15:45 19.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

АЁЛЛАР ТАДБИРКОРЛИГИ – ЖАМИЯТДА ИЖТИМОИЙ БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ЭНГ МУҲИМ ОМИЛЛАРИДАН БИРИ

Тошкент шаҳрида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Хотин-қизлар тадбиркорлиги – жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, партия фракцияси, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Ижтимоий тадқиқотлар институти, Тошкент давлат юридик университети, шунингдек, бошқа олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. 

Тадбир доирасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятдаги ролини ошириш ҳамда жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашилди. 

“Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган анжуман мустақиллигимизнинг 22 йиллиги ва мамлакатимиз Конституциясининг 21 йиллигига бағишланди. 

Конституциявий меъёрлар асосида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан яхлит қўллаб-қувватлаш, ривожланган қонунчилик базаси, тадбиркорлик субъектларининг кафолатлари ҳамда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизими яратилди.

- Мустақиллигимиз арафасидаёқ давлатимиз раҳбари мулк ва мулкий муносабатлар ҳақидаги масала мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий тизими учун асосий аҳамиятга эга эканини қайд этганини таъкидламоқчиман, - деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Робахон Абдурасулова. 

Шу боис, анжуманда қайд этилганидек, O‘zLiDeP ва унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида соҳага оид қабул қилинган энг муҳим қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Жумладан, ўтган йили “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун қабул қилинди. У мулк ҳуқуқининг ҳуқуқий тартибга солиниши ва ҳимоясини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди, хусусийлаштириш натижаларини, хусусий мулк дахлсизлигини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилишни ман этишни белгилади. 

Шунингдек, оилавий тадбиркорлик, тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат берувчи тартиб-таомиллар, хусусий банк ва молиявий институтлар, улар фаолияти кафолатлари, рақобат тўғрисидаги қонунлар, қолаверса, Концепция меъёрларини ижро этиш ва ривожлантириш мақсадида жами 30 дан зиёд қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Улар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун энг қулай шароитларни шакллантириш, улар манфаатлари ишончли ҳимояси ва фаолияти кафолатларини таъминлаш, мазкур соҳани ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, кредитлаш, давлат буюртмаларини олиш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш учун янги имтиёзлар тақдим этиш, уларнинг рақобатбардошлиги ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга қаратилган.

- Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш O‘zLiDePнинг устувор дастурий вазифасидир, - деди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари М.Акромова. - Иқтисодиётнинг энг муҳим тузилмавий сектори бўлган кичик бизнеснинг ички бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдириш, иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш ва диверсификациялаш, аҳоли, аввало, аёллар бандлигини ва аҳоли даромадлари ўсишини таъминлаш, ҳамюртларимизнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишдаги алоҳида ролини кўрамиз. 

Ҳозирги вақтда O‘zLiDeP бу борада “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Мулкдор оила”, “Фермерлик ҳаракати – қишлоқдаги реал мулкдорлар синфи” каби 10 дан ортиқ партиявий лойиҳани амалга оширмоқда. Бу лойиҳалар, хусусан, ишбилармон аёллар сонини ошириш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги ва бу орқали иш ўринлари яратишдаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган. 

Биргина 2013 йилнинг ўтган тўққиз ойида “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага” лойиҳасида республика миқёсида 11 мингдан ортиқ аёл иштирок этди, 180 нафар хотин-қизга 3 млрд. 888 млн. 70 минг сўм кредит ажратилди, натижада 356 нафар хотин-қиз янги иш ўринларига эга бўлди. 

Қайд этиш керакки, бугунги конференцияда юртимиз олий ўқув юртлари олимлари, тадқиқотчиларидан жами 80 дан ортиқ илмий мақола тақдим қилинди ва тадбир иштирокчилари илмий ишлар юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Анжуман иштирокчилари эътироф этганидек, мустақилликнинг дастлабки йилларида янги бозор иқтисодиёти асослари яратилиб, бозор иқтисодий муносабатлари механизми йўлга қўйилди. Хусусий мулк тикланиб, унга ишончли конституциявий кафолатлар таъминланди. Натижада кўп укладли иқтисодиёт ҳамда тадбиркор мулкдорларнинг янги синфи шаклланди. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва мулкни ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлган ушбу синф охир-оқибат умуман мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашдан ҳаммадан кўп манфаатдор. Бу эса иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт, жамиятнинг фаровонлик ва демократия сари барқарор ва далил илдамлашининг мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Айнан ўрта синф мулкдорлари шаклланаётган фуқаролик жамиятининг негизидир. 

- Ўзбекистонда тарихан қисқа давр ичида барча асосий тармоқларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхоналарининг кенг доираси, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишининг яхлит ва самарали тизими шаклланди, - дейди “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари, иқтисод фанлари доктори Нигина Раҳимова. - Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, иқтисодиёт самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишда энг муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу қўллаб-қувватлашлар натижасида мамлакатимиздаги хўжалик юритувчи барча субъектларнинг 90%дан зиёдини айнан кичик ва хусусий бизнес корхоналари ташкил этишини алоҳида таъкидлаш лозим. Агар 90-чи йиллар бошида уларнинг ЯИМдаги улуши атиги 1,5%ни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 54 фоиздан ортиқдир.

Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги, хусусан, энг мақбул ишбилармонлик муҳитини яратиш соҳасидаги ютуқлари Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молиявий институтлар ва бошқа халқаро тузилмалар томонидан эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молиявий корпорациянинг таъкидлашича, 2013 йилда Ўзбекистоннинг бизнесни юритиш бўйича рейтинги 10 та бандга юксалди.

Ўзбекистон Миллий университети катта тадқиқотчиси Умида Темирова юртимизда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, социал ва иқтисодий ҳаётидаги тенг ҳуқуқли иштироки учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилган 80 дан зиёд меъёрий ҳужжат қабул қилинганини билдирди. 

“Биргина “Обод турмуш йили” Давлат дастуридаги 86 банднинг 28 таси аёллар роли ва ижтимоий мавқеини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, иқтидорлари ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилишга қаратилган”, - деди тадқиқотчи.

Натижа кутилгандек бўлмоқда, яъни бугун қарийб 40% кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари аёллар томонидан бошқарилади. Улар иқтисодиётнинг, хусусий тадбиркорликнинг деярли барча соҳаларида фаолият юритмоқда. Қайд этиш лозимки, иқтисодиёт ва таълим, маданият, илм-фан ва соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳаларнинг муҳим тармоқларида меҳнат қилаётганларнинг аксарияти, яъни 74-75 %и аёллардир. Фермер аёллар сони эса  1500 дан ортиқдир. 

Агар мамлакатимиз иқтисодиётида яратилаётган янги иш ўринларининг 60%дан зиёди кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушига тўғри келишини ва мазкур соҳада мамлакатимиздаги банд аҳолининг 75%дан ортиғи фаолият юритишини ҳисобга олсак, аёлларимизнинг ушбу жуда муҳим ижтимоий, иқтисодий вазифаларни ҳал этишдаги ролини тасаввур қилиш қийин эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар қандай иш – бу аёлларимизнинг фаол турмуш тарзи, мустақиллигининг биринчи шартидир.

- “Аёллар қаноти”нинг устувор вазифаларидан бири Ўзбекистонда нафақат аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, балки улар фаолиятига халақит бераётган айрим муаммоли масалаларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат, - дейди O‘zLiDeP Избоскан туман Кенгаши аппарат раҳбари Сурайё Муҳамедиева. - Партиянинг бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликдаги фаолиятида ҳам бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги олима аёллар билан уюштирилган мулоқот эса ана шу фаолиятимизни янада жонлантиришга хизмат қилади.  

Анжуман давомида нодавлат нотижорат ташкилотлар, бошқа фуқаролик жамияти институтларининг давлат ижтимоий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, нодавлат ижтимоий дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ташаббусларни илгари суриш, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги ва аёллар ҳаракатини ривожлантиришдаги иштироки масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди. Жумладан, жамоат бирлашмалари, ННТларнинг жамиятдаги ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришдаги роли алоҳида қайд этилди. 

Тадбир иштирокчилари шуъбаларга бўлинган ҳолда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бизнеснинг ижтимоий масъуллиги, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли каби долзарб масалалар бўйича қизғин баҳс-мунозараларни давом эттирди.   

Анжуманда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, жумладан, аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, унинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш O‘zLiDePнинг устувор вазифалари қаторида қолмоқда. Партия фикрича,  тадбиркорлар ва ишбилармонлар фаолияти ялпи ички маҳсулот ҳажмида етакчи ўрин эгаллаши, фуқаролар фаровонлигини оширишнинг асосий манбаига айланиши зарур.  

Бир сўз билан айтганда, аёллар тадбиркорлиги масалаларига бағишланган навбатдаги анжуман ҳам O‘zLiDePнинг ўз фаолиятини яна бир бор таҳлил этиш ва келгуси вазифаларни белгилашга хизмат қилди. 

Анжуман якунида O‘zLiDePнинг бу йўналишлардаги фаолиятини жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. 
O‘zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме