ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси партия Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда шу йилнинг 22 июнь куни Асака шаҳрида (Андижон вилояти) «Саноат соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари: «Ўзавтосаноат» АК мисолида» мавзуида навбатдаги давра суҳбатини ташкил қилди.
Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад машинасозлик ав автомобилсозликни, «Ўзавтосаноат» АКнинг етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантиришнинг аҳволи, соҳада маҳаллийлаштириш дастурлари ижросини, бу жараёнларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иштирокини, шунингдек, шу асосда янги ўринларини ташкил қилиш, одамлар даромади, турмуш даражасини оширишнинг аҳволини ўрганишдан иборатдир. Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда саноат корхоналари кооперациясини ривожлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир қатнашчилари «Ўзавтосаноат» АК тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан кооперацияни ривожлантириш, тайёр маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига янги, самарали технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва материаллар ишлаб чиқарадиган янги корхоналарни ташкил этишга оид аниқ мақсадли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Мисол учун, давлат маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2011 йилда «Ўзавтосаноат» АК томонидан 35 лойиҳа амалга оширилди. Улар бўйича қиймати 3915,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 732,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. 2012 йилда амалга оширилаётган 51 та лойиҳа бўйича умумий қиймати 4738,7 миллиард сўмга тенг маҳсулот ишлаб чиқариш, 786 миллион долларлик маҳсулот экспорт қиилиш режалаштирилмоқда. Енгил автомобилларни маҳаллийлаштириш даражаси 55 фоиздан ошди ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳисобидан бу кўрсаткични 80 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» АК корхоналарининг 180 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ишлаб чиқариш кооперацияси йўлга қўйилди ва уларда 11 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда. 2006 йилда «Ўзавтосаноат» АК корхоналарига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан етказиб бериш ҳажми 12,8 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 67,2 миллион долларга етди, 2012 йилда эса 80 миллион доллардан ошириш кўзда тутилмоқда (ўсиш 6,25 мартадан ошиқ). Экспертларнинг фикрича, бундай ўсиш суръатларига маҳаллийлаштиришни ривожлантириш ва кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини автосанот билан кооперация алоқасига фаол жалб қилиш туфайли эришилди. 1400 турдан ошиқ бутловчи буюмлар, жумладан, қолипланган, пластик ва резине-техника қисмлари, экстерьер, интерьер ва шассий тизими деталлари маҳаллийлаштирилди. Бу борада хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ишлаб чиқариш кооперацияси «Ўзавтосанаот» АК корхоналарида ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида ишлаб чиқаришни завомнавий бошқарув ва сифатни назорат қилиш тизимларини жорий этиш билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ҳар йили ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу тадбирлар давомида «Ўзавтосаноат» АК корхоналари маҳаллийлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотларини намойиш этмоқда. Масалан, 5-Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперацион биржа доирасида 2012 йилда умумий қиймати 924,6 миллиард сўмлик шартномалар тузилди (2011 йилда 794,2 миллиард сўм). 69,2 миллиард сўмга тенг шартномалар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан тузилди. Давра суҳбати иштирокчилари мамлакат саноати рақобатбардошлигини ошириш маълум даражада автомобиль, машинасозлик, электр техника саноати, энергетика соҳаси, саноат ва фуқаролик лойиҳалаштириш ҳамда қурилиш ташкилот ҳамда корхоналари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ҳисобидан таъминланаётганини таъкидлади. Чунончи, Токентдаги турин политехника университети, Тошкент давлат техника университети, Андижон машинасозлик институти ва бошқа олий ўқув юртлари базасида ҳар йили турли саноат тармоқлари учун 5 мингдан ортиқ юқори машлакали мутахассислар тайёрланмоқда. Айни пайтда, давра суҳбати қатнашчилари автомобилсозлик корхоналари ва кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги кооперация алоқаларини, шунингдек, бу борадаги жорий тажрибани кўриб чиқиб, саноат ишлаб чиқаришида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушини янада кўпайтириш, уларнинг цйирик ишлаб чиқариш корхоналари билан кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича фойдаланилмаган захира ҳамда мавжуд имкониятларни қайд этди. Экспертларнинг фикрига қараганда, бу тадбиркорлар, иқтисодиёт хусусий сектори учун янги имкониятлар очиб беради, иқтисодиёт корхона ва тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлайди, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, энг муҳими – янги ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, даромади ва фаровонлигини ошириш имконини беради. Тадбир якунлари бўйича бу борадаги қонунчиликни янада ривожлантириш, «2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Давлат дастури қоидаларини амалга ошириш устидан депутатлар, парламент назоратини кучайтириш, ишлаб чиқариш соҳасида фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланишини таъминлаш, кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ишлаб чиқилган таклифлар ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига кўриб чиқиш ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиш учун юборилди. Давра суҳбатида ЎзЛиДеП электорати – ўрта мудлкдорлар синфи вакиллари, тадқиқот марказлари, фуқаролик жамияти институтлари экспертлари ҳамда мутахассислари, Савдо-саноат палатаси, автомобиль саноати корхоналари, молия-банк тухилмаларининг етакчи мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жами 120 киши қатнашди. ЎзЛиДеПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан мамлакатимиз рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим вазифаси сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик (КБХТ)ни йирик саноат корхоналари билан кооперация асосида жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда қонунчилик ривожлантиришнинг бугунги аҳволини ўрганишга доир тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2010-2012 йилларда саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларини янада ривожлантириш, уларнинг маҳаллийлаштириш дастурларида фаол иштирокини таъминлаш борасидаги турли масалаларга бағишланган 10 зиёд давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилди.