айниқса, диққатга сазоворлигига эътибор қаратмоқдалар. Маълумки, кунчиқар юртда биржалар фаолияти уларнинг йўналишларидан келиб чиққан ҳолда бир қатор идоралар (Молия, Қишлоқ хўжалиги ва бошқа вазирликлар) томонидан назорат қилинади. Албатта, бир қарашда аҳоли турмуш даражасига бевосита дахлдор бўлган қимматли қоғозлар ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида котировкаларни белгилаш билан шуғулланадиган биржалар фаолиятида айрим салбий ҳолатларнинг  олдини олиш, аҳолининг юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликлардан муҳофаза қилиниши давлат идоралари томонидан шундай назоратни тақозо этадигандек туюлиши мумкин. O`zLiDeP вакиллари қабул қилинаётган қонун лойиҳаси биржа фаолиятини ривожлантиришда янги босқични бошлаб беришдан ташқари ушбу тизимда эркинлик даражасини ҳам бирмунча кенгайтиришга олиб келишини таъкидлаяптилар. Албатта, биржалар фаолияти устидан давлат назорати ўрнатилиши керак. Буни ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Лекин ҳар қандай назорат чегараси фақат қонунлар асосида белгиланиши, бошқача айтганда, биржалар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш, биржа ва унинг иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш, ушбу фаолиятни солиққа тортиш тизими орқали амалга оширилиши лозим. Ўз навбатида, O`zLiDeP фракция вакиллари биржа фаолиятини тартибга солишда ички механизмлар асосий роль ўйнаши кераклигини қайд этяптилар. Бу механизмлар эса биржа таъсисчилари томонидан белгиланиши ва жорий қилиниши зарур. Албатта, таъсисчилар биржага бўлган ишонч ортиб боришидан манфаатдор экан, ички назорат механизмларини ҳам шунга мос равишда ўрнатиш ва амалга оширишдан манфаатдордирлар. Бу ҳолат нафақат биржалар мустақиллигини ошириш, балки мижозлар томонидан биржаларга бўлган ишончнинг ортиб боришига ҳам олиб келади. Глобаллашув жараёнлари давом этаётган бир шароитда биржаларга ишонч омили ниҳоятда муҳим эканини исботлашнинг ҳожати бўлмаса керак. O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг фикрича, бундай ёндашув иқтисодиётимизда янги сифат даражаси қарор топаётган бир пайтда энг мақбул шаклдир. 
Шу ўринда қонун лойиҳасининг муҳим, шу билан бирга, маълум бир тортишувларга сабаб бўлаётган яна бир жиҳатига эътибор қаратайлик: унда илк бор биржа фаолиятини тўла акс эттирувчи тушунчаларга қонун ташаббускори томонидан атрофлича ҳуқуқий таъриф берилганидир.
Хусусан, лойиҳада биржа активлари, котировка, листинг каби ўндан ортиқ термин тўлиқ таърифланади. Биржалар фаолиятининг ажралмас бўлаги саналган ушбу тушунчаларнинг қонунда аниқ акс эттирилиши биржаларимизнинг дунё биржа тизимига хос мезонлар асосида ривожланишига хизмат қилиши баробарида, бугунги фаолиятини ҳам маълум даражада қайта кўриб чиқишга олиб келади. Айнан мана шу жиҳатга асосланган ҳолда ХДП вакиллари бу масалага эҳтиёткорлик билан, яъни реал иқтисодий эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда ёндашиш лозимлигини уқтирмоқдалар. 
O`zLiDeP фракцияси аъзолари эса қонун ташаббускорининг бу борадаги ёндашувини тўла маъқуллаб, ушбу янгиликлар нафақат биржалар фаолиятига оид миллий қонунчилигимизни илғор жаҳон андозаларига яқинлаштириш, балки «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги янги қонунларнинг ҳаётга тўлақонли жорий қилиниши учун ҳам зарур бўлган иккиламчи бозор механизмларини ривожлантиришга хизмат қилиши, биржалар фаолиятининг замонавий талаблар даражасида тараққий этиши учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришини қайд этяптилар. 
Кўриниб турибдики, «Биржа фаолияти тўғрисида»ги қонун атрофида юз бераётган тортишувлар асосан бозор муносабатларининг муҳим институти бўлган ушбу соҳанинг келажагини белгиловчи қонун лойиҳаси юзасидан иккита концептуал ёндашув мавжудлигини кўрсатяпти. Аммо ҳар икки ёндашув ҳам маълум бир асослар ва жаҳон тажрибасида ўз ижобий аксини топган намуналарга таянаётганлигини айтиш жоиз. Ўйлаймизки, Қонунчилик палатаси депутатларининг лойиҳа устидаги бундай мунозаралари мамлакатимиздаги биржалар тизимининг янада ривожланиши учун энг мақбул йўлни танлашга имкон беради. Ҳолбуки, айнан ушбу масалалардаги тўғри танлов тобора янги сифат кўринишини касб этиб бораётган жаҳон иқтисодиёти ва биржа тизимида мамлакатимиз миллий биржа тизимининг ўзига хос муносиб ўринни эгаллашига хизмат қилади. 
"XXI asr" ижтимоий - сиёсий газетаси2014 йил 6 март, 09 (537)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме