19:00 25.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АНИҚ ИШЛАР БИЛАНГИНА ИШОНЧ ҚОЗОНИШ МУМКИН

«Обод турмуш йили» Давлат дастуридан келиб чиқадиган партиявий вазифалар мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари асосида интеллектуал салоҳият ва мафкуравий иммунитетга эга бўлган навқирон авлодни тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшиш бугунги кунда ҳам O’zLiDeP фаоллари олдидаги энг долзарб вазифалардандир.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинаётган янги қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ёшлар ролини ошириш, депутатлик гуруҳлари билан улар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, тадбиркор ва фермерларнинг мавжуд имкониятлардан фойдаланишлари учун қулай шароит яратиш ниҳоятда муҳимдир. Шу ўринда касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини кичик бизнесга кенг жалб этиш масалалари ҳам долзарб эканини таъкидлаш жоиз. 

O’zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Азиз Ҳакимовнинг таъкидлашича, вилоятда ҳам бу борадаги ишлар изчил олиб борилаётир. Бўлим фаолиятида асосий эътибор партиявий лойиҳаларнинг йилдан-йилга самарасини кучайтиришга қаратилмоқда. Хусусан, «Ишбилармон талаба», «Диплом билан — бизнесга», «Агар мен депутат бўлсам...» лойиҳаларида иштирок этаётган ёшларга имтиёзли кредитлар олишда ёрдам кўрсатиляпти. «Ёшлар қаноти» саъй-ҳаракатлари натижасида «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Таьлим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлашга хизмат қиляпти. Бу йил унинг Бухоро вилоят босқичида 127 нафар ёшлар ўз бизнес-режаси билан иштирок этишди. Шу кунгача партия тадбирларида қатнашган ёш тадбиркорларга жами 2,5 миллиард сўмлик кредит ажратилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан салкам 3 бараварга кўпдир. Йил охиригача яна 7 миллиард сўм миқдорида кредит бериш кўзда тутилганини таъкидлаш жоиз. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, партиявий лойиҳаларда кредит олиш ҳуқуқини қўлга киритганларнинг 85 фоизи тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юбордилар. Бугун вилоятда O’zLiDeP аъзоларининг 46,6 фоизини ёшлар ташкил этаётгани эса O’zLiDeP сафи айнан янги авлод вакиллари билан мустаҳкамланаётганини кўрсатади, албатта. 

– Шу йил 12-13 июнь кунлари Нукус шаҳрида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги  билан ҳамкорликда  ташкил  этилган «Ўзбекистонда  давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар: тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик» мавзуидаги ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар анжуманида ҳам вилоятимиз ёшлари фаол иштирок этдилар, – дейди Азиз Ўакимов. – Улар республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ёш олимлар билан ўзаро тажриба алмашишди. Зеро, анжуманда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг  моҳияти ва аҳамияти хусусида илмий асосланган фикрлар атрофлича муҳокама қилинди. 

– Нукус анжуманида «Иқтисодий барқарорликни таъминлашда  тўғридан-тўғри инвестицияларнинг аҳамияти» мавзусидаги илмий мақола билан иштирок этдим, – дейди Бухоро муҳандислик-техника институти ўқитувчиси С.Норова.  – Зеро ҳозир иқтисодиётни  модернизациялаш, техник-технологик жиҳатдан янгилаш шароитида инвестицияларнинг ўрни беқиёсдир. Бинобарин, сармоя жалб этиш муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, бўш турган ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш имконини янада кучайтиради. Энг муҳими эса маҳаллий хом ашёдан импорт ўрнини босувчи юқори сифатли  экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришда рақобатбардошликни оширади. 

Президентимиз 2012 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ҳам фаол инвестиция сиёсати мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг энг муҳим шарти ва манбаи эканини алоҳида таъкидлаган эдилар. 

Бир сўз билан айтганда, Бухорода ҳам бошқа вилоятларда бўлганидек, O’zLiDePнинг муҳим бўғинига айланган «Ёшлар қаноти» фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, либерал-демократик ғояларнинг муҳим тарғиботчисига айланди. Шуҳрат РАҲИМОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 19 сентябрь, 38 (514)-сон 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме