17:00 07.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
АМАЛИЙ БИЛИМ ВА КЎНИКМАЛАРНИ МУСТАҲКАМЛАШГА ЭРИШАМИЗ
O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ҳазорасп қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида “Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожи соғлом ва обод турмушнинг муҳим шартидир” форуми доирасида “Лойиҳаларимиз ёшларга, тадбиркорларга ва ҳар бир оилага” шиори остида партиявий лойиҳалар тақдимотини ўтказди.
Унда давлатимиз раҳбарининг Конституция қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгиланган устувор йўналиш ва вазифалар ижросини таъминлаш, аграр соҳага ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг тадбиркорлик ва фермерлик соҳасидаги амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
- Янги йилнинг “Cоғлом бола йили” деб эълон қилиниши ёшлар, аёллар манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилотлар қатори O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” ҳамда “Аёллар қаноти” зиммасига ҳам катта масъулият юклайди, - деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси Ғ.Жуманиёзов. - Қолаверса, ёшларимиз, хотин-қизларимизни амалий ишларга сафарбар этиш, уларнинг сиёсий-иқтисодий билимларини ошириш, тадбиркорлик йўналишидаги интилишини қўллаб-қувватлаш бош вазифамиз ҳисобланади. Тақдимотлари ўтказилаётган лойиҳаларимиз ана шу вазифаларни ҳал этишга қаратилгани билан эътиборлидир.
Тадбир иштирокчилари партиянинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш, тарғибот ишларини кучайтириш, фермер хўжаликлари олдида турган вазифалар хусусида ҳам фикр алмашди.
Жумладан, O‘zLiDeP Ҳазорасп туман Кенгаши бош консультанти С.Яхшибоева жойларда ташкил этилган тадбирларда ўттиздан ортиқ фермер ва тадбиркорнинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этилгани партия ташкилотининг кенг қамровли фаолиятидан далолат эканини билдирди.
“Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз ижтимоий шерикчилик йўналишидаги фаолиятимизни жонлантириш билан бирга барча ёшдаги хотин-қизлар билан янада яқиндан алоқа ўрнатишда қўл келмоқда”, - деди С.Яхшибоева.
Ҳазорасп туман Фермерлар кенгаши раиси А.Раҳимовнинг сўзларига кўра, лойиҳалар доирасида тумандаги маҳаллалар ва касб-ҳунар коллежларида бир қатор тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида боғдорчилик, уруғчилик ва паррандачилик соҳалари билан шуғулланадиган оилавий тадбиркорларга микрокредитлар олиш учун амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилинади.
Учрашувда сўзга чиққан фермерлар эса битирувчиларни иш билан таъминлашга доир режалари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари томонидан батафсил жавоблар олди.
O‘zLiDeP Хоразм вилояти КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме