14:01 08.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
«Аёллар қаноти» кўприк вазифасини ўтамоқда
O`zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари Феруза БОБОМУРОДОВА «XXIasr» мухбири саволларига жавоб беради
Айни пайтда вилоятда 8871 нафар партия аъзоси бўлиб, уларнинг 4041 нафарини хотин-қизлар ташкил этмоқда. 1700 нафарга яқини эса тадбиркор ва фермерлардир.Улар турли соҳаларда ишлаш баробарида партиянинг сиёсий, маънавий-маърифий тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб, вилоятдаги аёлларга, хусусан, катта ҳаёт остонасига энди қадам қўяётган қизларга ўрнак бўлмоқдалар.
— Тадбиркор аёлларнинг жамиятда эмин-эркин фаолият олиб боришлари учун имконият яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиямиз Дастурида белгиланган энг муҳим вазифалардан биридир, — дейди Феруза Бобомуродова. — Шу боис сафларимизни янада кенгайтириш мақсадида жойларда турли учрашув, давра суҳбатлари ва жонли мулоқотлар ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Ушбу тадбирларда жамиятимиз ҳаёти билан бевосита боғлиқ мавзулар муҳокама қилинаётгани боис улар қизиқарли ва жонли ўтаяпти. Агар Fиждувон ва Қоракўл туманларида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчидир» мавзуида учрашувлар ўтказилган бўлса, Когон шаҳрида «Аёллар қаноти»нинг устувор йўналиши — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун янада қулай муҳит яратишдир» номли туркум тадбирлар уюштирилди. Олот туманида эса «Хотин-қизлар ўртасида интеллектуал салоҳиятни ошириш йўллари», Шофирконда «Жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнида аёлларнинг иштироки» мавзуида давра суҳбатлари ўтказилди. Мазкур тадбирлар асосан Президентимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган устувор йўналишлар мазмун-моҳиятига қаратилиб, айниқса, мазкур дастуриламал ҳужжатнинг «Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш» деб номланган боби нафақат тадбиркор ва фермер аёллар, балки касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларини битириб чиққан қизларда ҳам катта қизиқиш уйғотаяпти.
— Айтинг-чи, Бухоро вилоятида хусусий бизнес соҳасига энди кириб келаётган хотин-қизларга «Аёллар қаноти» томонидан қандай амалий ёрдам кўрсатилаяпти?
— Амалий ёрдамни ҳар ким ҳар хил тушуниши мумкин, албатта. Биз асосан тегишли йўналишлар ҳамда мутахассис ва тадбиркор ўртасидаги кўприкни яратиб берамиз. Масалан, жорий йилнинг дастлабки чорагида «Аёллар қаноти» томонидан ташкил этилган аксарият тадбирларда бошловчи ишбилармонлар ўз бизнес-лойиҳаларининг тақдимотини ўтказдилар. Биз эса тегишли соҳаларнинг мутахассисларини таклиф этиб, тадбиркор ва банк, тадбиркор ва солиқчи, тадбиркор ва ҳуқуқшунос мулоқотини ташкил этдик. Бу жуда катта самара берди, албатта.Масалан, ёш тадбиркорлардан Хумора Қурбонова, Гулноза Қиёмова, Зарнигор Тошева, Шоҳиста Зоирова ва бошқаларнинг тикувчилик, қурилиш материаллари тайёрлаш, ширинликлар ва доривор ёғларни ишлаб чиқариш юзасидан тайёрлаган лойиҳалари вилоят миқёсидаги тадбирларда ҳам юқори баҳоланиб, ишлаб чиқаришга жорий этиш юзасидан тавсиялар берилди. Агар ана шу лойиҳалар амалга ошса, қишлоқ жойларида янги корхоналар иш бошлайди, ёшлар иш билан таъминланади. Энг муҳими, улар бундан кейинги иш фаолиятларида ҳам «Аёллар қаноти»ининг доимий кўмагини ҳис этадилар. Мухтасар қилиб айтганда, партиямизга янгидан аъзо бўлган опа-сингилларимиз O`zLiDeP қаноти остида эканларини ҳамиша ҳис этиб турадилар.
— «Аёллар қаноти», умуман, O`zLiDeP вилоят кенгашининг тарғибот-ташвиқот ишларини қандай баҳолайсиз?
— Албатта, кенг миқёсда тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормай туриб, партиявий фаолиятда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаб бўлмайди. Шу боис ҳам ушбу йўналиш «Аёллар қаноти»нинг доимий диққат марказидадир. Жорий йилнинг ўтган даврида Бухоро, Когон шаҳарлари, шунингдек, Жондор, Вобкент, Шофиркон ва Пешку туманларида «Инсон муаммоларини ҳал қилиш — бош мақсадимиз», «Эзгулик — инсон зийнатидир», «Соғлом аёл — соғлом оила — соғлом жамият», «Маҳаллани оилавий бизнес марказига айлантиришда «Аёллар қаноти»нинг роли ва иштироки» сингари бир қатор мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда тарғибот масаласини жонлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирларда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилида партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари, либерал-демократик ғоялар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан атрофлича тушунтиришлар бериб борилаяпти. Бу жараёнга маҳаллий оммавий ахборот воситалари кенг жалб этилмоқда.Уларда парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятидан имкон борича фойдаланаяпмиз.
— Аёл ҳар қанча тадбиркор ва жамоат ишларида фаол бўлмасин, барибир оила бекаси бўлиб қолаверади. Шундай эмасми?
— Бу ҳар қандай аёлнинг бахти, албатта. Аммо айни пайтда ана шу бахт оила билан жамият ўртасидаги кўприкка ҳам айланаяптики, бундан фақат қувониш керак. Шунинг учун ҳам биз жорий йилнинг ўтган даврида Шофиркон, Fиждувон, Ромитан, Вобкент, Қоракўл ва Жондор туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида «Гўзаллик ва нафосат тимсоли — аёл», «Аёл қалби наволари», «Аёл билан олам мунаввар», «Иффатли келин», «Аёл ва жамият», «Иқтидорли қизлар» сингари бир-биридан мазмунли тадбирлар ўтказдикки, уларда оилаларда соғлом маънавий муҳитни барқарорлаштириш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Байрамларда ўтказилаётган тадбирларда ҳам жойлардаги партия ташкилотларимиз кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган юртдошларимизни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқдалар. Буларнинг бари партиямиз дастурий ғоялари ва Сайловолди платформасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ижросига қаратилгандир.
Обсудить новость на Форуме