22:15 09.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
“Агар мен депутат бўлсам...”
O’zLiDePнинг “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Агар мен депутат бўлсам...” кўрик-танловида 18 дан 30 ёшгача бўлган интеллектуал салоҳиятга эга ёшлар фаол иштирок этмоқдалар. Икки йил давомида кўплаб ёшлар эътиборини қозонган мазкур лойиҳанинг 2011 йилдаги натижаларига эътибор қаратсак, унда 10 минг нафарга яқин йигит-қиз қатнашганини кўрамиз. Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол, замонавий фикрлайдиган ана шу ёшларнинг қарийб 700 нафари партиянинг кадрлар захирасига олинди. “Агар мен депутат бўлсам...” кўрик-танловининг Навоий вилоят босқичи ҳам юқори савияда ташкил этилди. Ҳакамлар томонидан иштирокчиларнинг бўлажак депутат сифатидаги чиқишлари, партиявий вазифаларни қандай амалга ошириш, ишлаб чиқилаётган ҳуқуқий асослар аҳамияти, хорижий тилларни пухта ўзлаштириш, ўзи танлаган тадбиркорлик йўналиши бўйича бажарган ишларига алоҳида эътибор қаратилди.— Танловда қатнашаётган ҳар бир ёш келажагимиз бунёдкори, миллий парламентимизнинг бўлажак халқ ноибларидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Солиев. — Улар ўзларининг сайловолди платформаларидан келиб чиқиб, электорат билан бўладиган учрашувлардаги фикрлари, тарқатма материалларини тақдим қилдилар. Бу борадаги асосий талаблардан бири — электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг истиқболлари хусусида сўз юритилиши ҳамда соҳадаги мавжуд муаммоларни ечиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш лозим эди. Шунингдек, кўрик-танловда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда банк-молия муассасалари томонидан амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар, бизнес-режаларни молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари ҳамда кредитларни расмийлаштириш жараёнлари ҳақида ҳам “сайловчи”ларга батафсил маълумотлар берилди.O’zLiDeP вилоят кенгаши, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ҳудудий бўлинмаси ва Навоий Давлат педагогика институти профессор-ўқитувчиларидан иборат ҳакамлар ҳайъати номзодларнинг ҳар бир чиқишини холисона баҳолаб Навоий шаҳри, Кармана, Нурота, Хатирчи ҳамда Навбаҳор туманлари вакилларининг танловга пухта ҳозирлик кўрганларини эътироф этишди.Танлов якунига кўра, биринчи ўринни Навоий Давлат педагогика институти қошидаги 1-сон академик лицей ўқувчиси Элбек Сайфиев эгаллаган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар тегишли равишда Навоий шаҳар маданият ва санъат коллежи ўқувчиси Мастура Ҳамраева ва “Машҳура Ленд” ўқув маркази раҳбари Марям Аъзамовага насиб қилди.Ғолиблар кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмалар қўлга киритиш баробарида ташкилотчиларнинг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан ҳам тақдирландилар. — Кўрик-танловнинг асосий мақсади O’zLiDePнинг Сайловолди дастури (платформаси)да белгиланганидек, амалдаги қонунларнинг бажарилишини қийинлаштирадиган қонуности ҳужжатларини қисқартириш борасидаги масалаларни маҳаллий кенгашлар сессиялари кун тартибига олиб чиқиш амалиётини шакллантириш экани мени қизиқтиргани учун ҳам ушбу лойиҳада қатнашдим, — дейди “Машҳура Ленд” ўқув маркази раҳбари Марям Аъзамова. – Ўйлайманки, у давлат тузилмаларига юқори малакали, либерал-демократик дунёқараш ва замонавий билимларга эга бўлган ёшларнинг кириб келишига ёрдам беради. Чунки танлов иштирокчилари унинг шартларига мувофиқ ўз ижодий ишлари орқали депутатлик мақомининг ўзига хос ўрни ва тутган мавқеини эркин ифодалаб беришга тайёргарлик кўриш жараёнида кўплаб маълумотларни таҳлил қиладилар. Шунингдек, улар ҳудудни ривожлантириш борасидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ечимини топиш бўйича ўз фикрини баён этиши, жамият бошқарувида нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада кучайтириш борасидаги йўналишларни аниқ белгилаб олишлари керак.Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, кўрик-танловнинг 2012 йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган Республика босқичида Навоий вилоятининг кучли ёшлари иштирок этадиган бўлдилар.
Шуҳрат РАҲИМОВ, “XXI аsr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме