13:45 18.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
АЁЛЛАРГА ҚАНОТ БЎЛАЁТГАН O‘ZLIDEP ЛОЙИҲАЛАРИ
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан “Cоғлом бола йили”: – O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг лойиҳалари” мавзусида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фермерлар кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Республика Марказий банки ва қатор тижорат банклари вакиллари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раисларининг Аёллар масалалари бўйича ўринбосарлари, бўлим мудирлари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермер аёллар иштирок этдилар.
Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш O‘zLiDeP Дастуридаги устувор вазифалардан ҳисобланади. Мана шундай муҳим масалардан келиб чиқиб, тадбир давомида 2013 йилда “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар, партиявий лойиҳаларнинг натижалари, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлашда партиянинг иштироки ва фаолияти муҳокама қилинди.
“Аёллар қаноти”нинг асосий эътибори ҳам мазкур масалага қаратилган бўлиб, шу кунгача Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси, Савдо-саноат палатаси ва қатор етакчи тижорат банклари билан ҳамкорликда “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” партиявий лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда.
Юқоридаги лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад, оилавий тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали янги иш ўринларини яратишдан иборат. Қолаверса, лойиҳалар доирасида ишбилармонлик қобилиятига эга хотин-қизлар кашф этилиб, уларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишда партия амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Жумладан, бу йўналишларда ўтган 2013 йилда икки мингдан ортиқ давра суҳбати, учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этилиб, уларга 120 минг нафарга яқин хотин-қизлар жалб этилган.
– Мана бир неча йилдан буён “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акрамова. – Аёлларнинг ўзига бўлган ишончни орттириш, тадбиркорликка лаёқатли аёллар сонини кўпайтириш, уларни нафақат оилада фарзанд тарбияси билан, балки мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятида ўз ўрнига эга бўлишга эришиш мақсадидаги ушбу лойиҳа натижасида кредит олган тадбиркор аёллар ва улар томонидан яратилган янги иш ўринларининг сони тобора ортиб бормоқда.
Ўтган йили ушбу лойиҳа доирасида республика миқёсида 11404 нафар хотин-қиз иштирок этиб, улардан 180 нафарига 3 млрд. 888 млн. 70 минг сўм миқдорида кредит олиб беришга эришилди ва бунинг натижасида 650 та янги иш ўринлари яратилди.
Эътиборга молик лойиҳаларимиздан яна бири, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси бўлиб, бу борада ўтган 2013 йилда ҳудудларда 250 та турли тадбирлар амалга оширилди. Уларда 9 минг нафарга яқин хотин-қизлар қатнашди. Мазкур тадбирларда аёл саломатлиги, оила мустаҳкамлиги, қизларни эрта турмушга узатиш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисида атрофлича фикр-мулоҳазалар юритилиб, тегишли тавсиялар берилди, 850 нафар хотин-қизлар эса лойиҳа доирасида бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
– Меҳнаткаш, ўзининг пешона териси билан ризқ-рўзини топадиган инсонга фаолиятнинг тури, унинг оғир ёки енгилининг дахли йўқ, назаримда. Айтиш лозим бўлса, мен 18 йилдан буён хусусий балон ямаш устахонаси (вулканизация)да уста бўлиб ишлайман, – дейди Паркент туманидаги хусусий тадбиркор Зулҳумор Эрматова. – Юк ташиш машиналарининг балонларини ямаш, автомашиналарни майда таъмирлаш ишлари билан шуғулланаман. Айни пайтда 15 дан ортиқ шогирдларим вилоятимизнинг турли туманларида шу соҳада самарали меҳнат қилмоқдалар. Мана 3 йилдирки, бунга қўшимча равишда гиламдўзлик билан ҳам шуғулланяпман. Партия “Аёллар қаноти”нинг турли лойиҳаларида қатнашиб, сиёсий онгим ва тадбиркорлик борасидаги тажрибам ошди. Корхонамизда гиламдўз шогирдларим 60 нафардан ортиб, уларнинг 20 нафари коллеж битирувчиларидан иборат.
Тадбирда хотин-қизларнинг либерал-демократик ғоя ва маънавий дунёқарашини шакллантириш, жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, улар ўртасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш масалалари кўтарилди. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўз ишини кенгайтиришига мўлжалланган имтиёзли кредитлар миқдорини кўпайтириш юзасидан ҳам фикр билдирилди.
Тадбир давомида жорий йилда “Аёллар қаноти” томонидан O‘zLiDeP ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ўртасида тузилган Бош битим доирасида “Фермерлик ҳаракати – ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч” номли янги партиявий лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, “Аёллар қаноти” томонидан хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш соҳасида уларни илмий ишларга янада кенгроқ жалб этиш, инновацион технологияларни ривожлантириш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, партиянинг кадрлар захирасини сиёсий етук, Ватанга садоқатли фидойи, жамиятда ҳурмат ва эътибор қозонган аёллар билан тўлдиришга қаратилган “Замонавий аёл – бунёдкор етакчи” бундан ташқари, “Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори” каби лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
– Фермер хўжалигимиз 2012 йилдан буён фаолият кўрсатади, – дейди Янгийўл тумани “Дархон зиёси” фермер хўжалиги раҳбари Гулчеҳрахон Ашурова. – Хўжалигимиз 63 гектар экин ер майдонига эга бўлиб, ғалла ва сабзавот маҳсулотларини халқимизга етиштириб бермоқдамиз. Бу йил 48 гектар ерга ғалла, 10 гектарга эса сабзавот экинлари экдик. Коллеж битирувчилари орасидан фермерлик соҳасига қизиқадиган ёшларни иш билан таъминладик. Партия билан ҳамкорликда фаолият юритиб улкан ютуқларга эришдик ҳамда фермер хўжалигимизда Бошланғич партия ташкилоти туздик. “Аёллар қаноти”нинг бу йилги янги лойиҳаларида фаол иштирок этиб, кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этмоқчимиз ва бу билан ўз фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Мана шундай анжуманларнинг ўтказилиши эса, биз тадбиркорларни бошқа вилоятдаги ишбилармонлар билан фикр ва тажриба алмашиш имконини бермоқда.
Партия лойиҳалари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маиший турмуш тарзини янада яхшилашга, аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Бугун айнан мана шу лойиҳалар сабабли ўз ҳаёт тарзини ўзгартира олган ишбилармон, ижтимоий фаол опа-сингилларимиз мамлакатимизда олиб борилаётган кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнларининг бевосита иштирокчиларига айланмоқдалар.
Тадбир якунида O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” 2014 – “Соғлом бола йили”да ҳам ўз тадбиркорлигини бошламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган барча аёлларни партия лойиҳаларида фаол иштирок этишини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме