15:46 26.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Ахборот хуружи йўлидаги мустаҳкам тўсиқ

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатимизда ахборот-коммуникация соҳасида олиб борилган изчил ислоҳотлар туфайли бугун 1294 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 160 га  яқини газета ва журналлардир. Бундан ташқари, мавжуд веб-сайтларнинг 30 фоиздан ортиғи болалар ва ёшлар мавзусини ёритишга ихтисослашганини ҳам таъкидлаш мумкин. Замонавий АКТ негизида  «ZiyoNET»  ёшлар ахборот портали, 2863 та ахборот-ресурс маркази ташкил этилгани, интернетдан фойдаланувчиларнинг сони 10 миллионга яқинлашгани ахборот ёшлар ҳаётида улкан аҳамият касб этаётганидан дарак бермоқда. Бироқ  глобаллашув жараёнида сиёсий, ғоявий ва ахлоқий  жиҳатдан бузғунчи кучлар интернет тармоғидан фойдаланиб,  ўзларининг геосиёсий, иқтисодий, диний, ирқий ва бошқа ғаразли манфаатлари йўлида агрессив ахборотларни тарқатиб, ҳали онги ва ҳаётий  қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни чалғитиш, улар қалбини эгаллаш йўлидаги интилишлари тобора кучли тус олаётгани натижасида миллий қадриятлар ҳамда ахлоқ қоидаларига хуруж қилинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳолатлар дунёдаги барча прогрессив жамоатчликни хавотир ва ташвишга солмоқда, десак муболаға бўлмайди. Шундай экан, носоғлом ахборот оқимидан ёшларни ҳимоялаш учун қандай ҳуқуқий механизмлар мавжуд, деган савол туғилади? Маълумки, БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясининг 32-моддасида боланинг соғлиги учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий ва ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиш борасида қонуний, маъмурий ва ижтимоий чоралар кўриш белгилаб қўйилган.Миллий қонунчилигимизда ҳам ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш механизмлари мавжуд. Хусусан, «Ўшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда Ўзбекистонда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, ҳаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар ман этилиши, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда эса порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болалар онгига зарарли таъсир кўрсатувчи ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш ҳамда фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгиланган. Аммо бугунги ахборот маконидаги тенденциялар, ахборот экспансияси, агрессив ахборотларнинг кучайиши миллий қонунчилигимизни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.                 Конференция иштирокчилари ҳам замонавий оммавий-коммуникация воситалари бизни глобал ахборот макони билан боғлаб, ахборотни олиш ва тарқатиш географиясини кенгайтирибгина қолмай, ахборот алмашинувини ҳам тезлаштирганини бежиз таъкидламадилар. Демак, миллий ахборот маконига чегара қўйиб бўлмаслигини назарда тутиб, ёш авлод соғлиги ва маънавий оламининг дахлсизлигини  таъминлайдиган, вайронкорлик ва бузғунчилик мазмунидаги ахборот оқимидан ҳимоялаш чора-тадбирларини янада кучайтириш лозим.Шу боис анжуманда халқаро амалиётда ахборот соҳасини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур таҳлил этиш асносида «Вояга етмаганларнинг соғлиги ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоялаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, ёшларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқларини тартибга солувчи қонун нормаларини янада такомиллаштириш заруратига тўхталиб, зарар келтирувчи ахборот турлари, ахборотни классификация қилиш, ахборот мазмуни ва уни жойлаштиришга талаблар, ёшларга мўлжалланган ахборотни экспертиза қилиш масалаларининг ҳуқуқий механизмларини яратиш ҳақида фикр билдирилди.Конференция иштирокчилари ахборот маконида глобаллашув ва кучли рақобат шароитида мафкуравий иммунитетни шакллантириш, ёш авлоднинг медиа саводхонлиги ва интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, миллий сегментни ривожлантириш, ёшларни ахборот-психологик хуружлардан ҳимоя қилиш технологияларининг назарий асосларини такомиллаштириш  юзасидан амалий аҳамиятга эга таклифларни илгари сурдилар. Маълумки, ёшлар асосан ахборот таъсири ва муҳитида дунёни кашф этади, мустақил ҳаётга тайёрланади. Ахборот ўзининг мазмуни ва хилма-хиллиги билан фарқланиб туради.  Бироқ у қандай бўлмасин ёшлар онги, кайфияти, ҳиссиётларига ижобий  ёки  салбий таъсир этувчи  воситадир. Интернет ва бошқа воситалар орқали ахборот тарқалишини тартибга солишда нафақат ваколатли давлат органлари, балки нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. 

Фахриддин СОЛИЕВ,Олий Мажлис Қонунчилик палатасидагиO`zLiDeP фракцияси аъзоси

“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме