19:15 01.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АЁЛЛАР ТАДБИРКОРЛИГИНИНГ ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИГА ҲИССАСИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан “Оила ва жамият фаровонлигини оширишда аёллар тадбиркорлигининг роли” мавзуида амалий семинар ўтказилди. 

Унда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари, Хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партия фаоллари – тадбиркор ва фермер аёллар иштирок этди.

O‘zLiDeP Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлардан бири хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий, маънавий ва интеллектуал ўсишига кўмаклашиш, бандлик масалаларини ҳал қилиш, меҳнат шароитини яхшилаш, айниқса, энг чекка қишлоқ жойларда ҳам тадбиркорлик фаолиятига  жалб қилиш масалалари ҳисобланади.

Баҳс-мунозара ва савол-жавоблар тарзида ташкил этилган анжуманда 2013 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида “Аёллар қаноти” томонидан амалга оширилган ишлар, партиявий лойиҳаларнинг натижалари муҳокама қилинди. 

- Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада кучайтириш, уларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка, хусусан, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этиш, қишлоқ аёларининг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида ўтказилган “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”,  “Соғлом оила - мустаҳкам оила” лойиҳалари ўзининг амалий натижаларини берди, - деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акромова. - Масалан, O‘zLiDeP “Аёллар қаноти” томонидан шу давр мобайнида 1726 та давра суҳбати, учрашув ва семинар-тренинг ташкил этилиб, уларда 100 мингдан ортиқ хотин-қизнинг иштироки таъминланди. Биргина “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳаси доирасида ўтказилган семинарларда республика миқёсида 12 минг хотин-қиз иштирок этди, 180 нафар хотин-қиз ўз бизнесини йўлга қўйди. Натижада 356 та янги иш ўрни яратилди.   

Янгийўллик Раъно Бобоева “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳасида фаол қатнашиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллардан биридир. 

“Мен лойиҳада иштирок этиб, партия сертификати асосида банкдан 28 миллион сўм кредит олишга муваффақ бўлдим. Бунинг ҳисобига қуёнчиликка ихтисослашган фермер хўжалигимни янада кенгайтирдим. Олинган терилардан ҳунармандчилик маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйдик. Ҳозир оиламизнинг 6 аъзоси иш билан таъминланган. Эндиликда қуритилган қуён гўштини экспорт қилишни йўлга қўймоқчимиз. Бунда бизга Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жуда қўл келади”, - деди Р.Бобоева.

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Қайс-гилам тўқиш” корхонаси раҳбари Зулхумор Эрматова Президентимизнинг бу қарори кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Унинг билдиришича, айни пайтда “Қайс-гилам тўқиш” корхонасида меҳнат қилаётган 80 ишчининг 20 нафари коллеж битирувчиларидир. Ҳозирги кунда корхона маҳсулотлари Канада, Германия, Жанубий Корея, Австралия каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Семинарда таъкидланганидек, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги каби қонун ҳужжатлари асосида мамлакатимизда бизнесни юритиш билан боғлиқ барча жараёнларни янада эркинлаштириш, соддалаштириш, арзонлаштириш ва ошкоралигини таъминлашга қаратилган комплекс дастур қабул қилинди. Бу дастурнинг амалга оширилиши нафақат тадбиркорлар, балки бутун мамлакатимиз фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатади. 

Тадбир доирасида “Аёллар қаноти” лойиҳалари орқали кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме