17:45 05.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АЁЛЛАР ТАДБИРКОРЛИГИГА КЕНГ ЙЎЛ

O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Тадбиркор аёл” уюшмаси,  вилоят хотин-қизлар қўмитаси, банклар билан ҳамкорликда “Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш омиллари, муаммолар ва унинг ечимлари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди. 

Тадбирда кичик бизнес ва оилавий  корхоналарда раҳбарлик қилаётган аёллар иштирокида тадбиркорлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ аёллари тадбиркорлигининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

– Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш асосий омиллардан бири ҳисобланади, – деди O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Феруза Бобомуродова. – “Обод турмуш йили” Давлат дастурида ҳам шу масалаларни ҳал этишга жуда катта эътибор қаратилган. O‘zLiDeP Дастурида эса партия аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятидаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратиши белгилаб қўйилган

“Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бошқармаси раиси Г.Юсупованинг сўзларига кўра, бу ташкилотнинг асосий мақсадларидан бири Ўзбекистонда замонавий тадбиркор аёл имиджини яратиш, хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашишдан иборатдир. Ҳеч шубҳасиз, тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатувчи амалдаги қонунлар бу борада муҳим аҳамият касб этади. 2012 йилда қабул қилинган “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун ана шундай муҳим ҳужжатлардан биридир. 

Семинар-тренинг давомида ҳам ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган истиқболли вазифалар, тадбиркор аёллар учун белгиланган имтиёз ва енгилликлар бўйича атрофлича фикр алмашилди. Тадбир чоғида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда нодавлат нотижорат ташкилотлар роли, давлат корхона-ташкилотлари ва ННТлар  ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, банк, молия ва солиқ муассасаларининг соҳани ривожлантиришдаги  ўрни ва бошқа масалалар юзасидан ҳам ўринли фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тадбирда иштирок этган ғиждувонлик тадбиркор аёл, O‘zLiDeP аъзоси Саодат Тошева истиқлол йилларида яратилган имкониятлар ўзи сингари оддий ўзбек хотин-қизларининг янги қирраларини кашф этганини таъкидлади. 
- Биз оила аъзоларимиз билан бирга 3 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш имконига эга бўлдик. Тикувчиликка ихтисослашган “Саодат лобарлари”, мебель жиҳозлари тайёрланаётган “Муҳаммад Ризо”, новвойлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланувчи “Ғулом Қодир шаҳзода” хусусий корхоналарида бугунги кунда 60 нафарга яқин хотин-қиз иш билан таъминланган. Бугунги семинарда қатнашиб бундай тадбирларда олинадиган билим ва маълумотлар ишимиз ривожи учун ўта зурар эканига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим”, - дейди С.Тошева. 

Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олди. 
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме