11:00 29.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда соҳанинг аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатни хомашё билан таъминлашдаги аҳамияти тобора ўсиб бормоқда. Зеро, қишлоқ хўжалиги пахтани кайта ишлаш, ёғ-мой саноатларига хомашё етказиб бериши билан бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, кимё саноати, ва бошқа саноат тармоқлари маҳсулотлари учун кафолатли бозор бўлиб ҳам ҳисобланади. Шу жиҳатдан қишлоқ хўжалигининг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни ҳамда аҳамияти доимо юқори бўлиб келган.
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ахборотига кўра, 1990 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ўртача 0,2 га суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари тўғри келган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 0,15 гектарни ташкил қилди. 2030 йилда эса бугунги кундаги ер майдонлари ҳажми камаймаган тақдирда ҳам, фақат аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига аҳоли жон бошига 0,12га майдон тўғри келиши кутилмоқда. Бу келгусида ҳар бир қарич ердан самарали ва унумли фойдаланишни тақозо қилади.
Шу ўринда, ушбу мақсадлар учун йўналтирилаётган катта миқдордаги маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уларни мақсадли ишлатиш, замонавий технологиялар ва техникани жорий этиш борасидаги ишларни ҳам тартибга солиш масалалари алоҳида аҳамият касб этади. Жумладан, махсус давлат дастури доирасида 2008-2010 йилларда 371,3 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилди. 143,5 млрд.сўм 1615,4 км узунликда очиқ коллектор тармоқларини, 442 та мелиоратив қудуқларни, 27 та мелиоратив насос станциялар, мелиоратив объектлардаги 690 та турли гидроиншоотларни реконструкция қилиш ва қуришга йўналтирилди. Бу ишлар натижасида лойиҳалар ҳудудидаги 740 минг гектар майдонда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди ва барқарорлиги таъминланди.
Экинларни суғоришда сувни тежайдиган технологияларни кенг миқёсда қўллаш бўйича томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган майдонлар 5,0 минг гектарга етди. Томчилатиб суғоришни 2011 йилда қўшимча 2,0 минг гектар майдонда жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 774 гектарда амалга оширилди.
Тадбирда дунё миқёсида аграр муносабатлар доирасидаги вазият шиддат билан ўзгараётган, озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси ортиб бораётган, сув тошқини, қурғоқчилик каби табиат инжиқлари натижасида айрим мамлакатларда қишлоқ хўжалигига катта зарар етаётган, умуман олганда, дунё озиқ-овқат балансида бир қатор номутаносибликлар юзага келаётган бир шароитда мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи бугунги кундаги ислоҳотларнинг асосини ташкил қилиши лозимлиги таъкидланди.
Республика бўйича 1991 йилда аҳоли жон бошига сабзавот ишлаб чиқариш 138,6 килограммга тўғри келган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 225 килограммни ташкил қилган, мос равишда картошка етиштириш 15,1 килограммдан 60,5 килограммга, мева етиштириш 24 килограммдан 60,1 килограммга ошган.
Кейинги йилларда амалга оширилган тизимли тадбирлар натижасида 2010 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми 1 млрд АҚШ долларига етказилди.
Молия вазирлигининг ахборотига кўра, республика қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янги замонавий техника воситалари билан таъминлашга давлат томонидан катта эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, Молия вазирлиги ҳузурида “Қишлоқ хўжалигини техника билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғарма”си ташкил этилган бўлиб, жамғарма қишлоқ ишлаб чиқарувчиларини лизинг асосида техника билан таъминлашга маблағ ажратиб келмоқда.
Жумладан, 2010 йилда жамғарманинг молиявий кўмагида “Ўзқишлоқхўжалик-машлизинг” компанияси орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига лизинг асосида 1909 та қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилди ва шу мақсадларга жамғармадан 80.003,6 млн.сўм молиялаштирилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида эса лизинг асосида етказиб берилган 323 та техника учун Жамғарма томонидан 10.950,4 млн.сўмлик маблағ молиялаштирилган.
Мазкур маблағлар ҳисобига иш унуми юқори ҳамда моддий ресурсларни тежовчи “Клаас”, “Доминатор – 130” “Кейс” ва “ТТЗ” русумли ҳайдов, чопиқ, транспорт тракторлари ҳамда ўрим-йиғим комбайнлари харид қилинган.
Иқтисодиёт вазирлигининг ҳисоботига кўра, қабул қилинган қарорлар, ишлаб чиқилган дастурлар ва яратилган имтиёзлар натижасида бугунги кунда республикада 265 та гўштни396 та сутни ва 166 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари фаолият кўрсатиб, республикада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда озиқ-овқат саноатининг улуши 2010 йилда 12,6% ни ташкил этди.
Таҳлилларга кўра, 2010 йилда 547,8 минг тонна мева-сабзавот ва узум, 28,5 минг тонна гўшт, 412,5 минг тонна сут маҳсулотлари саноат усулида қайта ишланган.
Таъкидландики, республикада қайта ишлаш саноатини ривожлантиришда қўлга киритилган ютуқлар билан биргаликда бир қатор камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд .
Республика ҳудудларининг 23 та туманида гўшт, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган корхоналар мавжуд эмаслиги, қайта ишлаш корхоналари ва фермер хўжаликлари ўртасидаги шартномалар тўлиқ бажарилмаслиги, қайта ишлаш қувватлари хомашё базасига қараб бир текисда жойлашмаганлиги каби камчиликлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, иштирокчилар ўртасида кечган баҳс-мунозаралар давомида, соҳадаги ҳали қўлланилмаётган омилларни ишга тушириш долзарб масалага айланганлиги эътироф этилди.
Амалдаги “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Уруғчилик тўғрисида”ги “Карантин тўғрисида”ги қонунларни замон талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш зарурлиги ҳақида депутатлар томонидан фикрлар билдирилди.
Парламент эшитуви якунида мамлакатимизда давлат томонидан қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш борасидаги қўшимча амалий чоралар кўриш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича тегишли хулоса ва тавсиялар ҳамда Қўмита қарори қабул қилинди.
Обсудить новость на Форуме