18:47 03.03.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Аёлни улуғлаган юртнинг келажаги порлоқ
Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги остонасида ўтган даврга назар ташласак, бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида хотин-қизларнинг салмоқли ҳиссаси борлигини ҳам дилдан ҳис этамиз.
Оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида истиқлол йилларида оналар ва гўдаклар ўлими 3 мартага камайди.
Бир қатор нуфузли халқаро институтларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон дунёдаги 125 давлат орасида хотин-қизлар учун қулай шарт-шароит яратиш ва оналикни муҳофаза қилиш бўйича етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди. Буни ЮНИСЕФнинг Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари бўйича офиси томонидан намунавий модель сифатида эътироф этилаётганидан ҳам билиш мумкин.
Ўтган йиллар давомида аёлларни ижтимоий ҳимоялашга қаратилган 100 га яқин маҳаллий ва халқаро аҳамиятга молик ҳужжатлар қабул қилиндики, бугун улар опа-сингилларимизнинг эркин ва бахтли ҳаёт кечириши учун хизмат қилмоқда. Айни пайтда опа-сингилларимиз фарзанд тарбияси билан шуғулланиш баробарида давлат қурилишида фаол иштирок этиб, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, илм-фан, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда ҳам фидокорона меҳнат қилмоқдалар.
Аёлларнинг 13 нафарига “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони берилгани, 64 нафар хотин-қиз “Ниҳол” мукофотига лойиқ кўрилгани ҳам опа-сингилларимизга бўлган юксак эътибор натижасидир. Аёлларимиз томонидан 300 дан ортиқ докторлик, 3 мингга яқин номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган бўлиб, айни кунларда 4000 нафарга яқин хотин-қиз илмий соҳада банддир.
Бу мисоллар ўзбек аёлининг жамиятдаги ижтимоий мавқеи тобора ошиб бораётганидан далолат беради, албатта. Жумладан, Конституцион суд тизимида 20 фоиз, Олий суд соҳасида 14,6 фоиз, ишлаб чиқариш тизимида 42,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги соҳасида 42,8 фоиз, таълим, маданият ва илм-фан соҳасида 72,9 фоиз, соғлиқни сақлаш тизимида 75,3 фоиз аёллар хизмат қилишаяпти. Республикадаги фермер хўжаликларининг 2 фоизга яқинини эса аёллар бошқаришмоқда.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-3434 сонли Фармонида аёллар учун иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларида яқиндан кўмаклашиш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб берилган, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маърупова. — Шундан келиб чиқиб, асосий эътибор опа-сингилларимизнинг ҳаётий манфаатларига қаратилмоқда. Жумладан, қисқа давр орасида 13 минган ортиқ аёллар иш билан таминландилар.
Қўмитанинг йиллик иш режасига “20 йилликка — 20 ҳунарманд бандлиги” ташаббуси киритилиб, ушбу тадбир доирасида ҳар бир маҳаллада тадбиркорликка мойил хотин-қизларга зарур шарт-шароит яратиш ва уларга турли касб-ҳунарларни ўргатиш чоралари кўрилмоқда. 2010 йилда “Микрокредитбанк” томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга 26,1 млрд. сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди ва шу ҳисобдан 17 мингта янги иш ўрни яратилди.
Таъкидлаш жоиз: сўнгги йилларда хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш учун давлат ва нодавлат ташкилотлар билан бир қаторда халқаро ташкилотларнинг кўмагидан ҳам фойдаланилмоқда. Жумладан, 2010 йилдан бошлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва БМТ Аёллар ривожланиш жамғармаси (UNIFEM)нинг ўзаро ҳамкорликдаги “Ўзбекистон аёлларининг иқтисодий ҳуқуқларини ҳаётга кенг татбиқ этиш” лойиҳаси асосида гуруҳлар кафиллиги остида кредитлар ажратиш амалиёти кенг қўлланилаяпти. Асосан қишлоқларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга ўзаро кафиллик асосида кам фоизли кредит маблағлари ажратиш ва шу орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш кўзда тутилаётир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамғарма кассалари ўртасида имзоланган ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик шартномаси асосида 5 та ҳудудда ахборот-маслаҳат маркази ташкил этилди. Бундан мақсад аҳолининг 51 фоизини ташкил қиладиган хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлашдир. Уларнинг нафақат ижтимоий, балки сиёсий фаоллигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Айни кунда республикамиздаги сиёсий партиялар сафидаги аъзоларнинг 40-50 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Партиявий-сиёсий ишларни йўлга қўйишда ҳам уларнинг ҳиссаси салмоқлидир.
— Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг шу асосда қабул қилган қарорлари аёлларимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётир, — дейди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Шоира Ҳайдарова. — Сайлов тўғрисидаги қонунларимизга Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига номзод кўрсатишда ҳар қайси сиёсий партия бўйича хотин-қизларга камида 30 фоизли квота ажратиш шарти белгилаб қўйилгани ҳам уларга бўлган эътибордан далолат беради. Жумладан, 2009 йилги сайловларда Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 22 фоизи, Сенат аъзоларининг 15 фоизини аёллар ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисинниг қонунчилик палатаси Спикери ҳам аёл кишидир. Бир сўз билан айтганда, бугун замонавий ўзбек аёлининг янги имижи яратилди.
— Биз, аёллар учун ўзлигимизни намоён этадиган давр келди. Шундай экан, фақат фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиб қолмай иқтисодиётни юксалтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш йўлида ҳам куч-ғайратимизни аямаслигимиз лозим, — дейди «Ал-Абдусалом» хусусий ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳибаси, O`zLiDeP фаоли Сайёра Сулаймонова. — 2002 йилда тўрт киши билан макарон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган цех ташкил этган эдик. ҳозир бу ерда 30 дан ортиқ аёллар ва ёшлар иш билан таминланган. Кейинги йилларда корхона фаолиятини кенгайтириб, қандолатчилик ва новвойчиликни ҳам йўлга қўйдик. Энг муҳими, Хитой инвестицияси ва Халқ банкининг 100 миллион сўмлик имтиёзли кредитини олдик. Ушбу сармояга замонавий ускуналар харид қилинди. Юртимизда тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилгани туфайли бугун рўзғоримиз бут, турмушимиз фаровон. Икки набиранинг севимли бувиси, жамиятимизнинг бахтли аёлларидан бириман. Камтарин меҳнатим «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бир аёл учун бундан ортиқ бахт борми?
Дарҳақиқат, бугун тинч ва осойишта Ватанимиз бағрида оналик бахти, фаровон турмуш гаштини сураётган бундай опа-сингилларимиз истаганча топилади. Улар орасида халқаро спорт мусобақаларида ғолиб чиқиб, Ўзбекистон байроғини кўкка кўтараётганлари, хонатласу дўппиларга қалб қўрини қўшиб, дунёни лол қолдираётганлари қанча...
Юртбошимиз таъкидлаганидек, “... Аввало, оналаримиз, опа-сингилларимиз, умр йўлдошларимиз, қизларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш, иззат-икромини жойига қўйиш, уларнинг оғирини енгил қилиш — давлатимизнинг, ҳукуматимизнинг, жойлардаги ҳокимликларнинг, кенг жамоатчиликнинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим”. Шунинг ўзи уларга бўлган юксак ишонч ва эътибордан далолатдир.
Ҳаёт давом этмоқда. Тараққиёт йўлимизнинг кейинги ўнйилликларга мўлжалланган босқичида ҳам аёллар учун янгидан-янги имконият эшиклари очилмоқда. Зеро, инсон қадр-қиммати беҳад улуғланадиган юртимизда аёл ҳамиша эъзоздадир.
Обсудить новость на Форуме
24 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |