20:00 24.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АМАЛИЙ МУЛОҚОТ АМАЛИЙ ИШЛАР УЧУН ЗАМИН ЯРАТАДИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамда Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Паркент туманида “Мева-сабзавот, узум маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари” мавзуида амалий мулоқот ўтказди. 

“Тадбиркорлар мулоқот форуми” партиявий лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган тадбирда депутатлар ва партия фаоллари, Савдо-саноат палатаси, Давлат божхона ва солиқ қўмиталари, “Ўзтадбиркорэкспорт” компанияси, “Ўзстандарт” агентлиги, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Тошкент вилояти ва Паркент тумани ҳокимликлари, фермерлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир Паркент тумани мисолида маҳаллий хомашё асосида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни, мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим вазифаси сифатида қишлоқ жойларда инфратузилмани, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни муҳокама этиш мақсадида ташкил этилди. 

Амалий мулоқотда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Б.Якубов сўзга чиқиб, Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аграр соҳа вакиллари учун яратилган шарт-шароитлар қишлоқ мулкдорлари қўлга киритаётган салмоқли ютуқларга асос бўлаётганини қайд этди.

- Аммо бутун дунёда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни изчил кўпайтириш, ҳудудларнинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантириш энг мақбул йўл эканини, бу ишлаб чиқарувчилар даромадини янада оширишга хизмат қилишини кўрсатаяпти, - деди Б.Якубов. - Тадбиркор ва фермерлар манфаатини ҳимоя қилаётган сиёсий куч сифатида ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан тузилган бош битим доирасида O‘zLiDeP бундан буён ҳам қишлоқ мулкдорларининг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш, улар асосида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, бу жараёнга мутасадди ташкилотларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратади. 

- Мамлакатимиз аграр секторида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги тармоғини диверсификациялаш, қишлоқда хусусий мулк ва ижара муносабатларига асосланган хўжалик юритишнинг янги шаклларини, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни жадал ривожлантиришни таъминламоқда, - деди тадбирда сўз олган Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази директори Акром Алимов. - Президентимизнинг мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ҳамда улар билан боғлиқ бошқа тармоқларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлашга қаратилган 30 дан зиёд фармон ва қарори, ҳукумат қарорлари тизимли ижро этилаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда. 

Бугунги кунда ер юзи аҳолисининг деярли 1/5 қисми озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишда қийинчиликка дуч келаётганини ҳисобга олсак, партия мамлакатимиз ҳудудларининг ишлаб чиқариш, саноат ва инвестицион салоҳиятини аниқлаш ва ишга солишни ўзининг муҳим вазифалари сирасига киритгани бежиз эмаслиги ойдинлашади. 

Паркент тумани фермерлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш борасида катта тажриба тўплаган. Тошкент вилоятида йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тараққий этгани Паркент туманида соҳа ривожи учун муҳим омил вазифасини ўтаётир. Хўжалик юритувчи субъектлар ҳудудни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида республикада ишлаб чиқарилмайдиган, олиб келинаётган товарлар ва ускуналар учун 2016 йил 1 январигача бўлган муддатга божхона тўловларидан озод этилгани эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, кўп тармоқли фермер хўжаликлари имкониятларини кенгайтиришда кучли рағбат бўлмоқда.

Амалий мулоқот чоғида “Паркент туманидаги кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва кўп тармоқли фермер хўжаликларининг қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришдаги реал имкониятлари”, “Озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти, унинг турларини кўпайтириш, Паркент туманида қайта ишлаш ва экспортни ошириш бўйича ҳудудий дастурни самарали ташкил қилиш ва ижро этиш масалалари”  мавзуларида маърузалар тингланди.

Тадбирда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ижроия аппарати гуруҳ раҳбари Тўхта Бозоров, Савдо-саноат палатасининг Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи Файзулла Маманов, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Жаҳонгир Мустафоев ҳам сўзга чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида яратилган шарт-шароитлар хусусида атрофлича маълумотлар бердилар. 

Хусусан, Ж.Мустафоев Юртбошимиз қарори асосида ташкил этилган янги жамғарма қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда фермерларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, хусусан, янги бозорлар топиш, лозим бўлса, экспорт жараёнида фермерларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.

– Ушбу тадбирнинг менга катта таассурот қолдирган жиҳати шундаки, мазкур йиғилиш орқали Юртбошимиз қарори асосида ташкил этилган янги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида аниқ ва кўпдан-кўп маълумотга эга бўлдим, - дейди “Айёмиддин Минҳожиддинов” фермер хўжалиги раҳбари Айёмиддин Минҳожиддинов. – Шуниси қувонарлики, мазкур жамғарма биз фермерларни не заҳматлар билан етиштирган маҳсулотлармизни жаҳон бозорига олиб чиқишимизда улкан кўмакчи вазифасини бажариши шубҳасиз. Айтиш керакки, бугун мамлакатимизда кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этиш, уларни тизимли равишда қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани тўкин-сочинлик, фаровонликка олиб келмоқда.  

– O‘zLiDePнинг Фермерлар кенгаши билан ҳамкорликдаги бугунги тадбири ишлаб чиқарувчилар билан хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, фермерлар фаолиятига тааллуқли бўлган қатор саволларга жавоб олиш орқали қишлоқда етакчи кучга айланган фермерлик ҳаракатиыни янада ривожлантиришга хизмат қилади ва бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиши муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман, - дейди Паркент туманидаги “Зилолий Боний орзуим боғи” фермер хўжалиги бошлиғи Акмал Одилов.Амалий мулоқот давомида фермерлик фаолиятимизда тўсиқ бўлаётган муаммолар, уларнинг ечими тўғрисида керакли хулосалар билдирилди. Айниқса, янги жамғарманинг ташкил этилгани ҳамда ташкилот тўғрисида иштирокчиларга етказилган маълумотлар биз фермер хўжалиги раҳбарларига катта қизиқиш уйғотганини мамнуният билан таъкидлаш лозим. Ушбу жамғарма республикамиз фермерларининг маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятини янада ошишига салмоқли ҳисса қўшади. Зеро, фермер учун манфаатдорлик — асосий мезондир.

Тадбир иштирокчиси, Зангиота туманидаги “Гулнора Наврўз Барака” фермер хўжалиги раҳбари Гулнора Одилбекова партиянинг озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва чуқур ишлов беришни таъминлаш, уларнинг турларини кенгайтириш, экспортини ривожлантириш мақсадида фермерлар ўртасида кооперация алоқаларини янада ривожлантириш борасида олиб бораётган ишларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Мулоқот давомида Паркент туманини ривожлантиришга доир тегишли дастурни ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинди. Дастурда фермерларнинг ўзи, фермерлар кенгашлари тармоқни ва умуман ҳудудни янада ривожлантиришда етакчи роль ўйнаши кўзда тутилиши лозим”,- деди Г.Одилбекова. 

Тадбирда кластерларни яратиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари сонини кўпайтириш, мамлакатимиз фермерлари ва олимлари, мутахассислари ўртасида кооперацияни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ёпиқ грунтда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, фермер хўжаликлари моддий базаси ва техник жиҳозланишини ҳамда тармоқдаги ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 

Ушбу амалий мулоқот якунида кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, соҳага янги мини-технологиялар, ноу-хауларни жорий этиш, маҳсулотларни саралаш ва қадоқлаш учун замонавий ускуналарни жалб қилиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилди.  Шунингдек, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди. Тадбир доирасида маҳсулотлар ва ускуналар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 
O‘zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме