11:15 19.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
“АЁЛЛАР ҚАНОТИ”НИНГ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРИ
Олмалиқ шаҳрида O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши “Аёллар қаноти” ҳамда O’zLiDeP Олмалиқ шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида “Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги мавқеини оширишда “Аёллар қаноти”нинг устувор вазифалари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Давра суҳбатида мамлакатимизда хотин-қизлар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, касаначилик, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда оилавий бизнесни ривожлантиришга жиддий аҳамият берилаётгани эътироф этилди. O’zLiDeP Дастурида партия аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва тадбиркорлик фаолиятидаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор қаратиши белгилангани, шу боис “Аёллар қаноти” бу йўналишдаги ишларни янада фаоллаштириши лозимлигини даврнинг ўзи талаб этаётгани таъкидланди. – Жорий йилда партия оилани янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оиладаги ва жамиятдаги ролини ошириш, бандликни, айниқса, қишлоқ жойларида таъминлаш, аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларга кредит ажратишга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишга устувор аҳамият қаратади, – дейди O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири М.Жамолиддинова. – “Обод турмуш йили”да “Аёллар қаноти” томонидан “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Аҳолининг юксак ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онги – ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти асоси” каби лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, “Энг илғор тадбиркор аёл” ҳудудий танловларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Тадбирда хотин-қизларнинг либерал-демократик ғоя ва маънавий дунёқарашини шакллантириш, жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, улар ўртасида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш масалалари кўтарилди. Ушбу масалалар қаторида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва ўз ишини кенгайтиришига мўлжалланган имтиёзли кредитлар миқдорини кўпайтириш юзасидан ҳам фикр билдирилди. – Партия Олмалиқ шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ННТлар билан самарали ҳамкорликни кенг йўлга қўйган, – дейди “Аёллар қаноти” гуруҳи ва “Билим бисёр” ўқув маркази раҳбари Зулфия Усмонова. – Қувонарлиси шуки, сафимизга фаол жамоатчи аёлларни жамлаб, ёш қизларни истиқболли захира кадр сифатида тайёрламоқдамиз. Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам қатнашиб, қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди. Улар депутат аёллар билан мунтазам учрашувлар ҳамда аёлларда лидерлик қобилиятини шакллантиришга қаратилган тадбирлар ташкил этиш, партиянинг лидер аёллар захирасини яратиш борасидаги таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Тадбир якунида партия сафига қабул қилинган 10 кишига партия гувоҳномалари топширилди. Партиянинг фаол аёллари O’zLiDeP шаҳар Кенгашининг фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари билан тақдирланди. Тадбир доирасида вилоятнинг тадбиркор, касаначи ва ҳунарманд хотин-қизлари тайёрлаган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
O’zLiDeP Тошкент вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме